Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:10

Қирғизистонлик собиқ амалдорлар учун парламент сайлови нажот ҳалқасими?


Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Ақилбек Сариев турли жиноятларда гумонланаётган депутатликка номзодлар юзасидан суд қарори чиқмагунча, уларни рўйхатга олмаслик бўйича МСКда ваколат йўқлигини айтди.
Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Ақилбек Сариев турли жиноятларда гумонланаётган депутатликка номзодлар юзасидан суд қарори чиқмагунча, уларни рўйхатга олмаслик бўйича МСКда ваколат йўқлигини айтди.

Қирғизистонда шу йил 10 октябрига белгиланган парламент сайловлари арафасида аввалроқ таъқиб туфайли мамлакатдан чиқиб кетган, эндиликда мазкур сайловларга қатнашиш ниятида бўлган собиқ амалдорлар аста-секин юртга қайтмоқда.

Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Наримон Тюлеев апрелдаги давлат тўнтаришидан сўнг кўплаб жиддий жиноятларда айбланган ва Қирғизистондан қочиб кетган эди. У 6 сентябр куни ҳеч қандай тўсиқларсиз Қирғизистонга қайтиб келди. Унинг номзоди “Ота юрт” сиёсий партияси томонидан депутатликка кўрсатилгани Наримон Тюлеевга нисбатан жиноят ишининг вақтинча тўхтатилиши ва мамлакат ичкарисида эркин фаолият юритишига имконият яратиб берди.

Айни пайтда “Ота юрт” партияси ҳамраиси Садир Жапаров Наримон Тюлеевнинг мамлакатга қайтиши амалдаги ҳукуматни ташвишга солиб қўйгани ҳақида гапиради:

- Ҳозирги кунда сиёсий тазйиқ давом этмоқда. Масалан, Наримон Тюлеевни бугун терговчи сўроққа чақирди. Ҳолбуки, Қирғизистон қонунчилигида бирор шахс депутатликка номзод сифатида рўйхатга олингач, унга нисбатан очилган жиноят ишлари тўхтатилиши кераклиги белгилаб қўйилган, - деди Садир Жапаров.

Бироқ Садир Жапаров сиёсий тайзиқ деб атаётган кўринишнинг мавжудлигига қарамай, депутатликка номзодлар рўйхати турли жиноятларда айбланаётган собиқ амалдорлар номлари билан тўлиб бормоқда. Масалан, ўз лавозимини суиистемол қилишда айбланган собиқ Фавқулодда ҳолатлар вазири Қамчибек Ташиев, собиқ Транспорт вазири Нурлан Сулаймонов ва собиқ амалдор Роман Шинлар ҳам депутатликка номзодлар сифатида қайдга олинган.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Ақилбек Сариевнинг айтишича, мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишларининг очилгани уларни депутатликка номзод сифатида рўйхатга олинишига тўсқинлик қилолмайди.

- Сайловда иштирок этишни истаган сиёсий партиялар депутатликка номзодлар рўйхатига жиноятларда айбланаётган одамларни ҳам киритган. Қонун уларни рўйхатга олмаслигимизга йўл қўймайди. Чунки уларнинг жиноятчи экани ҳақида суд қарори ҳозирча йўқ. Лекин бу одамлар депутатликка сайланиб қолса, суд қарори чиқмагунига қадар уларга депутатлик мандатлари топширилмайди, - деди Ақилбек Сариев.

Сиёсий таҳлилчи Табилди Акеровнинг айтишича, сайловдан кейин суд томонидан депутатликка номзодлар ёки депутат бўлиб сайланган шахсларга нисбатан жиноят ишлари бўйича объектив қарорлар чиқиши даргумон. Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам бу қарорлар жамоатчилик томонидан сиёсий буюртма сифатида қабул қилиниши мумкин.

- Авваллари ҳам жиноятларда айбланган амалдорлар депутатликка сайланиб олиб, жавобгарликдан қутилиб кетган. Бу каби ҳаракатлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Жиноят ишлари бекордан-бекорга очилмайди, жингоят ишини очиш жуда оғир жараён. Бироқ бу жиноятларда айбланаётганлар буни “сиёсий таъқиб” деб жар солишади. Шунинг учун ҳам бу ишлар юзасидан муайян қарор чиқарилиши даргумон, - дейди Табилди Акеров.

Қирғизистонда парламент сайлови 10 октябрда ўтказилиши эълон қилинган.

Қирғизистон янги конституциясига кўра, парламент сайлангач, мамлакатда парламент бошқаруви жорий этилади. Бу билан Қирғизистон собиқ постсовет ҳудудидаги биринчи парламент республикасига айланади.
XS
SM
MD
LG