Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:18

Ўзбек домкоми "одамзод дўсти" эмас


Немис қонуни шовқин қилган болаларни ҳимоя қилади, Ўзбекистонда эса...
Немис қонуни шовқин қилган болаларни ҳимоя қилади, Ўзбекистонда эса...

Тошкентлик 4 яшар Женя арча бутоғини синдириб қўйгани учун жиноий жавобгарликка тортилишига сал қолди. Бунга табиатни севган домком Флориана Искандарованинг аризаси сабаб бўлди.


Тошкентлик домком "тўрт яшар бола жиноий жавобгарликка тортилсин", деб ариза ëзди.

Тошкентдаги кўп қаватли турар-жой уйларида яшовчиларни назорат қилиш домком, подъездком, деган нозирлар тарафидан амалга оширилади.

Совет пайтидан келаëтган бу анъана бугунги Ўзбекистон шароитида одамлар юриш-туришини назорат қилишнинг самарали воситасига айланган кўринади.

Ўзбекистонда масжидга қатнаëтган болалар назорат қилинаëтгани ҳақида илгари гапирган эдик. Тошкентнинг "Бошлиқ" мавзесида эса, тўрт яшар болани дарахт шохини синдирганликда айблаб, "ëмон болалар" рўйхатига тиркашди.

"Бриллиантли қўл" филмидаги "домком" аëлнинг "ҳушëр"лиги кулгили оқибатларга олиб келган бўлса, Тошкентнинг "Бошлиқ" маҳалласидаги домком талаби ҳам мутоибага сабаб бўлди.

Бу ҳазиломуз воқеа Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари масаласи ўрганишга лойиқ мавзу эканини кўрсатди.

Ҳамма гап кўп қаватли уй ҳовлисига экилган арча бутоғини тўрт яшар Женя синдириб қўйганидан кейин бошланди.

Женянинг онасига кўра, арчани болалар майдончасига экиш ташаббускори 27 уй домкоми Искандарова Флориана тўполончи болани жазолаш учун милиция чақиради. Милиция эса, табиатни ҳимоя қилиш идорасидан комиссия чақиради. Табиатни ҳимоя қилиш идорасидан келган савлатли комиссия ҳақиқатдан ҳам арча дарахтининг бир бутоғи синдирилгани борасида акт тузиб милиция қўлига беради.

Милиционерлар аввалига тўполончи Женяни яхшилаб тергаб, кейин арчага зарар етказилгани ҳақидаги ҳужжатни кўтариб вояга етмаганлар инспекциясига топширишди.

27 уй домкоми Искандарова хоним эса, тўрт яшар болани жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда.

Искандарова 4 яшар болани жиноий жавобгарликкка тортамиз, деб маҳалла комиссиясига ҳам мурожат қилганида маҳалла фаоллари ҳайратдан донг қотишди.

- 16 яшар бўлганда ҳам майли эди. 14 яшар бўлганда ҳам майли эди учëтга олиб қўйсангиз. 4 яшар болага қанақа жиноий иш кўриш мумкин? Тўрт яшар бола устидан ариза ëзганида мен шок бўлиб қолдим. Бунақаси бўлмаган,- дейди маҳалла комиссияси фаоли.

"Бошлиқ "маҳалласи фаоллари бундай талабнинг қонунга зид ва кулгили эканини бу хонимга тушунтиришга ҳаракат қилишди.

- Биласизку ëш бола. Ëш бола шўхлик қилади. Кичкина. Уларнинг домкоми бор. Искандарова Флориана, деган аëл. Улар энди шўхлик қилиб тўполон қилгандирда. Бола болалигини қилгандан кейин 4 яшар бола нимани билади? “Унақа қилмагин, бунақа қилмагин”, деб урушиб қўйсангиз, нима қилади тўғрими? Шунақа нима қилмасдан, у ëзув-чизув қила бошлади. “Боласи мана бундай. Уни учëтга олиб қўйинглар. Уни интернатга топшириб юбориш керак”, деган гаплар бўлди. Ундан кейин оқсоқолимиз бу ëққа чақиртирди иккаловини ҳам. Чақиртириб, суҳбатлашдилар икки тарафлама гаплашиб, унга ҳам тушунтирилди, бунга ҳам тушунтирилди. Огоҳлантириш берилиши керак эди. Энди “Ўғлингни назорат қилиб тургин. Унақа қилмасин”, дейишди. Болага қанақа чора кўра оласиз? Кичкинаку ҳали. Тўрт яшар болани ҳеч ким рўйхатга қўймайди. Участковойларим ҳам гаплашди улар билан. Аризачи билан ҳам гаплашди, боланинг онаси билан ҳам гаплашди. Кичкина бола битта шохчасини синдирган бўлиши ҳам мумкин. Бизларга қоронғи бу нарса. У катта арчани қанақасига синдиради? Тикани бор, қўлига кириб кетиши бор. Арчани тортишга ҳам кучи етмайди унинг. Даже синдиришга ҳам бундай қарасангиз,- дейди маҳалла фаолларидан бири.

Маҳалла фаоллари арчани синдирган боланинг онаси айтган гапларни ҳам диққат билан эшитишди.

- Юля энди онада минг қилса ҳам. “Нимага менинг тўрт яшар боламнинг устидан бу жиноят қўзғатмоқчи? Калласи ишлайдими? Ўзининг ҳам невараси борку. Ҳар битта бола шўхлик қилиши мумкинку. Мен тўрт яшар болага нима қила оламан? Тўғри урушаман она бўлиб. Уни қилмагин, буни қилмагин деб айтдим. Бола болаку. Қанақа чора кўриш мумкин тўрт яшар болага? Унақа закон йўқ” деяпти,- дейди маҳалла фаолларидан бири.

Озодлик мухбири ҳамма тўполонни бошлаб берган тўрт яшар Женя билан ҳам гаплашмоқчи бўлди. "Ҳозир Женя ухлаяпти. Ҳозир бизда тихий час. Режим бу режим", деди унинг онаси Юлия.

Табиат ва яшиллика зиëн етказган тўполончи бола сифатида туман ички ишлар бўлими вояга етмаганлар инспекцияси рўйхатида турган Женя ширин уйқуда экан, биз бу ҳолат келтириб чиқарган саволларни мушоҳада қилдик.

Совет пайтида лойиҳаланган "Бошлиқ" мавзесидаги кўп қаватли турар жойлар олдида болалар ўйингоҳлари бўлгич эди.

Бу ўйингоҳлар саҳнига арча экиб боғ қилиниши қанчалик тўғри? Кўп ҳолларда бу майдончалар машиналарни қўядиган жойга айлантирилган.

Иккинчи савол тўрт яшар норасиданинг ҳатти-ҳаракатини бунчалик жиддий тафтиш қилишга ҳақимиз борми?

Бу савол жавобини нафақат Тошкентдаги балки Германиядаги ҳуқуқшунослар излаб бир тўхтамга келишди.

“Болалар шовқин қилди”, деб маҳкамага шикоят қилган немис фуқаролари аризасига Берлин Брандербург ҳукумати бир қонун билан жавоб берди. 2010 йил 17 февралдаги қонунига кўра, шовқин қилган болалар устидан маҳкамага арз қилиш мумкин эмас. Қонуннинг 6-моддасида болалар шовқини улар ривожининг узлуксиз қисми экани айтилиб, “болалар истаганича шовқин қилаверсин”, дейилади. Уларнинг шовқини дарë шовуллаши, булбул сайраши каби табиатнинг узвий қисми, дея малакаланди.

Бу энди Тошкентдан 6000 километр узоқдаги Германия қонуни.

Ўзбекистон ҳам ҳар ҳолда болалар ҳуқуқлари ҳақидаги конвенцияни эътироф қилган.

Бизда эса, қонун эмас домкомлар истаги устувор, дейди арча бутоғини синдиргани учун боласи хатга тушган Женянинг онаси.

“Бриллиантли қўл” филми қаҳрамони “Домком одамзоднинг дўстидир”, дейди. Женянинг онаси эса “Домком болалар душмани”, деган хулосага келганини айтади.
XS
SM
MD
LG