Линклар

“Ўзбекистон бўйнимизга қўяётган айбловларни тан олганимиз йўқ”


Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинларига қочқинлик мақоми бўйича рад жавоб берилгани ҳақида Озодликка 7 сентябр куни Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси вакили Денис Живага маълум қилганди.

Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинларига қочқинлик мақоми бўйича рад жавоб берилгани ҳақида Озодликка 7 сентябр куни Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси вакили Денис Живага маълум қилганди.

Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқинлари Ўзбекистон томонидан ўзларига қўйилаётган айбловларни ҳеч қачон тан олмаганликларини айтмоқдалар.


Июн ойи ўрталарида қозоқ махфий хизматлари томонидан қўлга олиниб, Олмаота тергов ҳибсхонасида сақланаётган қочқинларларнинг айтишича, Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси вакили Денис Живага ўзбек қочқинларига маҳаллий миграция департаменти томонидан қочқинлик мақоми бўйича рад жавоби берилиши сабабларини нотўғри кўрсатган.

- Биз Ўзбекистон бўйнимизга қўяётган бирорта бир айбловни ўзимиз тан олганимиз йўқ. Бунақа нарса бўлгани йўқ, бу ёлғон. Тан оладиган нарсанинг ўзи ҳам йўқ. Менга “Ўзбекистон томонидан чегарани ноқонуний кесиб ўтган”, деган айблов қўйилган. Бу ерда ўтирганларнинг кўпчилигида фақатгина “экстремистик бир жамоатга қатнашган” деган 244-моддагина қўйилган. Бирортасига терроризм бўйича бирор-бир айблов қўйилган эмас. Лекин Денис Живага айтганидек, бу ерда ҳеч ким, шу ерда ўтирганларнинг бирортаси теракт содир қилгани тўғрисидаги айбномани бўйнига олган эмас. Аслида бу ерда ўтирганларнинг ҳаммасига ҳам унақанги айбномалар қўйилган эмас, - деди қарийб уч ойдан буён Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқинларидан бири Озодлик мухбири билан телефон орқали суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, учинчи давлатдан бошпана топиш ниятида Қозоғистонда вақтинча яшаб келган ҳамда июн ойи ўрталарида қозоқ махфий хизматлари томонидан қўлга олиниб, тергов ҳибсхонасида сақланаётган қочқинларнинг кўпи Олмаота шаҳар миграция департаменти томонидан қочқинлик мақоми бўйича рад жавоби олганлари ҳақида 7 сентябр кунги дастуримизда хабар қилгандик.

Бу бўйича Озодликка сўзлаган Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг қочқинлар иши бўйича мутахассиси Денис Живага қочқинлик мақоми бериш бўйича комиссияда ўзбек қочқинларининг аксарияти Ўзбекистонда жиноят содир этганликлари, портлаш ва террорчилик ҳужумларида иштирок этганликларини тан олганлари учун қочқинлик мақоми олиш имкониятидан маҳрум бўлганларини айтганди.

7 сентябр тунида Озодлик мухбири билан телефон орқали суҳбатлашган ҳибсдаги ўзбек қочқинининг айтишича, ҳозир у сақланаётган тергов изоляторида қозоқ полициячилари томонидан июн ойи бошида қўлга олинган 30 нафар қочқиндан 15 таси сақланмоқда. Аммо уларнинг бирортаси, ўзбек қочқинига кўра, аввал Ўзбекистонда оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганликларини тан олмаганлар.

Унинг қўшимча қилишича, бу хабарни журналистларга етказган ҳуқуқ ҳимоячиси Денис Живага тергов изоляторида ҳибсда сақланаётган ўзбек қочқинларига қочқинлик мақоми бериш-бермаслик бўйича Олмаота шаҳар миграция департаменти ўтказган комиссияда иштирок этган ҳам эмас.

Олмаота шаҳар миграция департаменти тергов изоляторида сақланаётган ўзбек қочқинларининг кўпчилигига қочқинлик мақоми бўйича рад жавоби бергани ҳақида ҳибсдагиларнинг ўзларига ҳам маълум қилмаган.

Олмаота ҳибсхонасидаги қочқиннинг эътирофича, ҳибсхонада сақланаётган 30 нафар ўзбек қочқинини ҳимоя қилиш учун аввалдан адвокатлар ёлланган бўлишига қарамасдан, шу кунгача уларнинг бирортаси ҳибсдаги қочқинларнинг киритилмаган.

- Ҳозиргача бизга адвокатлар киргани йўқ. Бугунги кунга қадар бизга бирор-бир маълумот келгани йўқ, “статус берилади сизларга ёки берилмайди” деган маълумот келмади. Бизга ҳар ой срок қўшиб берилганида фақатгина бир неча кишини судга олиб чиққан, қолганларнинг судлари бизнинг иштирокимизсиз бўлди. Биз иштирок этмадик судларда, бизга ўзлари суд бўлгани тўғрисида ва бизга яна экстрадицион арестни муддати узайтирилгани тўғрисида қоғозлар келди. Лекин биз судларда ўзимиз иштирок этмадик, ўзимизни ҳимоя қилишлик имконидан маҳрум эдик, - дейди қарийб 3 ойдан буён тергов изоляторида сақланаётган ўзбек қочқини.

Биз тергов ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқинларининг кўпи Ўзбекистонда оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганини тан олгани ҳақида маълум қилган ҳуқуқ ҳимоячиси Денис Живага билан қайта боғланиб, ундан ўзбек қочқини айтганларига изоҳ беришини сўрадик.

- Мен ҳозирча қочқинларнинг қайси бири жиноят содир этганини тан олган-олмагани бўйича жавоб беролмайман. Бу ҳақда сизга жума куни изоҳ беришим мумкин. Ўзбек қочқинлари бунга иқрор бўлишга бўлганлар, аммо уларнинг қанчаси бунга иқрор бўлганини айтолмайман, - дея жавоб қилди Денис Живага.

Эслатиб ўтсак, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураси Олмаотадаги тергов изоляторида сақланаётган 30 нафар қочқинни мамлакат ҳудудида оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганликда айблаб, қозоқ ҳамкасбларидан ҳибсда сақланаётган ўзбек қочқинларини экстрадиция қилишни сўраган.

Ҳибсда сақланаётган ўзбек қочқини қозоқ расмийлари бу борада уларга нисбатан инсонпарварроқ муносабатда бўлишига умид қилаётганини айтади:

- Агар Ўзбекистонга қайтиб бериб юбориладиган бўлса, бизни у ерда қийноқлар кутмоқда. Нафақат биз, балки бутун қариндош-уруғимиз, оила-болаларимиз жуда ҳам қийин аҳволда қолишини бутун жамоатчилик билишини сўраймиз. Қозоғистон ҳукумати ва бутун жамоатчиликдан, бизни ё Қозоғистонда олиб қолишликни, ё учинчи бошқа бир давлатга чиқариб юборишини сўраймиз, - деди ҳибсда сақланаётган ўзбек қочқинларидан бири.

Эслатиб ўтамиз, 9 сентябр куни Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган 30 нафар ўзбек қочқинини экстрадиция бўйича тутиб туриш муддати тугайди.

Озодлик радиоси учинчи давлатдан бошпана топиш ниятида Қозоғистонда вақтинча яшаб келган ва 9 июндан 11 июнгача қозоқ махфий хизмати ходимлари томонидан қўлга олиниб, 3 ойдан бери Олмаота тергов изоляторида сақлаб келинаётган 30 нафар ўзбек қочқини билан боғлиқ вазиятни яқиндан кузатиб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG