Линклар

“Ўзбекистондаги вазиятни беқарорлаштириш Россия манфаатидадир.”


Сергей Ежков “Россиянинг Осиё ўйинлари” мақоласидаги фикрлари юзасидан ҳамкасбларини баҳсга таклиф қилади.

Сергей Ежков “Россиянинг Осиё ўйинлари” мақоласидаги фикрлари юзасидан ҳамкасбларини баҳсга таклиф қилади.

Ўзбекистонда чиқадиган uzmetronom.com инетрнет нашрининг бош муҳаррири журналист Сергей Ежков Қирғизистон ва Тожикистонда рўй берган сўнгги воқеаларга оид ўз қарашларини ифода қилган мақоласида ана шундай хулосага келади.


“Россиянинг Осиё ўйинлари” номли мақоласида Ежков Қирғизистон ва Тожикистонда рўй берган воқеалар бир занжирнинг ҳалқалари экани ҳамда бунинг ортида постсовет Ўрта Осиёсида вазиятни изидан чиқариб, у ердаги геосиёсий манфаатларини кучайтиришни ният қилган Россия турганига очиқ ишора қилади.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Ежков ўз мақоласида илгари сурган тахминларини изоҳлаб берди.

- Нега бундай хулосага келганимни тушунтирадиган бўлсам, аввало кўз ўнгимизда собиқ иттифоқ таркибида бўлган Ўрта Осиё мамлакатларида вазиятнинг беқарорлашиб бораётганини айтиш жоиз. Агар ҳаммаси Қирғизистонда давлат тўнтариши билан якунланганида, майли булар ҳар беш йилда ҳокимиятни ағдаришга одатланиб қолган, деб қўйиш мумкин эди. Лекин ундан кейин рўй берган воқеаларга назар ташлайдиган бўлсак, Қирғизистон жанубидаги оммавий қирғин, ундан кейин бу беқарорликнинг бир қисми Тожикистонга кўчгани одамни ўйлантиради. Ўзбекистон билан чегарадош икки давлатда беқарор вазият юзага келгани бу ерда қандайдир қонуният йўқмикан, дейишга асос бўла олади.

Қирғизистонда ҳокимият ағдарилиши биланоқ Россия Бош вазири Владимир Путиннинг муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлаганини эслатаркан Ежков, Кремлнинг, хусусан, шахсан собиқ КГБчи Путиннинг бу воқеалар ва ундан кейин Қирғизистон жанубда ўзбекларга қарши бошланган зўравонликлардан аввалдан хабардор бўлганига очиқдан-очиқ шаъма қилади.

Ўш ва Жалолободдаги хунрезликларнинг Тошкентда ўтаётган ШХТ саммитининг охирги кунига тўғри келгани, шунингдек, Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасидан қочган давлат тўнтаришини ясашга уринганликда айблан шахслар орасида Россия фуқаролари бўлгани ҳам, журналист фикрича, бежиз эмас.

- Ҳа, мен бунинг ортида Путин бўлмасда, Россия билан конфликтга киришаётганларни синдириш ёки қандайдир йўл билан уларни ўзига бўйсунтиришга уринаётган конкрет давлат турганини назарда тутяпман. Бунга Россия-Грузия можароси ва Жанубий Осетияга қўшинларнинг киритилиши ёки Украинада Юшченконинг сиёсий саҳанадан четлаштирилишини мисол қилиш мумкин. Россия шу пайтгача Осиё етакчилари билан муносабат қилиш стратегияси ва механизмларини белгилаб ололгани йўқ. Улар Америка дипломатияси элементлари, яъни пул билан овунтиришга ҳаракат қилмоқда, лекин бунинг уддасидан чиқа олмаяпти. Чунки биринчидан, берилаётган пуллар миқдори унчалик катта эмас, қолаверса, Россиянинг минтақадаги таъсири ҳам ҳаминқадар аҳволга келиб қолган. Нима бўлганда ҳам Россиянинг таъсири постсовет ҳудудининг бир қисмидагина сақланиб қолган. Россия таъсир доирасидан Грузия, Озарбайжон чиқиб бўлди, Арманистоннинг ҳам Тоғли Қорабоғ можароси боис Москвага бўлган тобеълиги сусайиб бормоқда. Ўз ўйинини олиб бораётган Ўрта Осиё давлатлари ҳам бу таъсир доирасидан чиқмоқда ёки чиқиб бўлди. Албатта, бу давлатлар Россия билан ҳамкорликдан буткул воз кечгани йўқ, лекин ўз диққатини фақатгина Россияга қаратаётгани йўқ. Улар кўп векторли сиёсат, деб аталувчи ўйинни олиб бормоқда.

Бунда Марказий Осиёда вазиятнинг беқарорлашиб бораётганига бошқа ўйинчилар, жумладан Қўшма Штатлар ва исломий кучларнинг алоқаси борлиги эҳтимолдан йироқдир, дея таъкидлайди ўзбекистонлик журналист.

Қўшма Штатлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу давлат ҳар қандай ҳамкор ва режимлар билан муносабат қуришнинг ишончли механизмларини ишлаб чиққан. Ўз фикрига далил ўлароқ, Ежков Қирғизистонда АҚШ базасининг Ақаев, Бакиев ва янги режим шароитида сақланиб қолаётгани, Тожикистон ҳам Америка билан ҳарбий ҳакорликни ошираётгани, қолаверса, Вашингтоннинг Андижон воқеаларидан кейинги совуқчиликни енгиб ўтиб, бугун Тошкент билан алоқаларини тўла тиклаб олганини мисол қилиб келтиради.

Ҳалифалик ғоясини илгари сураётган Исломий кучлар эса, дея хулоса қилади журналист, кураш тактикасини ўзгартирб, кейинги пайтларда давлатга қарши қуролли курашдан воз кечиб, ўзлари ҳаракат қилаётган минтақларда аҳоли орасида диний даъват фаолиятни кучайтирганга ўхшайди.

Ана шу тахминларга асосланган ҳолда Россия бутун минтақа, жумладан, Ўзбекистонда ҳам вазиятни изидан чиқариб, вужудга келган бўҳрон воситасида ўзига бўйсунувчи режимларни яратиш ва Марказий Осиё давлатларини Россияга қўшиб олиш режаларини амалга оширшга уринаётган кўринади, дейди Ежков.

- Албатта, бу режалар ҳақида очиқдан-очиқ гапиришмайди. Лекин ўртоқ Путин ва Россиянинг кўплаб сиёсатчилари нутқларида Совет Иттифоқини қўмсаш оҳанглари тез-тез учраётганини кўриш мумкин. Лекин менимча, бир пайтлар ҳақиқтан ҳам улкан ва қудратли бўлган маконни хоҳ ҳарбий, хоҳ иқтисодий воситалар билан бирлаштириш уринишлари бефойда тадбирдир.

Сергей Ежков ўз мақоласида илгари сурган тахминлари шахсий кузатувларига асослангани ва улар мутлақ ҳақиқат эканига даъво қилмаслигини таъкидлар экан, бу тахминларга муқобил фикрлари бўлган кузатувчи ва таҳлилчиларни мавзу юзасидан баҳс қилишга таклиф қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG