Линклар

logo-print

Қозоқ қочқинлари махфий хизматларни айблаяпти


Қозоғистонлик қочқинлардан бирининг ўғли Оқилбек Назаров уч кунга "йўқолиб" қолган.

Қозоғистонлик қочқинлардан бирининг ўғли Оқилбек Назаров уч кунга "йўқолиб" қолган.

Диний қарашлари сабабли бошқа давлатлардан бошпана излаётган қозоқ қочқинлари Қозоғистон махфий хизматларини одам ўғирлаш орқали қочқинларга босим ўтказишга ҳаракат қилаётганликда айбламоқдалар. Жумладан, Қирғизистондан бошпана топган қозоқ қочқинлари мана шундай иддао билан чиқмоқдалар.

1 сентябр куни Қирғизистон пойтахтида бедарак йўқолиб, 3 сентябр куни топилган 12 яшар Оқилбек Назаровнинг ота-онаси асли Қозоғистоннинг Оқтов шаҳридан бўлиб, ўзларининг диний қарашлари учун қозоқ махфий хизматларининг доимий таъқибига учрагани туфайли бундан икки йил аввал қўшни мамлакатга қочишга мажбур бўлган ва Бишкекдаги БМТ нинг қочқинлар иши бўйича ваколатхонасига бошпана сўраб мурожаат қилган.

Озодлик мухбири билан телефон орқали суҳбатда Оқилбекнинг отаси Назар Жубанишев 1 сентябр куни дўконга чиқиб кетганича уйга қайтмаган ўғли Бишкек чеккасидаги янги мавзелардан бирида топилганини айтди.

- Бугун соат 13:30 менинг олдимга бир киши келди. Биз унинг Бишкек чеккасидаги Ақ Ўрдў мавзесидаги уйида бир йил аввал ижарада тургандик. У ўғлим Оқилбекни олиб келди. Болам қўрқиб кетган, ўта қийналган, қарийб уч сутка ухламаган. Ўнг курагининг остида санчилган инганинг излари бор. Ҳозир экспертизадан ўтказиш учун ўғлимни олиб Бишкекнинг Октябр туман ички ишлар бўлимига келдим, - деди Назар Жубанишев.

Унинг айтишича, 1 сентябр куни картошка харид қилиш учун дўконга чиққан ўғли йўл-йўлакай ахлат ташлаб келаётган пайтда йўл четида турган кумушранг Мерседесдан икки киши тушиб, болакайнинг қўлини қайириб, курагига қандайдир дорини эмлаганлар. Сўнгра улар болани машинага тиқиб, номаълум томонга олиб кетганлар.

- Оқилбек машинада қимирлай олмай қолганини, кейин уйқуга кетганини айтди. У бу машинада қанча ётганини эслай олмади. Кейин уни бир жойга олиб бориб, қора жип машинасига ўтқазиб, шаҳар ташқарисига олиб кетганлар, - дейди Назар Жубанишев.

Қозоқ қочқинининг айтишича, ўғлини ўғирлаб кетган кишилар Оқилбекдан отаси наркотик сотиш-сотмаслиги ҳақида бир неча бор сўраганлар. Болакай ҳар сафар “йўқ” деб жавоб бераверганидан кейин бола ўғриларидан бири иккинчисига “бу энди бизга керакмас”, деб айтган.

- Шундан сўнг унинг ўнг кураги остига яна укол қилишган, ўғлим ухлаб қолган. Оқилбек шаҳар ташқарисида ҳушига келган, уни йўл четидаги майса устига ётқизиб кетишибди. Шом пайти экан, у ўрнидан туриб, чопа бошлабди. Икки соатча чопгач, аввал ижарада турган уйимизни топиб борибди, - дейди Назар Жубанишев.

Қозоқ қочқини Жубанишев ўғлини ўғирлаган кишилар Қозоғистон махфий хизмати ходимлари эканига шубҳа қилмаслигини айтади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 июл куни Бишкек яқинидаги Қант шаҳрида асли ғарбий қозоғистонлик бўлган муслима қозоқ қочқин аёли Самал Кисметова ғойиб бўлганди. Қайд этиш жоизки, Самал Кисметованинг турмуш ўртоғи Диянат Ердешев 1 сентябр куни Бишкекда ғойиб бўлиб, сўнгра топилган Оқилбек Назаров отасининг яқин дўсти бўлиб, бу икковлон ўз диний қарашлари учун қозоқ махфий хизматлари таъқибига дучор бўлиб, ўзга мамлакатдан бошпана излашга мажбур бўлгандилар.

Аввалроқ Озодлик мухбири билан телефон суҳбатда Диянат Ердешев хотинини қозоқ махфий хизматлари ўғирлаб кетганларини билдирганди. Хотини бедарак йўқолгач, Диянат Ердешевнинг уяли телефонига номаълум кишилар номидан қозоқ ва рус тилларида СМС-хабарлар келиб, бу хабарларда бундан кейин унинг дўсти фарзандлари ўғирланиши айтилганди.

Маълум бўлишича, 12 август куни Самал Кисметова Бишкек шаҳридан эрига қўнғироқ қилиб, айни пайтда Қирғизистондаги касалхоналардан бирида экани ва уни уйга олиб кетишларини сўраган. Ҳозир қочқин аёлнинг соғлиғи ёмонлашгани боис у билан боғланишнинг имкони бўлмади. Аммо Самал Кисметова оиласи билан яқин бўлган Назар Жубанишев қочқин аёлнинг бир ойдан зиёдроқ ғойиб бўлиш сабаблари ҳақида буларни айтиб берди:

- Улар уч киши - қозоқ махфий хизмати ходимлари бўлганлар. Улар аёлни Қирғизистонда ўғирлаб, кечгача бир ташландиқ уйда сақлаганлар. Сўнг қозоқ махфий хизмати ходимлари қочқин аёлга укол қилиб, уни ноқонуний тарзда Қозоғистонга олиб ўтганлар. Қозоқ-қирғиз чегарасида улар машинасини бирор божхоначи ёки чегарачи тўхтатмаган. Қозоғистонда махфий хизмат ходимлари аёлни бир уйда сақлаганлар, доимий қийноқ остида Қирғизистондаги қозоқ диндор қочқинларига қарши кўрсатма беришга мажбур қилганлар. Уни қозоқ қочқинлари террорчи ва бангфуруш экани ҳамда Қирғизистонга теракт уюштириш мақсадида келганларини айтишга мажбурлаганлар. Аёл қийноқларга чидолмай, шу кўрсатмаларни беришга рози бўлган ва қозоқ махфий хизмат ходимлари буларнинг барчасини видеокамерага ёзиб олганлар, - дейди қозоқ қочқини Назар Жубанишев.

Унинг айтишича, қозоқ махфий хизмат ходимлари Самал Кисметовани бир ой давомида уй қамоғида сақлагач, уни қайтариб Бишкекка олиб келганлар ва яқинларига соғлиғи ёмонлашгач, касалхонага тушиб қолгани ва ўша ерда даволангани ҳақида айтишини буюрганлар.

Бундан икки ой аввал Қант шаҳрида бедарак йўқолган Самал Кисметова ва 1 сентябр куни ғойиб бўлган Оқилбек Назаровлар оиласи учинчи давлатдан бошпана олиш учун БМТ қочқинлар иши бўйича Олий комиссарининг Бишкекдаги ваколатхонасига мурожаат қилганлари, аммо ваколатхона ходимлари улар ишига ҳозирча бефарқ муносабатда бўлаётганлари маълум бўлди. Айни пайтда Озодлик мухбирининг ваколатхона ходимлари билан боғланишга уринишлари самара бермади. Журналистларнинг ҳар қанақа саволига ҳар гал бир ой ичида ёзма жавоб беришни ваъда қиладиган қозоқ махфий хизматлари расмийларидан ҳам шу бугун Самал Кисметова ва Оқилбек Назаровлар йўқолиши бўйича изоҳ олишнинг имкони йўқ.

Аввалроқ Қозоғистон ҳудудида учинчи давлатдан бошпана топиш ниятида Олмаота ва Чимкент шаҳарларида яшаб келган ўзбек қочқинларининг бедарак йўқолгани ва қандайдир йўл орқали Ўзбекистонга қайтариб берилгани ҳақида маълум қилгандик.

Энди эса ўзга давлатдан бошпана топиш ниятида бўлган қозоқ қочқинларининг ҳам ана шундай қийин вазиятга тушиб қолаётгани кўп кузатилмоқда. Бу каби ҳолатлар бир неча ойдан буён сиёсий вазият беқарор бўлиб қолаётган Қирғизистонда айниқса тез-тез такрорланаяпти.
XS
SM
MD
LG