Линклар

logo-print

Жалолободлик милиционерлар Азимжон Асқаровга қарши гувоҳлик бераяпти


Новкендаги суд қилнаётган Азимжон Асқаров ва у билан қора курсида ўтирган йигитнинг кўзлари кўкаргани сезилиб турибди.

Новкендаги суд қилнаётган Азимжон Асқаров ва у билан қора курсида ўтирган йигитнинг кўзлари кўкаргани сезилиб турибди.

Қирғизистон жанубидаги этник тўқнашувлар ташкилотчиларидан бири сифатида айбланаётган жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ва бошқа етти нафар одам устидан Новкен туманида суд жараёни давом этмоқда.


Азимжон Асқаров ва бошқа етти нафар судланувчи иши юзасидан 2 сентябрдан бери давом этаётган суд жараёнида гувоҳ сифатида иштирок этаётган милиция ходимларининг барчаси бир хилда кўрсатма бермоқдалар:

- Азимжон Асқаров: “Милиция раҳбарини гаровга олинглар, қолган югур етимларини йўқ қилинглар, ўлдиринглар” деган гапини эшитганман. Шундан сўнг у ерга тўпланган одамлар бизга ҳужум қилди. Мана бу судланувчиларнинг ҳаммасини ўша ерда кўрганман, - деди гувоҳлардан бири бўлган милиция ходими Эмилбек Монтибоев.

Айни пайтда Азимжон Асқаровнинг ўзи суд жараёнида бу каби гувоҳликларни рад этди. Унинг айтишича, гаровга олиш ва бошқа ҳодисалар пайтида у воқеа жойида бўлмаган.

Азимжон Асқаровнинг айтишича, бу пайтда у оиласини хавфсиз жойга кўчириш билан овора бўлган. У машинада оиласини олиб кетаётганида унга телефон қилиб, бўлган воқеани айтиб беришган.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, милиция ходимлари унга нисбатан ёлғон кўрсатма бериб, 2006 йилдан бери ҳуқуқ-тартибот тузилмалари фаолиятидаги ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни ошкор қилиб келгани учун ўч олмоқдалар.

- Аслида бундай ҳаракатлар 2006 йилдан бошланган. Бозорқўрғон туман прокуратураси ва милициясининг мени йўқ қилиш учун бошлаган ҳаракати. Улар менинг фаолиятимни тўхтатмоқчи бўлишаяпти, - деди Азимжон Асқаров.

Айни пайтда бир қатор халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилгани ҳақида баёнот бермоқдалар. 8 сентябр куни АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси ҳам бу борада ўз баёнотини тарқатди.

“АҚШ элчихонаси Қирғизистон ҳукуматини Азимжон Асқаров ишини ҳолис ва адолатли ўрганишга, унинг хавфсизлигини таъминлашга чақиради. Биз, бундан ташқари, Азимжон Асқаров қариндошлари ва адвокатларига нисбатан ҳужумлар ҳамда таҳдидлар қилинаётгани ҳақидаги баёнотларни ҳам чуқур ўрганишни қаттиқ илтимос қиламиз”, дейилади АҚШ элчихонаси тарқатган баёнотда.

Айтиб ўтиш лозимки, суд жараёнида Азимжон Асқаров ва у билан бирга қора курсида ўтирган бир неча судланувчининг кўзлари зарбдан кўкариб кетганини кузатиш мумкин эди. Азимжон Асқаров адвокатларнинг қийноқлар ҳақидаги даъволарига қарамай, бу ҳақда бошқача маълумот берди:

- Судланувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадидида бизни мелисахонадан тор йўлак орқали олиб чиқишаяпти. Бу тор йўлакдан югуртириб олиб чиқади. Судланаётганларнинг асосий қисми ёшлар бўлгани учун икки кишига битта кишан уришаяпти. Мана шу тор йўлакдан югуриб ўтаётганимда бир ботинкам ечилиб кетди. Шунда мункиб кетиб, олдимда кетаётган одамнинг бошига кўзимни икки марта уриб олдим. Қийноқ бўлгани йўқ. Олтмишга кирган одамни мелиса урмайди-ку, - деди Азимжон Асқаров.

Айни пайтда Асқаровнинг адвокати Нурбек Тўқтақунов ўзига нисбатан босимлар бўлаётганини суд жараёнида очиқ эълон қилди:

- Мен оғзимни очишим билан уни ёпишга ҳаракат қилаяпсизлар. Мени гапиртирмасликка уринаяпсизлар. Шундан кейин қандай ишлаш мумкин? - деди Нурбек Тўқтақунов.

Халқаро ҳамжамиятнинг чақириқларига ва Азимжон Асқаровнинг ўзига қўйилаётган айбловни рад этаётганига қарамасдан, давлат қораловчиси 8 сентябр кунги суд йиғилишида судланувчини бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этилишини талаб қилди. Суд жараёнининг 9 сентябр куни ҳам давом этиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG