Линклар

logo-print

ЕХҲТ полиция гуруҳининг Қирғизистонга сайловдан сўнг киритилиши кутилмоқда


Шу йилнинг июл-август ойларида мамлакатга ЕХҲТ полиция гуруҳи киритилишига қарши Ўш шаҳрида уюштирилган намойишларга Ўш мэрияси раҳбарияти хайрихоҳлик билдирган.

Шу йилнинг июл-август ойларида мамлакатга ЕХҲТ полиция гуруҳи киритилишига қарши Ўш шаҳрида уюштирилган намойишларга Ўш мэрияси раҳбарияти хайрихоҳлик билдирган.

Қирғизистон ҳукумати халқаро полиция гуруҳини мамлакатга киритиш масаласини шу йилнинг 10 октябрида ўтадиган парламент сайловидан сўнг кўриб чиқиш илтимоси билан ЕХҲТ доимий кенгашига мурожаат қилди.


Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Улан Ўмуралиевга кўра, ЕХҲТ томонидан бу илтимос қондирилган.

- АҚШ, Европа ва бошқа давлатлар бунга рози бўлишди. Сайлов якунланиши биланоқ улар халқаро полицияни Қирғизистонга тезкорлик билан киритилишига ҳаракат қилишларини очиқ айтишди, - деди Улан Ўмуралиев.

Бу орада Ўшда 26 та ёшлар ҳаракатини бириктиргани айтилаётган “Ақ қизмат” ташкилоти халқаро полиция гуруҳи киритилишига қарши аҳоли орасида ташвиқот-тарғибот ишларини олиб бораяпти. Мазкур ташкилот саъй-ҳаракати билан ўшликлардан ЕХҲТ полициясига қарши 35 мингта имзо йиғилган ва аҳоли орасида полицияга қарши руҳдаги 1000 та видеотасвирли диск тарқатилган.

Ёшлар ҳаракати, агар Қирғизистон ҳукумати полиция киритилишига тўсқинлик қилмаса, кўп минг кишилик норозилик намойишлари ўтказишини билдирмоқда.

Айни пайтда ЕХҲТ расмийлари ҳам Бишкекка серқатнов бўлиб қолганлар. Куни кеча ЕХҲТ расмийси Герберт Залбер ва халқаро полиция маслаҳатчилари гуруҳи раҳбари Маркус Мюллер Бишкекда президент Роза Ўтунбаева билан учрашди.

- Икки-уч куннинг ичида турли расмийлар билан музокаралар ўтказилаяпти. Уларда асосан халқаро полиция гуруҳини жойлаштириш масаласи муҳокама қилинмоқда. Яъни полиция гуруҳининг қачон киритилиши, қаерга жойлаштирилиши, унинг мандати қандай бўлиши кераклиги тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинаяпти. Мандат масаласида айрим моддалар ўзгариши ҳам мумкин. Халқаро полиция гуруҳи мандати бунгача воқеа жойида мониторинг юритиш, маслаҳат бериш ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимларини ўқитиш эди, - дейди ЕХҲТнинг Бишкекдаги ваколатхонаси ходими Бурул Усаналиева.

Аснода Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Қозоқбоев ўтказилган музокаралар натижасида манфаатлар тўқнашуви юз берган тақдирда Қирғизистон ҳукумати халқаро полицияни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳуқуқига эга бўлгани ҳақида маълумот берди. Бундан ташқари, халқаро полиция мандатига қўшимчалар киритилган.

- Халқаро полицияда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот тузилмалари фаолиятини мониторинг қилиш, улар ҳаракатларини кузатиш ҳуқуқи қолдирилади. Чунки бу ҳуқуқ олиб ташланса, халқаро полиция гуруҳини Қирғизистонга киритиш тўғрисидаги шартномани имзолашда мантиқ қолмайди, - деди Руслан Қозоқбоев.

Қирғизистон ҳукумати шу йил июн ойида содир бўлган Ўш воқеаларидан сўнг ЕХҲТга мамлакатга халқаро полиция гуруҳини киритиш илтимоси билан мурожаат қилган эди. Бундан мақсад Қирғизистон ҳуқуқ–тартибот тузилмалари тарафидан Ўшда миллий озчилик ҳуқуқлари бузилиши ва ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш эди. Бироқ қирғиз ватанпарварлари ва миллатчилари полиция кучларининг киритилишига қарши норозилик намойишлари уюштирдилар. Бунинг оқибатида қирғиз расмийлари халқаро полиция тўғрисидаги шартномани имзолашни пайсалга солиб келмоқда. Натижада август ойи охирларида Ўшга келиши кутилган халқаро полиция гуруҳи шу кунгача мамлакатга киритилмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG