Линклар

logo-print

Тўлейкан Исмоилова: "Миллатчиликни ҳукумат олиб келди"

  • Абдулла Искандар

Ҳуқуқ фаоли Тўлейкан Исмоилова Ўш мэри Мелис Мирзақматов таҳдидлари боис мамлакатни тарк этганини айтмоқда.

Ҳуқуқ фаоли Тўлейкан Исмоилова Ўш мэри Мелис Мирзақматов таҳдидлари боис мамлакатни тарк этганини айтмоқда.

Июн ойида Ўш ва Жалободдаги оммавий қирғинга оид факт ва ҳужжатларни тўплагани учун тазйиқларга учраб, мамлакатни тарк этган ҳуқуқ фаоли Тўлейкан Исмоилова Парижда ўтказилган матбуот анжуманида қонли воқеалар ҳақида гапириб берди. Озодлик мухбири билан суҳбатда Исмоилова хунрезлик бошида ҳукумат амалдорлари турганига ишора қилди.


Озодлик:
Парижда нима ҳақида гапирдингиз?

- Парижда "Седаш ва Секур Католик Франс" ташкилотлари билан Қиризистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича матбуот конференциясини уюштирдик. Журналистлар билан "Қиргизистонда нима бўлди, қандай бўлди ва энди нима бўлади?", деган саволларга жавоб бердик. Менда фактлар борда.

Озодлик: Фактлар бор деяпсиз. Ўшдаги миллатчи ҳоким Мирзақматов сизга таҳдид қилдими?

- Бугунги кунда Мелис Мирзақматов ЕХҲТнинг полиция гуруҳи киришига қаршилик кўрсатаётгани ва унга қарши гуруҳларни ташкил килиб, "масалани ўзимиз ечамиз", деб айтаётгани ҳақида ҳам гапирдик. Мен тушунмаган нарсалардан бири бу бош вазир ўринбосари Азимбек Бекназаровнинг Мирзақматов тарафини олиб, одамларга қарши чиқиши. Июн воқеаларидан кейин милиция гуноҳсиз одамларни олиб кетиб, уларни қийноқларга солмоқда. Уларни қўйиб юбориш учун катта миқдорда тўлов сўрашмоқда. Агар буларнинг ҳаммаси қонуний тарзда ечилмаса, бугунги конфликт янада катталашиб кетиши мумкин. Қийновда қолган одамлар жуда ҳам оғир аҳволда.

Озодлик: Қирғиз ҳарбийлари этник ўзбекларни қийноққа солаётгани ҳақида фактлар борми сизда?

- Биз ҳаммасини айтдик. Бу жуда ҳам катта муаммо. Бу бўйича халкаро комиссия иш олиб бориши керак. Бу комиссия нафақат дипломатик мавқега эга бўлиши, балки инсон ҳуқуқлари бўйича ҳам ишлаши керак. Улар учун инсон ҳуқуқлари энг асосий мақсад бўлиши керак.

Озодлик: Нима учун Роза Ўтунбаева ва бошқалар ЕХҲТ полиция гуруҳини мамлакатга киргизмади?

- Нимага деганда булар ҳақиқатдан қўрқишмоқда. Улар ҳақиқатдан қўрқмаслиги керак. Агар ҳақиқатдан қўрқмаган ҳукумат келиб, миллатига қарамасдан барчанинг ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилсагина, Қирғизистон ривожланиши мумкин ва бошқа давлатларга ибрат бўлиши мумкин. Лекин улар ҳеч кимни киргизмасдан мамлакатни беркитиб олишса, бизнинг ҳукумат олдинги ҳукуматларданда репрессивроқ ва криминал ҳукуматга айланиши мумкин.

Озодлик: Июн ойидаги воқеаларда ўлганларнинг сони борми сизда?

- Биз расмий маълумот олдик. Ҳаммаси бўлиб 490 киши ўлди. Бу ҳукуматнинг иддаоси бўйича. Лекин ҳақиқатда нечта одам ўлганини ҳеч ким аниқ айта олмайди. Жуда ҳам кўп одамлар ўлдирилган, йўқолган, ёндирилган, ҳужжатсиз қолган, уйсиз қолган. Қочқинлар бор. Булар билан халқаро комиссия ишлаши керак. Қирғизистонда бундай мутахассислар йўқ. Шунинг учун шу халқаро комиссияга албатта бундай экспертизаларни ўтказа оладиган мутахассислар кириши керак ва бу воқеаларнинг асл юзини очиши керак.

Озодлик: Яна қандай кўшимчалар қиласиз? Биз билмаган яна қандай ишлар бўлди?

- Кўп қўшимчалар бор. Биринчидан, қандай қуроллар одамларнинг қўлига тушди ва нимага улар шунча инсоннинг ҳаётига зомин бўлишди? Нима учун бу ишлар шунчалик очиқ равишда бўлди? Ҳозирги янги ҳукуматдан кимлар бу ишларга ёрдам беришди? Шуларнинг ҳаммасини ўрганиб чиқиш керак.

Озодлик: Сизнингча кимлар ёрдам берди?

- Тушунсангиз керак - айтиш осон. Лекин мен ҳозир шу масала бўйича ишлаяпман. Мен Барселона шаҳрида бўлдим. Европа парламенти аъзолари билан учрашдим. Эмма Бенини ва бошқалар билан. Парижда ҳам Ташқи ишлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича вазир билан учрашдим. Улар билан бу масалалар тўғрисида гаплашдик. Шунинг учун ҳозир номларни айта олмайман. Ҳозир халкаро комиссия тузилмокда. Шулар билан учрашувлар ҳақиқатни олиб чиқишда ёрдам беради, деган умиддаман. Ҳозир шу воқеаларнинг гувоҳи бўлган ва бугун қийин аҳволда қолган инсонларга мамлакатдан чиқиб кетишга ёрдам бермоқдамиз.

Бир аёл бор. Оиласи билан жуда ҳам қийин аҳволда қолган. Бу аёл ёрдам сўраб, прокуратурага мурожаат килган. Лекин ёрдам ўрнига унга ўлдирамиз қабилида таҳдидларни қилишган. Ҳозир чет эллик ҳамкор ташкилотлар билан бу аёлга ва унинг оиласига ёрдам бермоқдамиз. Шундай ишлар кўп. Лекин ҳозирча улар ҳақида айтмаганим маъқул, чунки инсон ҳуқуқлари фаолининг энг асосий мақсади бу бошқаларга ёмонлик олиб келмаслик. Шунинг учун ҳозир фактларни айтсам, ким билади яна кимларга ёвузликлар кўрсатилиши мумкин.

Озодлик: Бекназаров, унинг ўғли Руслан ва бошқаларнинг алоқаси борми бу ишларга?

- Буларнинг ҳаммасини айтамиз. Ҳозир булар ўрганилмоқда. Буларни, Худо хоҳласа, суд орқали ошкора қиламиз.

Озодлик: Ўзбекларга қарши миллатчилик қаердан чиқди?

- Бу нарсани ҳукумат олиб келди, чунки ҳокимият учун кураш кетмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG