Линклар

logo-print

Ўзбекистонда юк поезди ағдарилди

  • Садриддин Ашур

Тошкент яқинидаги ҳалокатда юк поезди йўлдан чиқиб кетди.

Тошкент яқинидаги ҳалокатда юк поезди йўлдан чиқиб кетди.

8 сентябрга ўтар кечаси Тошкент вилоятининг Нуробод шаҳри яқинида кўмир юкланган поезд вагонлари издан чиқиб кетди. Озодлик олган маълумотларга кўра, кўмир ортилган 48 вагон ағдарилиб, темир йўл яқинидаги Тошкент-Қўқон автомобил йўлини тўсиб қўйган.


Темир йўл ҳалокати ҳақида Озодлик радиосига ангренлик инсон ҳуқуқи фаоли Дмитрий Тихонов хабар берди:

- Кеча тунда Ангрен шаҳридан 30 километр узоқликда бўлган Нуробод шаҳрида юк поезди ҳалокати рўй берди. Мен олган маълумотларга кўра, кўмир юкланган 48та вагон издан чиқиб кетиб, ағдарилган. Қурбонлар йўқ. Тепловоз ва ундан кейинги икки вагон ағдарилмай қолган,- дейди Дмитрий Тихонов.

Ҳуқуқ фаоли сўзларига кўра, поезд электр энергияси ишлаб чиқарувчи Янги-Ангрен ГРЭСи учун кўмир олиб кетаётган бўлган:

- Ҳозирча расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, юк поезди ҳалокатига тепловоз тормозларининг ишламай қолганлиги сабаб бўлган. Шунингдек, бошқа бир манбага кўра, юк поезди бу участкада тезликни нормадагидан анча оширган ва натижада вагонлар издан чиқиб кетган ,- дейди Дмитрий Тихонов.

Юк поезди ҳалокати темир йўл яқинидаги газ қувурига ҳам жиддий шикаст етказган кўринади. Дмитрий Тихоновнинг айтишича, бир суткадан буён Ангренда аҳолига газ узатиш тўхтатиб қўйилган.

Тошкент-Қўқон автомобил йўлида киракашлик қилаётган Муҳаммаджон аканинг айтишича, яқин бир суткадан буён йўл ёпиб қўйилган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари автомобилларни айланма йўлларга йўналтирмоқда:

- Кўрдим. Йўлнинг ҳўўўв нариги чеккасида экан. Вагонлар бир бирининг устига чиқиб кетиб, йўлгача кўмирлари тўкилиб кетибди. У ëқдан машиналарни юргизмаяпти. Тоғнинг тагидаги йўлдан юргизаяпти. Ангрендан чиқаверишда тўсиб қўйган. “Йўл берк” деб катта йўлга КамАЗни кўндаланг қўйибди. Қўқоннинг йўли бор эдию Олмалиқдан чиқадиган. Ана шу йўлга буриб ташлаяпти Ангреннинг чеккасидан. Бугун йўлнинг бир томонини очишибди. Кўмир тўкилиб кетган. Секин тозалаб, вагонларни олаëтган экан, -дейди ҳайдовчи Муҳаммаджон ака.

Ангрен шаҳар ҳокимияти мулозими темир йўл ҳалокати рўй берганини тасдиқлади, лекин телефон орқали бу ҳақда батафсил маълумот беролмаслигини айтди. Ўзбекистон темир йўллари ҳиссадорлик компаниясидан эса, бу ҳақда маълумот олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG