Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:56

Тожикистонда Демократик кучлар миллий ҳаракатини таъсис этмоқчилар


Тожикистон социал-демократлари лидери Раҳматулло Зоиров янги халқ ҳаракатининг асосий ташаббускорларидан биридир.
Тожикистон социал-демократлари лидери Раҳматулло Зоиров янги халқ ҳаракатининг асосий ташаббускорларидан биридир.

Тожикистон Социал-демократик партияси ташаббуси билан ташкил этилаётган янги миллий ҳаракат мамлакатдаги сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва алоҳида шахсларни ўз атрофига тўплаб, ҳақиқий демократик қадриятларни жамиятга интеграция қилишни мақсад қилган.

Тожикистонда фуқаролик жамияти институтларининг ҳар иккала оёғи билан оқсаётганини даъво қилаётган Социал-демократлар лидери Раҳматулло Зоиров тожик жамиятида демократик кучлар миллий ҳаракатини таъсис этишга қарор қилганини айтади.

- Бу ҳаракат ўз номидан маълумки, халқ ҳаракатидир. У давлат қайдидан ўтмайди ва юридик шахс сифатида ҳам фаолият юритмайди. 2001 ва 2002 йиллардан кейин Тожикистонда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва уни такомиллаштириш масаласи боши берк кўчага кириб қолди. Нодавлат ташкилотлар кўп жиҳатлари билан сиёсатдан йироқлашди, аниқроғи, йироқлаштирилди. Шу йиллар давомида деярли бирорта мухолифат партияси майдонга чиқмади. Шуни назарга олган ҳолда, бугун нафақат сиёсий партиялар, балки нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, алоҳида шахсларни ўз ичига олган демократик кучлар миллий ҳаракатини тузишга ва ҳақиқий демократик жамият барпо этишга қарор қилдик, дейди Раҳматулло Зоиров.

Социал-демократлар лидерининг билдиришича, миллий ҳаракат шу йил сентябр ойи охирларигача фаолиятни бошлайди. Айни пайтда, Зоировга кўра, бу ҳаракатга аъзо бўлишни истовчи тожикистонликлар кўпчиликни ташкил қилади.

- Биз ҳозирча вақтни ғанимат билиб, халқ ҳаракати сифатида фаолиятимизни бошлайверамиз. Қонунчилигимизда фолиятимизга тўсиқлар йўқ. Келгусида эса Адлия вазирлигига ҳужжатларимизни топширамиз. Ташкилотимизни қайдга олиш ёки олмаслик шу вазирлик масъуллари ҳимматига боғлиқ. Ниятимиз беғараз. Бизнинг халқ сиёсий ва ижтимоий маданиятини ўстиришдан бошқа мақсадимиз йўқ. Вазифамиз фақат тушунтириб беришдан иборат. Қатор семинар ва анжуманлар ўтказиб, тожик жамияти сўнгги йилларда нима учун ривожланмаётганини фуқароларга тушунтириб борамиз, дейди Социал-демократлар партияси раиси Раҳматулло Зоиров.

Мухолифат партияси лидери Тожикистон ҳукумати келгуси бир йил давомида ўз сиёсатини ўзгартирмаса, мамлакатда сиёсий беқарорлик вужудга келиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирди.

- Агар Тожикистон ҳукумати сиёсати шу тарзда давом этаверса, бир йилдан сўнг мамлакатдаги сиёсий барқарорлик издан чиқиши аниқ. Бу беқарорлик энг аввало ҳукумат ичида бошланади. Сўнгги бир неча кун давомида Хўжанд ва Душанбеда содир бўлган ҳодисалар, яъни маҳбусларнинг ҳибсхонадан қочишию, қатор портлашлар – буларнинг ҳаммаси ҳуқуқий ва сиёсий эътирозлар белгисидир. Ҳозир вазият шу қадар таранглашганки, агар Тожикистон ҳукумати демократик жамият барпо этишни тезлаштириб, мамлакат иқтисодиётини монополистлар қўлидан озод этмас экан, ишонтириб айтаманки, Тожикистонда сиёсий беқарорлик вужудга келишига саноқли кунлар қолган, дейди Раҳматулло Зоиров.

Тожикистонда миллий ҳаракат таъсис этиш режаси атрофида қарашлар турлича.

Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар марказ масъули Сайфулло Сафаров фикрича, бугун жамиятда шундай бир ҳаракатнинг фаолият бошлашига мутлақо зарурат сезилмайди. Чунки, Сафаров мулоҳазасича, шусиз ҳам Тожикистон ҳукумати демократик принципларга асосланган ҳолда сиёсат юргизаётир.

Мустақил таҳлилчи Ҳуриниссо Ғаффорзода эса бу фикрларга қўшилмас экан, “шундай бир миллий коалиция кучлари Тожикистонда 2000 йиллар бошида тузилиши лозим эди”, дейди.

- Лекин масаланинг бошқа томони шундаки, бу ҳаракатга кимлар аъзо бўлади? Улар орасида халқ эътиборини қозонган, ҳақиқатан халқ ғами билан яшаётган шахслар борми? Чунки тожикистонликлар ҳар қандай нодавлат ташкилотлари, оқимлар ва жараёнларга эргашишдан чўчиб қолган. Аммо, ҳар ҳолда, Тожикистонда шундай бир миллий ҳаракатнинг тузилиши бугунги кун талабидир, дейди Ҳуриниссо Ғаффорзода.

Эслатиб ўтамиз, бундан икки йил аввал Москвада таниқли тожик журналисти Додожон Атоуллоев ташаббуси билан “Ватандор” ҳаракати тузилган эди. Гарчи Атоуллоев бу ҳаракатга Тожикистон ва ундан ташқарида танилган шахслар аъзо бўлганини айтган эса-да, у жамиятда эътибор қозона олмади ва Тожикистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнларга ўз таъсирини ўтказа олмади.
XS
SM
MD
LG