Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:35

"Айний" кимга насиб қилади?


Тожикистонда Айний ҳарбий ҳаво базаси фойдаланишга топширилди. Бу ҳарбий базадан фойдаланиш масаласи кўпдан буён Россия, Ҳиндистон ва Америка ҳукуматлари диққат марказида бўлиб келарди. Тожикистон бу ҳарбий базани шу йирик давлатлардан қайсинисининг ихтиёрига топшириши мумкин?

“Айний” ҳарбий ҳаво базаси 3 сентябр куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон иштирокида расман фойдаланишга топширилди.

Тадбирда сўзлаган тожик президенти Имомали Раҳмон ““Айний” ҳарбий ҳаво базаси мамлакатдаги энг йирик ҳаво майдони экани” ни маълум қилган.

Тожикистон Мудофа вазирлиги ихтиёрига топширилган мазкур ҳарбий аэродромнинг парвоз йўлаги 3200 метрни ташкил қилади.

- Бу ердан, - дея маълум қилди Мудофа вазирлигидаги манба, - дунёдаги энг улкан учқичлар фойдаланиши мумкин.

“Айний” ҳарбий ҳаво майдони Душанбе шаҳридан 25 километр нарида жойлашган бўлиб, ўтган асрнинг 80-йилларида Совет ҳарбий ҳаво кучлари томонидан Афғонистондаги амалиётлар учун фойдаланилган.

Бироқ шўролар тарқаб кетганидан сўнг, аниқроғи 1991 йил Тожикистонда бошланган фуқаролар уруши оқибатида бу ҳарбий ҳаво базаси фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолди.

2002 йил Ҳиндистон Тожикистон билан ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида шартнома имзолаб, “Айний” ҳарбий ҳаво аэродромини қайта тиклашни ўз зиммасига олди.

Расмий маълумотларга кўра, бунинг учун Ҳиндистон ҳукумати тахминан 70 миллион АҚШ доллари сарфлаган.

Маълум бўлишича, ҳиндистонлик мутахасислар бу базани энг замонавий навигация билан жиҳозлаб, халқаро стандартларга мослаштирган.

Шунингдек, “Айний” ҳарбий ҳаво майдонида Тожикистон ҳаво кучлари аскарларнинг машқ ва таълим олишлари учун шароитлар яратилган.

Сўнгги саккиз йил давомида Россия, АҚШ, Ҳиндистон ва Хитой “Айний” ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланишга қизиқдорлигини айтиб келади.

“Бугун “Айний” базаси фойдаланишга топширилар экан, ундан бу давлатларнинг қайси бири фойдаланади?” деган савол кўндаланг бўлади. Кузатувчиларга кўра, Тожикистоннинг ўзи ҳарбий амалиётлар учун замонавий ҳарбий учқичларга эга эмас.

Шундай савол билан мурожат қилганимиз Мудофа вазирлиги масъуллари бу борада маълумот беришдан тийилишларини айтишди.

Аснода Тожикистон куч ишлатар тизим маъсулларидан бири шу йил августида Сочидаги учрашувда Россия президенти Дмитрий Медведев тожик президенти Имомали Раҳмон билан музокарасида “Айний” ҳарбий базаси ва ундан фойдаланиш масаласи атрофида ҳам суҳбатлашганини билдирди.

Бироқ ҳозиргача бу мавзуга оид музокаралар натижаси эълон қилингани йўқ.

Мудофа вазирлигидаги манбанинг билдиришича, Россия томони “Айний” ҳарбий ҳаво базасидан текин фойдаланиш таклифини киритган. “Аммо Тожикистонга бундай бир ёқлама таклиф хуш келмади”, дея билдирди шу манба. Айтилишича, Тожикистон Айний ҳарбий ҳаво базаси учун Россиядан катта миқдорда ижара ҳаққи сўраган.

Таҳлилчилар фикрича, база учун олинган ижара ҳаққи Марказий Осиё давлатлари ичида энг қашшоқ саналган Тожикистон иқтисодиётига асқотади.

- Аммо Тожикистон дипломатияси “Айний” ҳарбий ҳаво базаси қайси давлат ихтиёрига топширилишини жуда тўғри ва саводли таҳлил қилиб бериши зарур. Чунки бу ҳарбий база учун йирик давлатлар ўртасида рақобат ўта кучли. Ҳар қандай нотўғри қабул қилинган қарор билан Тожикистон тақдирини хавф остига солиб қўйиш табиий,- дейди мустақил таҳлилчи Исмоил Раҳматов.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий эса шу йил бир матбуот анжуманида ““Айний” ҳарбий аэродроми Тожикистон мулки саналиб, ундан фойдаланиш борасида давлатимиз ҳеч бир мамлакат билан музокара ўтказмайди”, дея таъкидлаб ўтган эди.

Аснода “Айний” ҳарбий ҳаво аэродроми фаолияти ёпиқ мавзуга айланиб, бу ҳаво базасида айни дамда нечта ҳарбий учқич ва у қайси давлатга тегишлилиги борасида маълумот тарқатиш Тожикистон қонунлари доирасида таъқиқланган.
XS
SM
MD
LG