Линклар

"Эркин микрофон"га Ўзбекистондан Қозоғистон орқали Россияга йўл олган поезддан қўнғироқ қилган проводник суҳбатдошимиз йўлда миллатдошларининг хўрланаётгани ва таҳқирлаётганидан куйиниб гапирди. Яна бир суҳбатдошимиз Ўзбекистонда проводник касбини эгаллашнинг сирларини очиб берди.


Йўловчиларни қозоқ полицияси талаяпти


Тошкент-Новосибирск йўналиши бўйича поездда проводник бўлиб ишлайдиган Облоқул ака Раҳимов ўз миллатдошларининг қозоқ полиция ходимлари тарафидан таланишига чидаб тура олмасдан поезднинг ўзиданоқ телефон қилганини айтади.

- Ассалому алайкум. Яхшимисиз? Келаëтган Ҳайитлар билан табриклайман.

Озодлик: Раҳмат. Сизни ҳам табриклайман. Проводникмисиз?

- Ҳа, мен проводникман.

Озодлик: Қайси йўналишдаги поездда?

- Тошкент-Новосибирск йўналишида ишлайман. Менинг исмим Раҳимов Облоқул. Самарқандликман. Мана ҳозир 5-поездда кетаяпман. Қарағай станциясига борганимизда ўзимизнинг халқимизни эзиб, қийнаб, пул сўраб, пулини олиб қўяяпти. Шунга ичим ачиб, илтимос қилиб, сизларга мурожаат қилмоқчи эдим.

Озодлик: Қайси божхона олаяпти? Аниқ гапириб беринг.

- Бизлар ўзимизнинг Келес станциясидан чиқиб, Сариоғочга кириб борамиз қозоқникига. Қозоқ станциясига кириб борганимиздан кейин таможняда, ҳаммалари худди бадбашарадай бўлиб кийиниб олган, у военний десангиз, военнийлар ҳам културний бўлиши керакку, шундай келишадида, прямо бизларга “Вагонни текширамиз. Осмотр қиламиз” дейишади. У положено, текшириши мумкин. Улар бориб осмотр қилишнинг ўрнига одамлардан 100-200 рублдан, ëш болалар ҳеч нарсани тушунмайдику, уларнинг бор пулини қўлини солиб олар эмиш. Улар кетгандан кейин булар бизларга мурожаат қилади. Бизлар бориб айтсак, “Бизлар олганимиз йўқ” дейди. Мана ўзим кеча келаëтганимда шу воқеа рўй бердики, Андижон вилоятидан бир ëш бола келадиган экан. Бечора ишлаган, пулини беришмаган. 600 рубл пули бор экан. Шуни ҳам олиб қўйган экан. Мен ўзим ўша болага раҳмим келиб 20 минг йўлкира бердим, дейди самарқандлик проводник Облоқул ака.


Пора бермаган проводниклар ишдан бўшамоқда

Тошкент-Новосибирск йўналишида проводник бўлиб ишлаëтган етти набиранинг отаси Облоқул ака поезд чалган ҳуштакка телефонини тутиб бизга эшиттирар экан, бу овозга ва умуман проводниклик касбига ўрганиб қолганини айтди. Тошкент-Уфа йўналишида проводниклик қилаëтган Қодиржон Аҳмедов эса, йил бошидан бери 300дан зиëд проводник сабабсиз ишдан бўшатилиб, ўрнига ишга олинаëтганлардан каттта миқдорда пора олинаëтганини айтади.

- 1 январдан то 31 августгача бўлган вақт ичида 312 та одам ишдан бўшатилибди.

Озодлик: Ўзбекистон темир йўллари ширкатидами?

- Ўзбекистон темир йўллари давлат акционерлик компаниясининг “Ўзтемирйўлйўловчиташиш” очиқ акциядорлик жамиятига қарашли халқаро йўналишда ташиш ва тижорат ишларини ташкил қилиш филиали, дейилади. Номланишида “халқаро йўналишда ташиш ва тижорат ишлари”, дейилгани билан, йўловчилар тўғрисида бирор нарса гапирилмагани билан, лекин бу ташкилот аслида йўловчилар ташиш билан шуғулланади халқаро йўналишга. Шу ташкилотда ҳозирги кунларда проводникларни арзимаган нарсалар билан баҳона қилиб, ишдан бўшатиб юбориш ҳоллари жуда кўп бўлаяпти. 30-35 йил ишлаган проводникларнинг на стажи, на бола-чақаси ҳисобга олинмаяптида, арзимаган нарсалар орқали ишдан бўшатишиб, ўрни ëш кадрлар билан тўлдирилаяпти.

Озодлик: Ишга кириш озгина пора билан бўлаяптими?

- (кулиб) Албатта, бизнинг темир йўлда ҳар бир шпалнинг ораси, нима деса бўлади, криминал деса ҳам бўлаверадиган нарса. Албатта порасиз иш бўлмайди. Бўлиб ҳам темир йўлда. Ишга кириш жуда катта пул туради, дейди Тошкент-Уфа йўналишида проводниклик қилаëтган Қодиржон Аҳмедов.

Учрашув комедиясияда проводник ролини ўйнаган марҳум Эргаш Каримов қалин оладиган қуда тараф иштаҳасидан зада бўлган бўлса, бугун ўзбек проводниклари ўз раҳбарларининг таъмагирлигидан ранжишмоқда.


Кўзи ожизнинг уйини ким олиб қўйди

Андижондан телефон қилган Гулида исмли кўзи ожиз аëл уйидан ажралганидан нолиди.

- Андижондан Ўроқова Гулидаман. 1969 йилда туғилганман. Кўз бўйича иккинчи гуруҳ ногирониман.

Озодлик: Турмушга чиққанмисиз?

- Ҳа, чиққанман.

Озодлик: Бола-чақа борми?

- Йўқда болаларим. Олдин бўлган, ҳозир йўқ болаларим.

Озодлик: Оламдан ўтишдими?

- Ҳа, ўлиб қолган. Уй муаммоси бўйича эди. 12 йилдан бери президентга, ҳамма жойларга ëзиб келаяпман. Ҳеч ҳам ëрдам ололмадимда.

Озодлик: Уйга муҳтожмисиз?

- Ҳа, уйимни олдириб қўйганман. Шуни олиб беришмаяпти. Ҳеч ким ëрдам бермаяпти. Судлар ҳам кўриб бермаяпти. Судлар, прокурорлар – ҳамма ëққа борганман.

Озодлик: Қанақа қилиб олдиргансиз уйингизни? Қаерда эди, неча хонали эди? Шуни тушунтириб беринг.

- Мен Андижон вилояти, Жалолқудуқ тумани, Ойим қишлоғиданман. Ҳозир ногиронлар ишхонасида яшаяпман. Ўзим кўз бўйича иккинчи гуруҳ ногирониман. Уйимни олдириб қўйганман. Бормаган ерим қолмади. Ўзимизнинг тумандагилар “Хоҳлаган ерингга боравер. Керак бўлса, Москва президентигача бор. Қўлингдан нима келса, қилавер” деди, дейди андижонлик Ўроқова Гулида.


Кимлар душман, кимлар дўстдир англолмайман

Намангандаги ҳаваскор хонанда Ихтиëр Пасраев дўсту душман, ота-она ва Оллоҳ ҳақида қўшиқлар куйлашини айтар экан, тингловчиларни рўза айëми билан қутлади.

- Наманган вилояти, Поп тумани, Хонобод қишлоғиданман. Бизнинг орзу-умидларимиз яхши. Келажакда яхши санъаткор бўлиш, юксак чўққиларга чиқиш, ҳаракат қилаяпмиз Худо хоҳласа, баракаси бўлар. Энди азиз мухлислар яна айтаманки, номард билан бир дўст тўғрисида ëзилган, айтилган қўшиқ бор. Ўшани айтиб бераман ака. (шу ерда суҳбатдошимиз Ихтиëр қуйида ëзилган шеърни қўшиқ қилиб хиргойи қилиб берди)

Кўчаларга жар солади, ëлғондан сўзлаб,
Сен барибир бир донасан деса ишонма,
Деса ишонма, деса ишонма,
Сен барибир бир донасан деса ишонма.

(Биринчи қўшиғини хиргойи қилиб тугатган Ихтиëр қуйидаги шеърни иккинчи қўшиқ сифатида хиргойи қилиб берди)

Ғанимимни мен ўзим ҳам билолмайман,
Кимлар дўстим, кимлар душман англолмайман,
Ўйлай-ўйлай ўйларимга етолмайман,
Онажоним, отажоним сизни дейман.

Дуо қилинг ўғлингиз шунга муштоқ,
Бир ëн адир, бир ëним сой, бир ëним тоғ,
Қай бирини танлайин мен айтинг ота,
Дўст деганим йўлларимга қазиса чоҳ.

******************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG