Линклар

Тожикистонда хавфсизлик хизмати бошлиқлари ишдан олинди


Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасидан қочган 25 маҳбус орасида президент Рахмоннинг ашаддий рақиблари борлиги айтилмоқда.

Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасидан қочган 25 маҳбус орасида президент Рахмоннинг ашаддий рақиблари борлиги айтилмоқда.


Тожикистон президенти 11 йилдан бери Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимини эгаллаб келган Хайриддин Абдураҳимов ва унинг уч нафар ўринбосарини ишдан бўшатди.

Имомали Раҳмон Абдураҳимовнинг ўрнига Саймўмин Ятимовни Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси этиб тайинлади.

Тожикистоннинг Европа Иттифоқидаги элчиси бўлиб ишлаган собиқ дипломат Саймўмин Ятимов сўнгги беш йил давомида Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Қўмита раҳбарларининг ишдан бўшатилишига 22 август куни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган 25 нафар маҳбус беш соқчини ўлдириб, Душанбедаги Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан қочгани сабаб бўлди.

Давлат тўнтаришини ясашга уриниш, терроризм ва гиёҳванд моддалар контрабандасига оид айблар билан қамалган шахслар қамоқхона нозирларининг қуролларини ўзлари билан олиб кетган. Ҳозирда қамоқдан қочганларнинг аксари қидирилмоқда.

2 сентябр куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Муҳаммаджон Назриев Озодлик мухбирига маҳбусларнинг қочишини уюштирган шахслардан бири қўлга олинганини маълум қилди.

- Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан маҳбуслар қочишини уюштирганлардан бири, Тожикистоннинг Хатлон вилояти Жалолиддин Румий туманида 1974 йилда туғилган, энг хавфли жиноятчилардан бири Иброҳим Насриддинов қўлга олинди. Ундан топилган тўппонча ва граната мусодара қилинди, - деди Ички ишлар вазирлиги расмийси.

Назриевга кўра, қамоқдан қочган маҳбуслардан яна бири яширингани тахмин қилинган Чуқайша қишлоғидаги уйларни тинтувдан ўтказиш учун у ерга Ички ишлар вазирлигининг 200 нафар ходими жўнатилган.

Адлия вазирлигининг қамоқхоналар бўйича бўлими матбуот вакили Парвина Ализода Озодлик мухбири билан суҳбатда, маҳбусларнинг ҳибсдан қочиши билан боғлиқ қатор саволлар очиқ қолаётганини айтди. Масалан, ўша куни Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги 90 маҳбусни атиги уч нафар нозир назорат қилган.

Тожикистон хавфсизлик тизимидаги расмийлар Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги маҳбуслар қандай қилиб қочишга муваффақ бўлганини изоҳлашдан бош тортмоқда. Улар буни тергов, қидирув жараёнига путур етказиши мумкинлиги билан изоҳлади.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчи Хуршид Атоулло 25 нафар маҳбуснинг қаттиқ қўриқланадиган изолятордан қочгани ортида бошқа сабаблар бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Бу воқеа ҳам шахсий, ҳам расмий мақомини ошириш учун олиб борилган бир курашга ўхшайди. Менимча, косанинг тагида нимкосаси бор, балки бу иш умуман очилмай қолар. Шунинг учун ҳам бу қандайдир шахсиятлар ва идоралар ўртасидаги рақобатга ўхшайди,- дейди тожикистонлик мустақил таҳлилчи Хуршид Атаулло.
XS
SM
MD
LG