Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:13

Лукойл Ўзбекистон билан янги шартномалар имзоламоқчи


“Газпром” ортидан Марказий Осиё нефт-газ бозорида фаоллашиб бораётган Россиянинг “Лукойл” ширкати Ўзбекистондан газ транспорти ҳажмини оширишга киришди. Бунинг учун 2010 йилнинг ўзида “Лукойл” Ўзбекистондаги геологик қидирув ва углеводород манбаларини ўзлаштиришга 480 млн доллардан ортиқ маблағ сарфлашини билдирган.


Бугунги кунга келиб “Лукойл” ширкати Ўзбекистонда 4 лойиҳада - Орол, Қўнғирот, Қандим-Ҳовзак-Шоди ва Жанубий-Ғарбий Ҳисор лойиҳаларида иштирок этмоқда. Ширкатнинг фаоллашиши, биринчи навбатда, олиб борилган геологик қидирув ва қазиш ишлари натижасида Ўзбекистонда янги газ конлари очилиши билан бевосита боғлиқ, дейди “Лукойл”нинг матбуот котиби Дмитрий Долгов:

- Дарҳақиқат, биз яқин ойларда Ўзбекистондан газ транспортига оид янги келишувларни имзолашга тайёрланаяпмиз. Бу шартномалар янги лойиҳаларимизни Ўзбекистонда амалга ошириш учун имконият яратади. Нима учун янги шартнома эканлигини тушунтираман: биз Ўзбекистонда янги газ қатламларини, конларини аниқладик. Тўғри, бу конларнинг қанчалик газга бой эканлиги тўғрисида олдиндан бирор-бир рақамларни келтириш ноўриндир - бу бизнинг тахминларимиз, холос. Нима бўлганда ҳам, шу йилнинг ёзида Шимолий Устюртнинг нефт ва газга бой Кўсбулоғида 3300 метр чуқурликда қудуқ ковланди. Лицензияга мувофиқ, “Лукойл” ширкатига тегишли Кўсбулоқ букилиши контракт ҳудуди Қорақалпоғистонда жойлашган бўлиб, мазкур қудуқ дебети суткасига 580 минг куб метрни ташкил этади, дейди Дмитрий Долгов.

Янги конларни очаётган “Лукойл” бу газни траспорт қилиш муаммоси билан дуч келмоқда, чунки олдин улар “Газпром” газ транспорти тармоғи орқали ўз газини Ўзбекистондан экспорт қилган. “Лукойл” вице-президенти Леонид Федуннинг Москвада ўтказилмиш матбуот анжуманида берган маълумотига кўра, ҳозирда шартнома имзоланишидан олдин Ўзбекистонда очилган барча кон заҳиралари ҳисобга олинмоқда.

Бугунги кунда “Лукойл” оз миқдорда газ транспорти билан ҳам шуғулланаяпти. Лекин Дмитрий Долговнинг айтишича, “Лукойл” қазиб олаётган газ транспорти ва сотилаётган нархи тўлалигича “Ўзбекнефтгаз” корхонаси назорати остида:

- Шу сабабли биз қазиб олаётган газ қайси нархда сотилаётганлиги ҳақида мен сизга маълумот бера олмайман. Биз қанча газ олаётганимизни биламиз, лекин қайси нархда, кимга сотилаётганини билмаймиз. Ўзбек газининг асосий қисми “Газпром” газ-транспорти тизими орқали тўлиқ экспортга ўзатилаётгани аниқ. Қандимдан олинаётган 12 минг тонна газ конденсатини ҳисобга олмасак, масалан, Ҳовзак-Шоди конидан ўтган 2009 йилда 2,23 миллиард метр куб газ олинган. Шунингдек, бу конда қазиш ишлари давом этмоқда, демакки, газ қазиб олиш ҳажми фақат ошириб борилади. Барча аниқланган қудуқлар ишга туширилган тақдирда, “Лукойл” йилига 12-14 миллиард куб метр газ экспорт қилишни режалаштирмоқда, дея маълум қилди “Лукойл” ширкати вакили Дмитрий Долгов.

Ширкат расмийсидан олинган маълумотларга кўра, олиб борилаётган қазиш ишлари Ҳисор конида 2012 йилда табиий газ оқимини олиш имкониятини беради. “Лукойл” ширкати газдан ташқари Ўзбекистон ҳудудида нефтни қазиб олмоқда. Жанубий-Ғарбий Ҳисорда 2009 йилда 38 минг тонна нефт олинган.

“Лукойл”нинг берган расмий маълумотига кўра, имзоланган тегишли шартномаларнинг амал қилиш муддати давомида компаниянинг Ўзбекистонга киритган сармояларининг умумий миқдори 5,5 млрд. АҚШ доллардан ошди.

US GAAP стандартлар бўйича ҳисобот маълумотига биноан, “Лукойл” нефт ширкатининг 2010 йилнинг биринчи ярмидаги соф даромади 24 % , яъни 4 млрд долларга етган. Компаниянинг нефт қазиб олиш ҳажми 1%, яъни суткасига қарийб 2 млн. баррелга қисқарганига қарамасдан , экспорт ҳажми 6,5 фоизга ошган.

“Лукойл”нинг чет мамлакатлардаги сарф-харажатлари ошиб боришини “Миллий стратегия муаммолари” журнали бош муҳаррири, Россия стратегик тадқиқотлар институти эксперти Аждар Қуртов компаниянинг чет эл нефт ва газ бозорида экспансив ҳаракатларини кучаяётгани билан изоҳлайди:

- Ҳа, улар истиқбол учун ишламоқда. Улар нафақат Марказий Осиё, балки Африка ва ҳатто Лотин Америкасида айни сиёсатни юргизаяпти. Улар активларни сотиб олмоқда, хом ашё бозорида мамлакат ҳукуматлари билан шартномаларни имзоламоқда. Ахир конъюнктура ўзгарувчанлик хусусиятига эга, углеводород заҳираларига бўлган талаб тобора ошиб боради. “Лукойл” компанияси эса вазиятдан фойдаланган ҳолда ҳозирдан манфаатли шартномаларни имзолаб қўймоқда. Шу сабабли Ўзбекистонда “Лукойл” консорциум таркибида эмас, балки ўзининг шахсий лойиҳалари ташаббуси билан чиқмоқда, дейди Аждар Қуртов.

Айтиш жойизки, бевосита Ўзбекистонда геологик қидирув, қазиш ишлари ва газ транспорти хизматини амалга ошираётган “Лукойл Оверсиз” ширкати деярли барча қазиш ишларини бошқа компаниялар консорциумида амалга оширмоқда.

Орол лицензия блоки бўйича Маҳсулотни тақсимлаш ҳақидаги келишув (МБК) 2006 йил августида имзоланган ва 2007 йил январида кучга кирган. Лойиҳани тенг улушли (ҳар бири 20 фоиздан) "Ўзбекнефтгаз" Миллий холдинг компанияси, "ЛУКОЙЛ Оверсиз", "SHIIC International" (Хитой), "KHOS Арал" (Корея) ва "Petronas Sarigali Overseas" (Малайзия) таркибида инвесторлар консорциуми амалга оширмоқда. "Aral Sea Operating Company" операцион компанияси офиси Тошкентда жойлашган.

Ўзбекистон ҳудудидаги “Ўзбекнефтгаз” ширкати томонидан ажратилган 47 сармоя блогидан 26 таси қазиш ва қидирув ишларини олиб бориш учун аллақачон хорижий компанияларга лицензия бўйича топширилган.

Табиий газ қазиб олиш бўйича бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” ширкати жаҳонда 11-ўринни эгаллаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG