Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:09

Эркин микрофон - “Пахта териш мазза”?


Озодлик мухлисларига кўра, вилоятлардаги мактаб ва лицей ўқувчилари пахта далаларига ҳайдалмоқда.
Озодлик мухлисларига кўра, вилоятлардаги мактаб ва лицей ўқувчилари пахта далаларига ҳайдалмоқда.

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган тингловчи ва муштарийларимизнинг баъзилари бу йил ҳам пахта далаларида болалар тер тўкаётганидан гапирган бўлса, кимдир Ўшда ўзбеклар ҳамон тазйиқларга учраётганини хабар қилди, яна кимдир Озодлик эшиттиришлари ва Интернет саҳифасида ёритилаётган мавзуларга муносабат билдирди.


Қумқўрғонда болалар пахтага ҳайдалди


Сурхондарëнинг Қумқўрғонидан телефон қилган 17 яшар тингловчимиз Озодлик бошловчиларини овозидан танишини айтиш баробарида таълимдан мосуво қилинган қишлоқ болалари муаммосига диққатимизни қаратди.

- Танидим Абдулла ака. Чодирхаëл эшиттиришини олиб борасиз. Танидим. Менинг исмим Мавлуда. Сурхондарëданман. Доимий тингловчиларингиз бўламан.

Озодлик: Сурхондарëнинг қаеридансиз?

- Қумқўрғон туманидан.

Озодлик: Қумқўрғонда нима гаплар?

- Пахта терими бизда анча олдин бошланди. Баъзи илғор фермерларда биринчи терим тугади.

Озодлик: Мактаб болалари чиқаяптими пахтага?

- Ҳа¸ лицейдагилар кетаяпти. Менинг онам ҳамшира бўлиб ишлайдилар қишлоқ врачлик пунктида. Ўшаларни ҳам “мажбурий¸ чиқмасанглар бўлмайди”, деб пахтага чиқаришаяпти. Ҳамма пахтага. Халқ эса яхши тераяпти. Ҳали нархни айтгани йўқ¸ лекин нархни айтмаса ҳам халқ тераяпти. Ҳамма пахтада. Бекор ўтирган одамнинг ўзи йўқ.

Озодлик: Ҳамширалар ҳам¸ мактаб болалари ҳам пахтада.

- Энди ўқитувчилар¸ ўқувчилар ҳам пахтага чиқади. Лицейдагилар эртага пахтага кетади. Пахта кампанияси бу йил қаттиқроқ бўлса керак. Чунки “ҳосиллар ўтган йилгига нисбатан яхши бўлмаган” дейишаяпти.

Озодлик: Болалар мактабда ўқимасдан пахта терадими?

- Ҳа¸ пахта теради. Ҳеч ким “мен ўқийман” демайди. Ҳозир болалардан сўрасангиз¸ “пахта териш мазза” дейди. Ҳеч ким “Мен пахта теришим керак эмас. Мен ўқишим керак. Мен билим олишим керак. Эртага ким бўламан?” демайди. “Сизларга керакми шу? Устоз¸ биз дарсга қатнаймиз. Бўлмаса пахта термаймиз десаларинг нима қилади?” десам¸ “Нима керак дарс ўтиб? Дарс ўтмайдику барибир ҳамма пахтага чиқиб кетса” дейди¸ дейди сурхондаëрлик Мавлуда.


Чироқчида коллежлар ëпилди

Қашқадарëда мактаблар ëпилиб¸ ўқувчилар пахта далаларига жўнатилганини айтмоқчиман¸ дейди суҳбатдош.

- Пахта сезони бошланди мана.

Озодлик: Ëрдамга болалар ҳам чиқаяптими?

- Ҳа¸ болалар ҳам чиқаяпти. Мана бизнинг коллежда ўқийдиган қизни олиб кетди. Биттасини эртага жўнатамиз деб турибмиз.

Озодлик: Пахтага чиққан болаларингиз неча ëшларда?

- Биттаси 1991 йилда туғилган¸ иккинчиси 1993 йилда туғилган. Коллежда уч йил ўқийди.

Озодлик: Ҳозир коллежклар ëпиқми очиқми?

- Ҳозир коллежлар ëпилди¸ дейди чиқорчилик суҳбатдошимиз.


Ўш аэропортида ўзбеклар таланмоқда

Ўзгандан қўнғироқ қилган Нодиржон ўз яқинларини бир неча марта Россияга жўнатиб шундай хулосага келганини айтади.

- Шу десангиз аэрпортда 3000-4000 лаб пул олаяпти экан. Нагли олаяпти экан. Болаларни Россияда ўқишга жўнатдик Солижон Шарипов томонлама. Чақиртирган эди. Эшитган бўлсанглар керак ўқиш очилганини. Укахонларни жўнатдикда. Шундай бориб нима қилсак¸ тортишиб кетдик анча. Нагли “Бунақа ташлайсан¸ бўлмаса йўқ” деяптида. Ортиқча расходлар бўлаяпти ака.

Озодлик: Фақат ўзбеклардан олаяптими?

- Ҳа¸ фақат ўзбеклардан олаяпти. Мендан 3000 олса¸ ëнимдагидан 4000-5000 нагли олаяпти ака. Бўлмаса ўтказмаяпти. “Документинг бунақа экан” деб қайтариб юбораяпти. “Болаларни ўқишга жўнатаяпмиз” десак тушунмаяпти. Рўзанинг кунида ëлғон гапирмаймизку¸ дейди ўзганлик Нодиржон.


Ислом камбағалнинг эмас ҳақнинг динидир

Наманганлик тингловчимиз новвой Абдураҳмон ака Бир саволга беш жавоб эшиттиришига муносабат билдирди.

- Бир саволга беш жавоб деган нима чиқдику. Ислом камбағалпарварми бойпарварми дедингларку. Ўшанинг жавобини бир киши бойпарвар деяпти¸ бир киши камбағалпарвар деяпти. Ислом камбағалпарвар ҳам¸ бойпарвар ҳам эмас. Ислом ҳақпарвар¸ дейди Абдураҳмон ака.


Газ пасайса¸ нон қимматлайди

Наманган марказида нон ëпадиган Абдураҳмон ака ўз сўзида давом этиб қимматчилик қандай ҳосил бўлиши сабабларини ҳам айтади

- Газ бўлиб бўлмай шомга яқин пасайиб кетади. Оғиз очилгандан кейин яна кўтарилади. Сув йўқ мана крантимизда. Ҳафталаб сув йўқ бўлади. Бугун эълон қилди ҳеч қаерда сув йўқ. Бир ҳафта-бир ҳафта сув бўлмай қолади. Сув ташиймиз. Газ кечки пайт пасайиб кетади. Ноннинг нархи қиматлайди. Унлар 70 мингга чиқиб кетди. Кундан кунга ўсиш бор ҳамма томонлама. Мен сизларнинг доимий мухлисингларман. Мен гапимни йўқотиб қўяяпман шекилли шошилиб қолиб.

Озодлик: Нон чиқарадиган тандирингизда газ ўчиб қолиб¸ нонлар қимматлаб кетаяптими?

- Газ пасаяди¸ кўмир босамиз. Кўмирнинг бир қопи 7000 сўм. Биз ноннинг устига 50 сўм қўямиз. 250 бўлса¸ 300 сўм бўлади. 400 сўм бўлса¸ 500 сўм бўлади. Газ пасайгандан кейин биз кўмир олиб келиб босамиз ва ноннинг нархини оширамиз. Уннинг нархи яна ошди. Бир ойда 10-15 минг кўтарилиб 70 минг сўмга чиқди ун. 66 минг сўмга чиқди бир қоп ун. Биз уни 70 мингга олгандан кейин ноннинг нархини кўтарамиз. Халққа қийин бўлади. Битта мол қиммат бўлса¸ гўшти ҳам 10 мингга чиқади. Мол арзон бўлса¸ гўшт ҳам 5000 га тушади. Ун 50 минг бўлса¸ нонимиз 200 сўмга тушади. Нарх ошса¸ бизга фойда зарари йўқ. Халқ қийналади халқ. Халққа қийин бўладида. Биз бу ëқдагилар нархини кўтариб қўяверамиз. Бизга озгина фойда қолса бўлди меҳнатимизга. Бу ëқдаги халқ қийналади холос. Шу томони бор холос¸ дейди наманганлик Абдураҳмон ака.


Муҳтож ўзбеклар масжиддан таскин топмоқда

дейди қамоқдан намозхон бўлиб қайтган новвой Абдураҳмон ака.

- Қийналган сари инсонлар мана камбағал бўлиб масжидга намоз ўқигани кириб кетади. Муҳтож бўлиб Худодан сўрайди. “Э Худо¸ бир ëрдам қил” дейди. Ҳокимиятдан¸ давлатдан ҳеч қанақа ëрдам йўқ¸ ташқи бир нимага сиғинади кейин. 80 фоиз одам масжидга югуриб¸ кўчалар тўлиб кетган. Масжидда одамлар кўп. Ҳамма одамларнинг тирикчилиги қийин. Ҳайитда тоғора чиқариш керак¸ ҳайитлик қилиш керак. Ейиш-ичиш¸ мактаб бошланиб қолди. Ҳамма томони умматнинг жуда бир қийналиб қолдида. Шунинг учун масжидда одамлар тўлиб кетаяпти жума кунлари ҳам¸ бошқа пайтда ҳам. Ҳамма қийналганидан¸ муҳтожликдан адолатни қидириш учун ибодатга кириб кетади¸ дейди новвой Абдураҳмон ака.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG