Линклар

Доғистон Шимолий Кавказнинг ўта нотинч минтақасига айланмоқда


Доғистоннинг Буйнакск туманидаги ҳарбий қисмга қилинган ҳужум натижасида 3 одам ўлдирилди, 34 нафари жароҳатланди. Россия Мудофаа вазирлиги берган маълумотга кўра, ҳарбий қисмга ҳудкуш ҳужум уюштирган ва тергов органлари ҳарбий қисмга ҳужум ҳодисаси бўйича жиноий иш қўзғатган.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Доғистон жанубидаги Буйнакск туманида жойлашган ҳарбий базага уюштирилган худкуш ҳужуми натижасида камида уч аскар ўлдирилди, 30 дан ортиғи жароҳатланди.

Хабарларга кўра, мина ўрнатилган автомобилда келган номаълум шахс ҳарбий қисм қўриқчиларига автоматдан ўқ узган ва шундан сўнг портлаш содир бўлган.

Бу ҳарбий қисм Доғистон пойтахти Маҳачқалъадан 50 километр олисда жойлашган.

Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Алексей Кузнецов тергов органлари ҳарбий қисмга ҳужум ҳодисаси бўйича жиноий иш қўзғатганини маълум қилди.

- Бугун тунги соат 12 дан 30 дақиқа ўтганда Буйнакскдан 2 километр наридаги Такалой қишлоғидан келган ҳудкуш террорчи Далний полигонидаги 134-ҳарбий бригада қўриқчилар тизимини ёриб кирди, - деди Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби.

Кузнецовга кўра, террорчилик ҳужуми оқибатида 3 ҳарбий ўлдирилган, 33 нафари турли даражаларда тан жароҳати олган. Жароҳатланганлардан 4 нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Россия президенти Димитрий Медведев Мудофаа вазири Анатолий Сердюковни жароҳатланган аскарларга ёрдам ишларини мувофиқлаштириш учун Доғистонга жўнатган.

Ҳозиргача олинган хабарларга кўра, жароҳатланган аскарларнинг кўпчилиги Ростов шаҳридаги шифохонага жўнатилган. Оғир жароҳатланган яна бир неча аскарнинг Москвага олиб кетилиши кутилмоқда.

Доғистонлик журналист Юлия Таберионинг Озодликка айтишича, ҳарбий қисм қўриқчилари ҳудкуш машинасининг йўлини тўсишга улгуриб қолган, акс ҳолда, қурбонлар бундан ҳам кўп бўлиши мумкин эди.

- Аскарлар ҳудкуш автомобилига қарши ўқ узган ва шу билан унинг йўлини тўсган. Машина келиб ҳарбий юк машинасига урилган ва портлаб кетган. Шу йўл билан улар қурбонлар сони кўпайиши олдини олиб қолган, - дейди доғистонлик журналист.

Акс ҳолда ҳудкуш автомобили юзлаб аскарлар ухлаётган чодирга бориб урилиши мумкин эди. Бу ҳарбий тайёргарлик полигони бўлгани учун ҳарбий машқ ўтаётган аскарлар ёзги чодирларда тунаётган эди.

Яна бир портловчи мослама эса бироз сўнгра воқеа жойига келаётган тезкор-тергов гуруҳи йўлида портлаган. Иккинчи портлашда ҳеч ким жароҳатланмаган.

Таберионинг сўзларига кўра, Далний полигони кучсиз қўриқлангани боис унга ҳужум уюштирилган бўлиши мумкин.

Бу полигонга ҳужум Доғистон Миллий сиёсат, ташқи алоқалар ва ахборот вазирига ҳужум уюштирилганидан бир кун ўтиб, содир этилди. Вазир Бекмурза Бекмурзаев ҳужумда омон қолди, аммо унинг ҳайдовчиси қурбон бўлди.

Кейинги пайтларда Доғистон ва унинг пойтахти бўлган Маҳачқалъа шаҳарларида террор ҳужумлари сони ортмоқда ва бу ҳудуд Шимолий Кавказнинг энг нотинч минтақаларидан бирига айланмоқда.
XS
SM
MD
LG