Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:54

"Ўзбеклар импорт дориларига кўпроқ ишонади"


Ўзбекистон бошқарув тизимидаги муаммоларни ҳал этса, минтақанинг дори-дармон бозорида етакчи ролни ўйнаши мумкин.
Ўзбекистон бошқарув тизимидаги муаммоларни ҳал этса, минтақанинг дори-дармон бозорида етакчи ролни ўйнаши мумкин.

Жорий йилда Ўзбекистон фармацевтика бозорида катта ўзгаршлар кутилмаяпти, дея башорат қилди Лондондаги “Business Monitor International” тадқиқот маркази. Айни пайтда, Ўзбекистон дори бозори 2009-2014 йилларда 10 фоиздан кўпроққа ўсиши ва йилига ўртача 519 миллион АҚШ долларини ташкил қилиши тахмин қилинмоқда.


“Business Monitor International” (BMI) тадқиқот маркази эълон қилган сўнги ҳисоботларидан бирида Ўзбекистон ҳукумати фармацевтика соҳасини такомиллаштиришни устувор масалалардан бири, деб эълон қилгани айтилади.

Давлатга қарашли “Ўзфармсаноат” ширкати ишлаб чиқаришни мамлакат ичида йўлга қўйиш учун ҳорижий саромядорлар иштирокида бир нечта қўшма корхоналарни ташкил қилди. 30 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистон ва у ердаги дориларга бўлган талаб хорижий ширкатлар диққатини ўзига тортади, дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатда қайд этилган, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва модернизация қилиш бўйича “Ўзфармсаноат” ширкати 30 миллион АҚШ долларига тенг дастурни амалга ошираётгани ҳақидаги гапларни ширкатнинг Илмий ишлар бўлими раҳбари Болта Қаҳҳоров тасдиқлар экан, дастур доирасида биринчи навбатда, мамлакатдаги дори ишлаб чиқарувчи корхоналарга янги ускунлар сотиб олинаётгани ва кадрлар малакасини оширишга эътибор қаратилаётганини айтади.

Озодлик билан суҳбатда “Ўзфармсаноат” вакили ҳозирда мамлакат бозоридаги дори воситаларнинг 20 фоизига яқини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда, дейди.

- Корхоналарнинг кўпчилигида дори воситалари маҳаллийлаштирилган. Ҳозирги кунга келиб 70 та фармацевтик гуруҳлар бўйича дори воситалари ишлаб чиқарилади. Буларга ҳар хил антибиотик, биостимуляторлар, вакциналар ва ҳоказо киради. Охирги маълумотларга кўра республика бўйича ишлаб чиқарувчилар ҳажмини умумий ҳисобда олганда 20 фоизга яқинлашиб қолади, қолгани имопорт қилинади.

Импорт дорилари асосан Европа мамлакатлари, Хитой ва Ҳиндистондан келади, лекин дея таъкидлайди, Болта Қаҳҳоров Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дорилар сифат жиҳатидан ҳориждан келтирилганларидан қолишмайди.

Фарғонадаги аптекалардан бирининг ходими Алишер ҳам ўзбек беморларига сотилаётган дориларнинг асосий қисми четдан келтирилади, дейди.

- Ҳозир асосан чет давлатдан келаяпти ҳаммаси. Ўзбекистонда сертификатланиб, кейин бизга тарқаладида. 60-70 фоиз бор ака.

“Ўзимизда чиқарилган дорилар сифати яхши бўлса-да, харидорлар ҳорижда чиқарилганини афзал кўради”, дея давом этади Алишер.

- Ҳа ўзимизники ҳам яхши. Ëмон эмас. Бошқа дориларга нисбатан яхши. Яхши, зўр чиқади. Фақат бизнинг ўзимизнинг ўзбеклар буни тушунмайди. Узоқдан келганининг нархи қимматига тушади холос. Антибиотик. Келиши фақат бошқа-бошқа бўлиб келган ва нархи бошқа. Ўзбекистонники 1900 сўм бўлса, чет давлатдагиларники 5200 сўм. Мана шунақа фарқ.

Лекин, дея қўшимча қилади фарғоналик аптекачи Алишер, маҳаллий ва имопорт қилинган бир хил дори ўртасидаги фарқ икки-уч минг сўм бўлса-да, ҳориж дориси пештахтада узоқ ушланиб қолмайди.

Қашқадарёлик Ойша опанинг айтишича, ўзбекистонликларнинг маҳаллий дориларга нисбатан шубҳа билан қарашига асосий сабаблардан бири кўп ҳолларда бу дориларнинг самара бермаслигидадир.

- Бу ердаги ўзимизнинг врачлик пунктларининг кўплари чет элнинг дорисини олиб келмайдида. Ўзимизнинг Ўзбекистоннинг дорилари бўлади. Кўплари ўзининг срогини ўтаган бўлади. Текшир-текшир йўқ бизда. Оддий қишлоқ шароитида яшаймиз чанг кўчаларда. Аптекада сотишади, аҳоли олади. Лекин бу дориларнинг фойдасини умуман билмадик, зиғирча ҳам, дейди Ойша опа.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда долзарблигини йўқотмаган қалбаки дорилар муаммоси ҳам мижозларнинг дори воситаларига бўлган шубҳасига ҳисса қўшади, дейди мутахассислар.

Ўтган ойда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги “Даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларини тайинлаш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиши, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек дорихона муассасалари томонидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тўғрисидаги” 191-сонли буйруғи чиқди.

Янги буйруққа кўра, бундан кейин шифокор назоратида истеъмол қилиниши лозим бўлган анитибиотик каби дори воситалари беморларга рецептсиз сотилмайдиган бўлади.

Лекин фарғоналик аптекачининг айтишича, соғлиқни сақлаш вазирлигининг 191-буйруғи ҳали кучга киргани йўқ ва ҳозирча дорихонадан анитибиотикларни ҳам рецептсиз сотиб олиш мумкин.

Анитибиотиклар рецептсиз берилади. Документ бўйича ҳам бизга ëзиб берилганда рецептсиз дорилар, деб антибиотикларни ёзиб берган. Улар рецептсиз берилади. Бизга рецепт билан бериладиган дорилар келмайди. Рецепт билан психотроп дорилар сотилади, лекин уларни оддий дорихоналардан эмас, аптека бошқармаларидан олиш мумкин, дейди Алишер.

“Ўзбекистондаги бизнес муҳити қўшни Қозоғистондагига қараганда қийинроқ бўлишига қарамасдан, мамлакат аҳолиси сонининг каттароқлиги дори воситалари бозорида кенгроқ имкониятларни яратади. Бундан ташқари, Қирғизистондаги сиёсий бошбошдоқлик, Туркманистон ва Тожикистондаги ишлаб чиқариш кўламининг анча орқада қолиб кетгани ҳам Ўзбекистоннинг минтақадаги дори воситалари бозоридаги етакчи ўринларни эгаллаши мумкинлигини англатади, лекин бунинг учун Ўзбекистон божхона тизимидаги камчиликлар ва ҳорижий нодавлат ташкилотларига нисбатан шубҳа билан қараш каби муаммоларни ҳал этиши лозим”, дея хулоса қилади “Business Monitor International” (BMI) тадқиқот маркази.
XS
SM
MD
LG