Линклар

logo-print

Беларус журналисти Бебениннинг ғайриоддий ўлими кўпчиликда шубҳа уйғотмоқда


Сафдошларининг айтишларича, журналист Олег Бебениннинг худкушликка қўл уриши учун ҳеч қандай асос йўқ эди.

Сафдошларининг айтишларича, журналист Олег Бебениннинг худкушликка қўл уриши учун ҳеч қандай асос йўқ эди.

3 сентябр куни Минск яқинидаги дала ҳовлисида Беларус мухолифат минбари саналмиш “Хартия-67” сайти асосчиси ва раҳбари Олег Бебенин жасади топилди.Унинг сафдошлари Бебенин ўз жонига қасд қилганига ишонмасликларини билдирмоқда.

Беларус Бош прокуратураси тарқатган хабарга кўра, мухолифатчи журналист Олег Бебенин ўз жонига қасд қилганлиги сабабли вафот этган. “Шунга қарамасдан, прокуратура бошқа эҳтимолий вазиятларни ҳам ўрганиб чиқади”, дейилади Белорус прокуратураси маълумотномасида.

Минск вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Александр Данилченко Олег Бебенин жасади 3 сентябр соат тақрибан 19:00 ларда Дзержинск туманидаги дала ҳовлида топилганини айтди:

- Бебенин бинонинг иккинчи қаватига элтувчи йўлакда ўрнатилган ясама сиртмоқда осилиб турган. Жасад ёнида йиқилган табуретка топилди, - дея маълум қилди Александр Данилченко.

Унинг айтишича, тергов ва прокуратура ходимлари томонидан 2 шиша “Беларус балзами” спиртли ичимлиги топилган. Жасадда ҳеч қандай жароҳат ёки бошқа излар аниқланмаган. Шунингдек, дала ҳовлида Бебенин томонидан қолдирилган ҳеч қандай хат ёки бошқа ёзувлар топилмаган.

Маълум бўлишича, яқиндагина Грециядан оиласи билан дам олишдан келган Бебенин 2 сентябр куни уйидан дала ҳовлисига жўнаб кетган, шу вақтдан бошлаб уни ҳеч ким кўрмаган ва у ҳам алоқага чиқмаган.

Олег Бебениннинг сафдоши, “Европа Беларуси” Фуқаролик ҳаракати етакчиси, Беларус президентлигига номзод Андрей Санников “Хартия-97” сайти асосчисининг ўлимида кўп нарса шубҳа туғдираётганини гапирди:

- Энг аввало, ҳеч қандай ёзув йўқлиги. Мен Олегни охирги маротаба кўрганларнинг деярли барчаси билан суҳбатлашдим, боз устига, мен шахсан у билан ўлимидан олдинроқ учрашган эдим: бу ҳодиса рўй беришига ҳеч қандай асос йўқ эди. У катта режаларни тузаётган эди, - деди Андрей Санников.

Олег Бебенин илгари ҳам журналистик фаолияти билан боғлиқ тажовузга дуч келган, уни кўп маротаба қўрқитишга уринишган, жиноий иш очишган. Шу сабабли, Санниковга кўра, тергов барча версияларни пухта ўрганиб чиқиш зарур.

“Хартия-97” интернет нашри бош муҳаррири Наталья Радина фикрича, Олег Бебенин ўз жонига қасд қилаолмас эди. Унинг гувоҳлик беришича, журналистнинг на оилавий, на соғлиқ билан боғлиқ муаммолари мавжуд эди:

- Мен ички ишлар органлари илгари сураётган версияга ишонмайман. Тиббий экспертиза хулосалари эълон қилинмасдан қандай қилиб бирор нима дейиш мумкин? Айтишим мумкинки, Олег Бибенин Санниковнинг сайлов командасида асосий аъзоларидан эди. Қолаверса, у ажойиб, очиқкўнгил инсон ва ўз ишининг устаси эди, - деди "Хартия-97" нашри бош муҳаррири Наталья Радина.

Президентликка яна бир номзод, Мизес илмий-тадқиқот маркази раҳбари Ярослав Романчук ҳам машҳур журналистнинг ўлими унинг сиёсий-ижтимоий фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилди:

- Бебенин фақат сайт ва айрим ахборот лойиҳалари юзасидан демократик ҳаракат билан боғлиқ фаолият юритган. У тадбиркорлик ёки бошқа яширин фаолият турлари билан шуғулланмаган. Шу сабабли ўлимининг биринчи сабаби унинг соғлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин, иккинчиси унинг ахборот-сиёсий фаолиятидир. Шунингдек, у 2010 йилги президентлик сайлови кампаниясининг фаол иштирокчиларидан бири эди, деди Беларус президентлигига номзод Ярослав Романчук.

Беларуслик журналист ўлимига Европа парламенти ҳам ўзининг муносабатини билдирди. Мазкур ташкилот раҳбари Ежи Бузек Беларус ҳукуматини Бебенин ўлими билан боғлиқ ҳодиса юзасидан объектив текширув ўтказишга чақирди.

Айни пайтда Беларус суд-тиббий экспертизасининг эълон қилинган хулосасига кўра, “вафот этган мухолифатчи журналист Олег Бебениннинг танасида ҳеч қандай зўрлик аломатлари аниқланмаган”. Шунга қарамасдан, журналистнинг яқинлари экспертиза унинг аниқ вафот этган вақтига оид турли тахминларни келтираётганини таъкидламоқда.

Олег Бебениннинг дафн маросими 6 сентябр куни Минск шаҳрида ўтказилади.

1974 йилда туғилган Олег Бебенин Белорус Давлат университетининг журналистика факултетини битирган. Ўтган асрнинг 90-чи йиллари бошида Беларусда “Имя” мустақил газетасининг бош муҳаррири муовини лавозимида ишлаган. 1998 йилда “Хартия-97” интернет сайтига асос солган ва бошқарган.

Олег Бебенин 2 ўғилнинг отаси эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG