Линклар

logo-print

Ўзбекларга берилган қочқинлик мақоми олиб қўйилиши мумкин


Қозоғистонда қочқин мақомини олиб, учинчи давлатга кетишини кутаётган ўзбекистонлик қочқинлар устида қора булутлар пайдо бўлган кўринади.

Қозоғистонда қочқин мақомини олиб, учинчи давлатга кетишини кутаётган ўзбекистонлик қочқинлар устида қора булутлар пайдо бўлган кўринади.

БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси учинчи давлатдан бошпана топиш ниятида Қозоғистонда вақтинча яшаб келаётган ўзбек қочқинларининг кўпига берилган қочқинлик мақоми қайта кўриб чиқилиши лозимлигини эълон қилди. Бундан хабар топган ўзбек қочқинлари ўз тақдирларидан ташвишланмоқда.


Олмаотада яшаётган ўзбекистонлик қочқинлардан бирининг Озодликка айтишича, учинчи давлатдан бошпана топиш ниятида Қозоғистонда вақтинча яшаётган кўплаб ўзбекларга берилган қочқинлик мақомининг қайта кўриб чиқилиши ҳақида БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси ходимларининг ўзлари маълум қилган.

- Битта аёлни чақирган УВКБ ООН нинг ходими. Айтганки, биз направо-налево статуслар бериб ташлаган эканмиз, энди ҳозир ҳамманинг ишини қайта кўриб чиқаяпмиз, сизнинг ишингизни ҳам кўриб чиқамиз. Сиздан статусни олиб қўйишимиз ҳам мумкин. Агар статусни олиб қўйсак, агар Қозоғистон сизни Ўзбекистонга бериб юборишни ҳохлаб қолса, биз сизга ҳеч қандай ёрдам беролмаймиз, деб айтишибди-да шу аёлга,- дейди Олмаотадаги ўзбек қочқини.

Бу хабардан Қозоғистондаги кўплаб ўзбек қочқинлари қаттиқ хавотирга тушиб қолди, дейди суҳбатдошимиз. Уларнинг кўпчилиги БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси уларни қочқинлик мақомомидан маҳрум қилган тақдирда, Ўзбекистонга қайтариб юборилишлари бу хавотирларнинг асосий сабабидир.

Унинг айтишича, БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси ўзбек қочқинларига берилган қочқинлик мақомини қайта кўриб чиқиш сабабларини аниқ изоҳламаган.

- Ҳозир қочқинлар ёмон аҳволга тушиб қолган-да. Вазият ҳозир жуда оғирлашган. Чунки ҳозир реално қочқинларни ҳуқуқини ҳимоя қиладиган ҳеч бир киши қолмади. Биз адашиб берганмиз, деяпти-да. Айтмаяпти сабабини, нега унақа қилаётганини,- дейди ўзбек қочқини.

Эслатиш жоиз, жорий йилнинг 9 июнидан то 11 июнига қадар Олмаотада 30 нафар ўзбекистонлик қочқин қозоқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинганди. Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги бу 30 кишини оғир жиноятлар содир этганликда айблаб, Қозоғистондан уларни Ўзбекистонга қайтаришни сўраган.

Ҳозирда бу қочқинлар Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Ҳибсхонадаги ўзбек қочқинлари устидан ўтказилаётган тергов муддати, аввал хабар қилинганидек, 9 сентябр куни тугаши кутилмоқда.

Бу қочқинлар қўлга олинганидан сўнг август ойи ўрталарида Олмаотага БМТнинг қочқинлар иши бўйича Женевадаги қароргоҳи вакили ташриф буюриб, 30 қочқин масаласини ҳал этиш бўйича Қозоғистон расмийлари билан музокаралар қилган эди.

Маълум бўлишича, женевалик расмий БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси фаолиятини ўрганиб чиққач, Қозоғистондан бошпана олган ўзбек қочқинларининг кўпчилигига қочқинлик мақоми нотўғри ва асоссиз берилгани ҳақида маҳаллий ваколатхона ходимларига эътироз билдирган. Шундан сўнг БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси қочқинлик мақоми берилган аксар ўзбек қочқинлари ишини қайта кўриб чиқишга киришган.

Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг қочқинлар иши бўйича мутахассиси Денис Живага ҳам бу гапларни тасдиқлайди.

- Ростини айтсам, ҳозир БМТнинг қочқинлар иши бўйича бошқармасида бу бўйича катта тафтиш олиб борилаяпти. Сабаби Женевадан келган вакил Олмаотада қочқинлик мақомини олган кўпчиликка бу мақом берилганига қарши чиқаяпти. Олмаота ваколатхонаси сафсата билан шуғулланиб, дуч келган одамга қочқинлик мақомини бераверган. Ҳозир Женевадан келган вакил қочқинларнинг ярмига қочқинлик мақоми асоссиз берилган, деган хулосага келган,- дейди Денис Живага.

Озодлик мухбирининг бу масала юзасидан БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси вакилларига берган саволи жавобсиз қолдирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG