Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:41

Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинларига рад жавоби берилди


Турмуш ўртоқлари Олмаота ҳибсхонасида тутиб турилган қочқин аёллар шаҳар миграция департаменти қароридан карахт аҳволга тушганларини айтмоқдалар.
Турмуш ўртоқлари Олмаота ҳибсхонасида тутиб турилган қочқин аёллар шаҳар миграция департаменти қароридан карахт аҳволга тушганларини айтмоқдалар.

Олмаота шаҳар миграция департаменти учинчи давлатдан бошпана топиш ниятида Қозоғистонда вақтинча яшаб келган ҳамда июн ойи ўрталарида қозоқ махфий хизматлари томонидан қўлга олиниб, тергов ҳибсхонасида сақланаётган 30 қочқиннинг 24 тасига қочқинлик бўйича рад жавоби берилгани уларнинг яқинлари хавотирларини оширмоқда.

Жорий йил июн ойида қозоқ полициячилари томонидан ҳибсга олиниб, 3 ой давомида Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси Олмаота департаментининг тергов ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқинларидан бирининг рафиқаси 7 сентябр куни Олмаота шаҳар миграция департаментига эрига қочқинлик мақоми берилиш-берилмаслигини суриштириш учун боргани, департамент раҳбари эса аёлнинг эрига қочқинлик бўйича рад жавоби берилганини айтгани ҳақида Озодликка маълум қилди.

Қочқин аёлнинг айтишича, миграция департаменти бу ҳақдаги қарорни 27 август куни чиқарган, аммо бу борада ҳибсдагиларнинг яқинларига маълум қилмаган. Қочқин аёл тергов ҳибсхонада ўтирган бошқа ўзбек қочқинларининг кўпига ҳам Олмаота шаҳар миграция департаменти қочқинлик мақоми бериш бўйича рад жавоби берганини айтади.

- Случайно бориб, билдик бу ишни. Бўлмаса, хабар бермас экан булар, уйда ўтираверар эканмиз. Энди эса жуда ҳам қисқа, дейди, вақтларинг. Лекин жуда кўпига отказ, ҳаммасининг қоғозини ўқиб берди. Делосини очиб қаради, “значит, сенинг эрингга ҳам отказ”, деди, - дейди ўзбек қочқин аёли.

Бу хабар Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси Олмаота шаҳри департаментининг тергов ҳибсхонасида сақланаётган 30 диндор қочқиннинг яқинларини қаттиқ хавотирга солиб қўйди.

- Энди ҳозир отказ берса, биз Ўзбекистонга борсак, билмаймиз нима бўлишини, рўмолимизни ечишимиз керак. Тиқиб қўяди-да ҳозир борсак, билмаймиз, бошимиз қотиб ўтирибмиз ҳозир. Мазам йўқ, чўзилиб ўтирибман ҳозир, бу ердаги хотинлар квартира пулини тўлай олмаяпти, уй эгалари чиқариб юбораяпти квартиралардан. Жуда қийин аҳволга қолдик, - дейди ўзбек қочқин аёли.

Эслатиб ўтсак, 9 июндан то 11 июнга қадар Олмаотада қозоқ полициячилари ва махфий хизмати ходимлари учинчи давлатдан бошпана олиш ниятида Қозоғистонда яшаб келаётган 30 нафар ўзбек қочқинини қўлга олганди. Шу пайтгача бу диндор қочқинлар Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси Олмаота шаҳар департаментининг тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги бу 30 кишини мамлакатда оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганликда айблаб, халқаро қидирувга эълон қилгани маълум. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари қозоқ ҳамкасбларидан бу диндор қочқинларни юртига экстрадиция қилишни сўраган.

Маълум бўлишича, ўзбек қочқинлари қўлга олингач, Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси ҳибсда сақланаётган 30 қочқиннинг 24 тасига адвокат ёллаган, қолган 6 нафар ўзбек қочқинига эса адвокатларни уларнинг яқинлари ёллаганлар.

Мазкур бюронинг қочқинлар иши бўйича мутахассиси Денис Живага Озодлик мухбири билан суҳбатда Олмаота шаҳар миграция департаменти август ойи ўртаси ва охирида адвокат ёлланган 24 та ўзбек қочқинига қочқинлик мақоми бериш бўйича рад жавоб берганини маълум қилди.

- Айни пайтда мен Олмаота шаҳар миграция департаменти тергов изоляторида сақланаётган 30 нафар ўзбек қочқиннинг 24 тасига қочқинлик мақоми бериш бўйича рад жавоб берганини аниқ айта оламан. Аслида, 30 нафар ўзбек қочқинининг 29 таси қочқинлик мақоми берилиши бўйича рад жавоби олган, бирига қочқинлик мақоми берилган. Аммо 30 қочқиннинг олти нафарининг вазияти бўйича тўлиқ ва аниқ маълумот беролмайман, сабаби уларнинг адвокатлари бошқа. Энди 24 нафар ўзбек қочқинига ёллаган адвокатларимиз 3 кун давомида тергов изоляторига кириш учун прокуратурадан рухсат олиб, миграция департаменти қарори юзасидан туман судига шикоят аризасини топширадилар. Туман суди ҳам бу қарорни ўзгаришсиз қолдирса, адвокатлар шикоят аризаси билан Олмаота шаҳар судига, ундан сўнг эса мамлакат Олий судига мурожаат қиладилар, - дейди Денис Живага.

Бу масаланинг энг хавотирли жиҳати шундаки, туман прокурори адвокатларнинг 3 кун давомида Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси Олмаота шаҳри департаменти тергов изоляторига киришлари учун рухсат бермаслиги мумкин. Бу эса, Денис Живаганинг айтишича, адвокатларнинг миграция департаменти қарори юзасидан туман судига шикоят аризасини топшириш ишларини қийинлаштириб юборади.

Озодлик мухбирининг 30 нафар ўзбек қочқинидан 24 тасига Олмаота шаҳар миграция департаменти томонидан қочқинлик бўйича рад жавоби берилгани сабаби ҳақидаги саволига Денис Живага қуйидагича жавоб берди:

- Улар содир этган жиноятлар бўйича далиллар ўз исботини топди. Қочқинлик мақоми бериш бўйича комиссияда кўпгина ўзбек қочқинлари Ўзбекистонда жиноят содир этганликлари, портлаш ва террорчилик ҳужумларида иштирок этганликларини тан олдилар. Бунга ўзлари иқрор бўлдилар, бундай жиноятлар содир этганликларини тан олишлари учун уларни ҳеч ким қийнагани ёки зўрлагани йўқ. Шунинг учун миграция департаменти уларга Қозоғистон ҳудудида қочқинлик мақоми бериш бўйича аризаларига рад жавоб берди, - деди Денис Живага.

Айни пайтда, маълум бўлишича, БМТнинг қочқинлар иши бўйича Женевадаги қароргоҳидан келган вакил Олмаота шаҳар миграция департаменти томонидан ҳисбда сақланаётган 30 ўзбек қочқинига қочқинлик мақоми бериш бўйича ўтказилган комиссияда шахсан иштирок этган ва департамент қарорини маъқуллаган. Шунингдек, Женевадан келган вакил БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонасига аввалроқ бу қочқинларга қочқинлик мақоми берилгани юзасидан ваколатхона ходимларига эътироз билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 9 сентябр куни Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган 30 нафар ўзбек қочқинини экстрадиция бўйича тутиб туриш муддати тугайди.

Ҳозирда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари бу қочқинларнинг “бошпана изловчи” мақомидан маҳрум этилиши қозоқ ҳуқуқ-тартибот органларига қўл келишию бу ҳодиса уларнинг Ўзбекистонга бадарға қилиш ишларини осонлаштириши мумкинлиги юзасидан хавотир билдирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG