Линклар

Қирғизистонда рус қўпорувчиси қўлга олинган бўлиши мумкин


Интернетга жойлаштирилган видеотасвирда россиялик бу шахснинг қўпорувчи экани иддао қилинади.

Интернетга жойлаштирилган видеотасвирда россиялик бу шахснинг қўпорувчи экани иддао қилинади.

Youtube видео алмашув интернет сайтида 2 сентябр куни Ўш қирғинига оид янги видеотасвир пайдо бўлди. Унда ўзбек маҳалласидан чиққан пайти қўпорувчи сифатида гумонланиб қўлга олинган эркакнинг сўроқ қилинаётгани акс этган.

Ёши 30-40 лар атрофидаги калтакланган эркакнинг икки қўли ортидан боғланган. Боши ва юзи қонга беланган. У ўзининг рус миллатига мансублигини, Новисибирск шаҳрида 1972 йилда туғилганлигини, москвалик учувчи эканлигини айтмоқда. Тасвирдаги эркак бир неча бор Москвадан Ўшга ижарага олинган самолётда учганлигини ҳам гапиради.

Қўлга олганлар унга рус ва қирғиз тилида саволлар беришмоқда. Сўроққа тутганлар ўзбек маҳалласида нима қилганлиги ҳақида савол бермоқда. Тутқун бу саволларга жавоб бермади.

Қўлга олинган эркакдан у пистолет ҳамда бронежилетни қаердан олгани ҳам сўралган. Қўлга олинган эркак бу нарсаларни Москвадаги дўкондан сотиб олганлигини айтади. Сўроққа тутганлардан бири Ўзбекистон томонидан диверсия гуруҳлари кирганлигини ҳам айтиб ўтди.

Москвадаги Экстремал журналистика маркази собиқ раҳбари, ҳозирда Грузиядаги Чавчавадзе университети профессори Олег Панфилов видеотасвирни кўриб,тасвирдаги одам ҳақида ўз фикрини билдирди:

-Мен, биринчидан, яхши тайёргарлик кўрган ҳарбий одамни, бундай вазиятда ўзини қандай тутишидан хабардорлигини кўрдим. У минтақани яхши билиши ҳам сезилиб турибди. Масалан, у гапираётганида “иншолло” деди. Менимча, ҳар бир рус миллатига мансуб одам ҳам буни айтавермайди. Буни фақат Марказий Осиёда яшайдиган одам ёки махсус Марказий Осиё билан шуғулланувчи одам айтиши мумкин. У бу сўз билан уни сўроқ қилаётганларни ўзига нисбатан муносабатини ўзгартиришга интилган,- дея хулосалади ўз тасаввурини Олег Панфилов.

Журналист Панфилов интернет тармоғида пайдо бўлган бундай видеотасвирни анчадан буён кутганлигини айтди:

- Менинг кўз олдимда фуқаролар уруши Тожикистонда бўлаётган пайтда бунинг ташаббусчилари Россия ҳарбийлари ва сиёсатчилари эди. Мана шу видеотасвирдаги одам каби, Тожикистондаги 201- Россия дивизияси ҳарбийлари қурол тарқатганини кўрганман. Улар икки томонга ҳам тарқатишган. Мен россиялик ҳарбий жосусларни кўп провокациясига гувоҳ бўлганман, -деди Тожикистонда фуқаролар уруши гувоҳи бўлган Олег Панфилов.

Шу пайтга қадар, Қирғизистон томони қурол сотиш ёки бузғунчилик фаолиятига алоқадорликда гумон қилиниб мамлакат ҳудудида қўлга олинган Россия фуқаролари ҳақида маълумотларни кенг оммага ошкор этмаган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби мазкур видеотасвир борасида хеч қандай маълумот бера олмаслигини айтди. Унга кўра, айни пайтда бу тасвир ўрганилмоқда.

Қирғизистонлик хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Орозбек Молдалиев ҳавфсизлик хизматининг қўлга олинган россиялик жосус ҳақида на тасдиқлаётгани ва на инкор этаётганини шундай изоҳлайди:

- Бунинг сиёсий сабаблари бўлиши керак. Hега деганда, биз Кремлдан ёрдам олаяпмиз.Ундан ташқари қарамлик психологияси ҳам бор.”Кремл” нима дер экан, деган психология мавжуд. Шу боисдан шундай позиция бўлмоқда, - деди қирғизистонлик эксперт Орозбек Молдалиев “Озодлик”нинг қирғиз хизматига.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ раис ўринбосари Артур Медетбеков “Озодлик”нинг қирғиз хизматига бу видеотасвирни провокация дея изоҳлади:

-Менимча, буни атайин провокация қилиш мақсадида одамлар, қандайдир кучлар қилишган. Мақсад Қирғизистон билан Россия муносабатларини совуқлаштириш. Бунинг ортида бошқа мамлакатларнинг махсус хизматлари ҳам турган бўлиши мумкин, - дея тахмин қилди Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати собиқ раис ўринбосари Артур Медетбеков

Россия ҳукумати ҳам видеотасвирдаги одам ҳақида ҳозирча ҳеч қандай баёнот бермаган. Россия Федерал ҳавфсизлик хизматининг матбуот котиби “Озодлик”ка бу борада аниқ маълумот бера олмаслигини билдирди.



Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG