Линклар

АҚШ қўмондони черковни Қуръон нусхаларини ёқмаслик ҳақида огоҳлантирди


Афғонистондаги АҚШ ҳарбий қўмондонлари Америкадаги кичик бир насроний черковини муқаддас Қуръон китобининг нусхаларини ёқиш режасини амалга оширмаслик ҳақида огоҳлантирди. Уларга кўра, бундай провокация АҚШ ҳарбийлари ҳаётини таҳлика остида қолдириши мумкин.

Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучлари қўмондони генерал Дэвид Петреус эълон қилган баёнотда мусулмонларнинг муқаддас китобини ёқиш АҚШ учун нафақат Афғонистонда “жиддий муаммолар яратиши”, балки исломий жамоалар бўлган дунёнинг барча ерида америкаликларга нисбатан тахдид пайдо қилишини айтган.

Кобулдаги АҚШ элчихонаси чиқарган баёнотда ҳам Америкадаги черковнинг Қуръонни ёқиш режаси қораланган.

Флорида штатида жойлашган “Dove World Outreach” номли черков маркази ўз аъзолари 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши уюштирилган террор ҳужумларининг 9 йиллигини хотирлаб, муқаддас Қуръон китобининг нусхаларини ёқишни режалаганини маълум қилганди.

Черков Ислом динини “зўравонлик ва шафқатсиз дин” деб билишини айтган.

Душанба куни Афғонистон пойтахти Кобулда бир неча юз киши Америкадаги черковнинг режасига қарши норозилик намойиши ўтказди.
XS
SM
MD
LG