Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:41

АҚШ элчихоналари хавфсизлик чораларини қайта кўриб чиқади


“Dove World Outreach” черкови пастори Терри Жоунез ва унинг қавми Қуръони каримни ёқиш акциясидан воз кечмаётгани АҚШ расмийларини қўшимча хавфсизлик чоралари ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда.
“Dove World Outreach” черкови пастори Терри Жоунез ва унинг қавми Қуръони каримни ёқиш акциясидан воз кечмаётгани АҚШ расмийларини қўшимча хавфсизлик чоралари ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти дунёдаги Америка элчихоналарига, айниқса, Флоридадаги черков пастори Қуръонни ёқиш режасига қарши норозилик намойишлари уюштирилиши мумкин бўлган давлатлардаги АҚШ элчихоналарига хавфсизлик чораларини қайта кўриб чиқиш ҳақида кўрсатма берди.

АҚШ расмийларига асосланиб Ассошиэйтед пресс ахборот агентлигининг хабар қилишича, АҚШнинг дипломатик идораларига норозилик намойиши бўлиши эҳтимолини аниқлаш учун “фавқулодда ҳаракат қўмитаси” йиғилишини ўтказишга буйруқ берилган.

АҚШнинг Флорида штатидаги Гейнесвилле шаҳарчасининг “Dove World Outreach” черкови пастори Терри Жоунез 8 сентябр куни Гейнесвилледа ўтказилган матбуот анжуманида 2001 йил 11 сентябрда уюштирилган ҳужумнинг 9 йиллиги хотирасига мусулмонларнинг муқаддас Қуръон китобини ёқиш режасидан воз кечмаганини айтгани Қўшма Штатлар расмийлари хавотирини кучайтирмоқда.


- Тасаввур қиласизми, режамиздан воз кечишимиз борасида бизга жуда, жуда катта босим қилинди. Ҳозирча биз мақсадимиздан воз кечиш ниятида эмасмиз, - деди пастор Терри Жоунез мазкур матбуот анжуманида.

АҚШ ҳукумати ва Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинлари қўмондони генерал Дэвид Петреус ҳам муқаддас китобни ёқиш хориждаги Америка ҳарбийларига таҳдид пайдо қилиши мумкинлигини таъкидлаганига қарамай, черков қавми ўз режасини амалга оширмоқчи.

Айни пайтда АҚШ расмийлари Қуръон китоби ёқилса, дунёда, айниқса, араб ва бошқа мусулмон давлатларда Америкага қарши кайфиятлар кучайиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

Сешанба куни кечки пайт АҚШ Давлат департаментида ташкил қилинган ифторликда Давлат котиби Ҳиллари Клинтон черков пасторининг бу ҳаракатини шармандалик, деб баҳолаган эди.

- Биз бугун биргаликда бир дастурхон устида ўтирар эканмиз, Флоридадаги Гейнесвилле пастори 11 сентябр куни муқаддас Қуръонни ёқиш истагида экани хабар қилинмоқда. Мен бу воқеага нисбатан Евангелия черкови насронийларидан тортиб, яҳудий раввинлари, шунингдек, АҚШ нинг дунёвий етакчилари ва сиёсатчилари томонидан бу ҳурматсизларча, орсизларча ҳаракатнинг аниқ-тиниқ қораланганини кўриб, жуда руҳландим, - деди Ҳиллари Клинтон.

Давлат департаменти матбуот котиби Филип Кроулей эса черков пасторнинг режасини “провокация”, дея атади.

- Бизнингча, бу провокация ҳаракатидир. Бу уларнинг ҳурматсизлиги. Улар ғараз уруғини сочмоқда. Пастор ва унинг қавми таклифига кўпчилик қарши бўлиб, рад қилганини биз яхши биламиз, - деди Давлат департаменти матбуот котиби.

Америкадаги насроний ва яҳудий лидерлар ҳам черковнинг режасини қоралаб уни диний эркинликка қарши ҳужум, дея бахоладилар.

Чоршанба куни Ватиканда Рим католиклари раҳбарлари, агар черков ўз режасини амалга оширса, бу “ҳақоратли ва мудҳиш ҳаракат” бўлишини айтди.

8 сентябр куни Ватикан шаҳрида Ройтер ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда Ватикан матбуот котиби Федерико Ломбарди муқаддас Қуръон китобини ёқиш янги зўравонликларга сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этди.

- Бу акция (Қуръон китобини ёқиш) фақат янги нафрат ва зўравонлик келтириб чиқаради. Бу Худога ишонувчи одамлар сифатида биз доим тарғиб қилиб келаётганимиз тинчлик қарор топтириш йўлига эмас, балки тескари томонга етаклайди, - деди Ватикан расмийси.

Гейнесвилле шаҳридаги черков пастори Терри Жоунез ва қавмининг муқаддас Қуръон китобини ёқиш режасига қарши Афғонистон ва Индонезияда юзлаб одам аллақачон норозилик намойишлари ўтказди.

XS
SM
MD
LG