Линклар

Қочоқ маҳбусларни тутиш амалиётида тожик зобити ҳалок бўлди


Душанбе ҳибсхонасидан қочган маҳбусларни тутиш бўйича 7 сентябр куни ўтказилган амалиёт чоғида Тожикистон миллий гвардияси зобити ҳалок бўлди. Зобитнинг исми ошкор этилмаяпти.

Маълум қилинишича, Тожикистон миллий гвардияси кучлари республика шарқидаги Файзобод, Ваҳдат туманлари ва Ромит дарасида 23 август куни Душанбедаги Миллий хавфсизлик қўмитаси тергов ҳибсхонасидан қочган маҳбусларнинг олти нафарини ўраб олган.

Икки ҳафта аввал Душанбе ҳибсхонасидан қочиб, ҳозирда ҳукумат кучларига қаттиқ қуролли қаршилик кўрсатаётган маҳбуслар орасида Россия фуқаролари ҳам борлиги айтилмоқда.

Душанба куни Тожикистон куч ишлатар тизимлари Файзобод туманида собиқ генерал Ғаффор Мирзоевнинг укаси, қочоқ маҳбус Абдурасул Мирзоев ушлангани маълум қилинган эди. Ўтган ҳафта охирида эса Ваҳдат туманида "Қори Иброҳим" лақабли Иброҳим Насриддиновнинг қўлга олинган эди.

23 август куни республика Миллий ҳавфсизлик қўмитасининг тергов ҳибсхонасидан 25 маҳбус қочган эди. Улар посбонларни ўлдириб, қурол-аслаҳаларга эга бўлиб олишганди.

Шундан кейин улар Адлия вазирлигининг тергов изоляторига ҳам ҳужум қилиб, яна тўрт посбонни ўлдиришган.

Қочоқ маҳбуслар террорчилик ва гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланганликда айбланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган эдилар.
XS
SM
MD
LG