Линклар

logo-print

Ўшда яна миш-миш урчимоқда

  • Шерзод

Июн ойидаги даҳшатли манзаралар ҳали ўшликларнинг кўз ўнгидан кетмагани учун шу кунда улар ҳар қандай шум миш-мишдан чўчийдиган бўлиб қолганлар.

Июн ойидаги даҳшатли манзаралар ҳали ўшликларнинг кўз ўнгидан кетмагани учун шу кунда улар ҳар қандай шум миш-мишдан чўчийдиган бўлиб қолганлар.

Рамазон ҳайити арафасида Ўшда тарқаган миш-мишлар яна шаҳарликларнинг кўнглига ғулғула солиб, уларнинг кўпчилиги бехатарроқ жойларга кетиш тараддудига тушиб қолди. Айни пайтда Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси раҳбарлари ваҳимага ўрин йўқлигини таъкидламоқдалар.


Шу йилнинг июн ойида Ўшда содир бўлган қонли воқеалар чоғида шаҳарнинг энг кўп талафот кўрган мавзеларидан бири - Черемушкида истиқомат қилувчи Хайрулло ака шу кунда тарқаган миш-мишларни Озодликка айтиб берди. Суҳбатдошимиз Черемушки мавзеининг ўзбеклар ва қирғизлар аралаш истиқомат қилувчи ҳудудида яшайди ва икки миллат орасида тарқалаётган турли миш-мишлардан хабардор:

- Миш-мишларда, гўёки “Ҳайитнинг учинчи куни афғон кирармиш, бу ердан Олой (қирғизлар назарда тутилмоқда – таҳр.) тўпланаяпти экан, Ҳайитни ўтказиб, охирига етадиган ишлар бор экан”, дейилади. Ҳозир бир қирғиз йигит билан гаплашдим, у: “Хайрулло ака, тўғрими, ўзбеклар роса қуролланаяпти экан, қурол олиб келаяпти экан”, дейди. “Қурол сенга пачкадаги сигаретмас”, дедим. “У йўқ деганда 1-2 минг доллар турса керак, одамлар тирикчилиги гуманитар билан бўлса2, десам, у: “биз ҳам ҳайрон қолаяпмиз”, дейди. Қирғиз томони ҳам шунақа миш-мишда. Гўёки “ўзбеклар уруш бошларкан”, дейишади. Ўзбек болалар бўлса, қирғизлар гўёки “Қорасувдаги, Ўшдаги бутун дўппиларни, хотинларига ҳижобларни сотиб олишибди, гўёки кийишиб олиб, ўзбеклар бошлади, дегандек қилишар экан”, деган шунақа гапларни гапиришаяпти, дейди черемушкилик суҳбатдошимиз.

Хайрулло аканинг айтишича, шу каби миш-мишлар оқибатида кўплаб ўшликлар ўз уйларини вақтинча ташлаб, бошқа ерларга кўчиб кетишаяпти.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимояси Равшан Гапировга кўра, Ўшда айрим гуруҳлар қирғиз миллати орасида турли миш-мишлар билан бирга “Ўзбек сепаратистлари қирғизларни ваҳшийларча ўлдирган” каби ёзувлар билан бошланган видеодисклар ва июн ойида содир бўлган тўқнашув чоғида ҳалок бўлган қирғизлар рўйхатини тарқатмоқда:

- Видеода, ўлган, куйган, моргда чалкаш итнинг ўлиги қилиб ирғитиб юборилган ўликлар, пичоқ еган, сўйилган ўликлар кўрсатилган. Ўликлар икки кун ётиб шишишни бошлайди. Шишиб, кўзи юмилиб, қирғизга ўхшаб қолган. Худди шунақа ўликларни танлашган. Юридик терминда “почерк преступления” деган нарса бор, ўша почерк преступления биз ўз кўзимиз билан кўрган, сўйилган ўликлар билан почерк бир хил. Бу ердан кўриниб турибдики, махсус тайёрланган бир группа ишлаган. Лекин қирғизларнинг ичида унақа сўйилгани йўқ, бояги ўликлар ўзбекларни ўлиги, шундоқ билиниб турибди. Бир қанча ўликни ичида бир қирғиз боланинг ўлиги ётибди, унинг от-фамилияларини ёзиб қўйишибди. Ундан кейин спискасида 112 одамдан 64 таси “неизвестние” деб кетаяпти, дейди Равшан Гапиров.

Ҳуқуқ ҳимоячиси маййитлар акс эттирилган дисклар қирғиз миллатини ўзбекларга қарши қайраш мақсадида тарқатилган, деб ҳисоблайди:
- Буни тарқатиш билан улар қирғизларни ўзбекларга нисбатан ғазабини кучайтирмоқчи бўлишаяпти, бу аниқ кўриниб турибди. Нимага деганда, бу дискни кўрган, спискани ўқиган ҳар қандай қирғиз: “Ҳа, ўзбеклар ифлос, шунчалик ишлар қилишибди, бу ўзбекларни бир чеккадан ўлдириш керак экан” деган хулосага келиши эҳтимолдан ҳоли эмас, дейди Равшан Гапиров.

Айни пайтда Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасига ҳам ўшликлар томонидан турли миш-мишлар борасида аризалар келиб тушмоқда. Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси раҳбари Қурсан Асановнинг Озодликка маълум қилишича, ҳозирча бу миш-мишлар бўйича тушган маълумотларнинг биронтаси тасдиқланмади:

- Ҳозир кучайтирилган тартибда, аввал комендантлик соати чоғида қандай ишлаган бўлсак, шундай ишлаяпмиз. Аввалги комендатуралар, “админстративний участка” деб аталади, ўшаларнинг барчаси бор. Турли миш-мишлар сўнгги 2-3 кунда ростдан ҳам кўпайиб кетди. Ҳар қандай гап бўлса, биз миш-миш деб ўтирмаймиз, информация тушган бўлса, 5-10 минут ичида оператив равишда айтилган жойга борамиз. Бориб текширамиз, ҳозирча бизга тушган маълумотлар ўз тасдиғини топмади, деди Қурсан Асанов.

Унинг айтишича, турли миш-мишлар кўпайгани сабабли Асановнинг ўзи телевидение орқали чиқиш қилган ва ўшликларга турли миш-мишларга ишонмаслик лозимлигини айтиб, уларни тинчлантирган.

Қурсан Асанов Ўшнинг турли мавзеларида оқсоқоллар, ҳудудий кенгаш раислари билан биргаликда аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилаётганини ҳам қўшимча қилди.

Айтиб ўтиш жоизки, шу йилнинг 11-14 июн кунлари содир бўлган қонли воқеалардан аввалроқ ҳам Қирғизистон жанубида миллатлараро низо чиқиши мумкинлиги ҳақида турли миш-мишлар тарқаганди. Қонли воқеалар чоғида ва ундан кейинроқ ҳам миш-миш аҳоли ўртасида ахборот алмашишнинг асосий шаклларидан бири бўлиб қолганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG