Линклар

Россияда ўзбек қочқини қўлга олинди ва озод этилди


Ўзбекистонлик қочқин Ўринбой Эргашев Россияда биринчи марта қўлга олинаётгани йўқ.

Ўзбекистонлик қочқин Ўринбой Эргашев Россияда биринчи марта қўлга олинаётгани йўқ.

6 сентябр куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида андижонлик Ўринбой Эргашев ҳибсга олиниб, сўнгра озод этилди. Бир йилдан буён қочқинлик мақомини сўраётган Ўринбой Эргашев Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирувга берилган.

6 сентябр куни Россиянинг бир қанча ахборот агентликлари томонидан “террорчи” деб айтилаётган 53 ёшли Ўринбой Эргашев Интерпол ходимлари томонидан Санкт-Петербург шаҳрида қўлга олинган.

Унинг адвокати Олга Цейтлинага кўра, Россия Федерацияси Олий суди Ўринбой Эргашевни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарган.

- Унинг 6 сентябр куни ушлангани экстрадиция ҳақидаги Олий суд қарори кучга кирганлиги билан боғлиқ. Европа суди қарорига кўра, Ўринбой Эргашев Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши маън этилган. Шунинг учун уни озод қилишди, деди Ўринбой Эргашевнинг ҳимоячиси.

Олга Цейтлина айни пайтда ўз ҳимояси остидаги Ўринбой Эргашевнинг аҳволи қониқарли эканлигини айтди.

Ҳимоячи Ўринбой Эргашевни Ўзбекистонга бериб юборилишининг олдини олиш борасидаги Европа судига берган аризаси қондирилишига ишонади.

- Биз бу ишни Европа судида ютамиз, чунки Ўзбекистонга диний жиноятлар қилганликда айбланганларни экстрадиция қилиш таъқиқланган, деди Ўринбой Эргашевнинг ҳимоячиси Олга Цейтлина.

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманига қарашли Маъмуробод қишлоғидан бўлган 53 ёшли имом Ўринбой Эргашев Андижон воқеаларидан сўнг диндорларга бўлган таъқиблардан қочиб Россияга келган.

2009 йилдан бери Ўринбой Эргашев бир неча бор Тошкент сўровига кўра Санкт-Петербургда ҳибсга олинган.

Унга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-, 244-моддалари бўйича "Конституциявий тузумга тажовуз қилганлик", "Диний ташкилотлар тузганлик, уларга раҳбарлик қилганлик" каби бир қанча айбловлар қўйилган.

Эргашевнинг ўзи диний экстремистик ташкилотларга алоқаси бўлганини қатъиян инкор этиб келмоқда.

Россиялик ҳуқуқ фаоли Елена Рябининага кўра, Ўринбой Эргашев 90-йиллар ўрталарида бедарак йўқолган андижонлик таниқли имом Абдували қори Мирзаевнинг тарафдорларидан бири бўлгани учун таъқибга учраган ва фақат диний қарашлари сабабли қидирувга берилган.

2009 йил апрелида Ўринбой Эргашев Санкт-Петербургда Россия Федерал муҳожирлик хизматига қочқинлик мақомини сўраб мурожаат қилган.
XS
SM
MD
LG