Линклар

Америкалик пастор Қуръонни ёқиш режасидан вақтинча қайтганини айтмоқда


Германиядаги евангелист черкови Терри Жоунзни “асоссиз теологик баёнотлари ҳамда ортиқча кибрга берилгани” важидан 2008 йилда ишдан бўшатган.

Германиядаги евангелист черкови Терри Жоунзни “асоссиз теологик баёнотлари ҳамда ортиқча кибрга берилгани” важидан 2008 йилда ишдан бўшатган.

АҚШнинг Флорида штатидаги Гейнесвилле шаҳарчасининг “Dove World Outreach” черкови пастори Терри Жоунз 11 сентябр воқеаларининг 9 йиллиги муносабати билан мусулмонларнинг муқаддас Қуръон китобини шанба куни ёқиш режасидан воз кечмагани, балки вақтинча бу ниятидан қайтганини айтмоқда.


Пайшанба куни Жоунз 2001 йил 11 сентябр куни Ню Йоркда ерга қулаган Жаҳон савдо маркази бинолари турган жой яқинида Исломий марказ қуришни режалаштирган имом марказни бошқа жойга кўчиришга рози бўлгани учун ўз режасидан воз кечганини айтган эди.

- Имом масжидни кўчиришга рози бўлди. Биз шанба кунига режаланган (Қуръон китобини ёқиш) тадбирини бекор қилдик. Шанба куни у билан учрашиш учун (Ню Йоркка) учиб кетаман, деган эди Терри Жоунез.

Бироқ Ню Йоркдаги имом Файсал Абдул Рауф Исломий пастор билан марказни кўчириш борасида келишгани ҳақидаги маълумотни рад қилганидан сўнг, Жоунз ню йорклик имом уни чалғитгани ва Қуръонни ёқиш режаларини қайта кўриб чиқаётганини таъкидлади.

Пасторнинг Қуръонни ёқиш ниятларини АҚШ Президенти Барак Обама, сиёсий лидерлар, шунингдек, дунёдаги диний уламолар қоралади.

АВС телеканалида чиқиш қилган президент Обама пасторининг муқаддас Қуръонни ёқиш режасини қоралаб, ундан воз кечишга чақирган эди.

- Бу Ал-Қоида сафларини тўлдиришига яхши баҳона бўлади. Покистон ва Афғонистон каби мамлакатларда жиддий зўравонликлар рўй бериши мумкин. Бу Америка шаҳарлари ёки Европа шаҳарларида ўзларини портлатишни хоҳловчиларнинг кўпайишига сабаб бўлади,- деди АҚШ раҳбари.

Пентагон расмийларига кўра, АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс бир кун олдин пастор билан телефон орқали сўзлашиб, ундан Қуръонни ёқиш режасидан воз кечишни сўраган.

Ватикан ва бошқа диний ташкилотлар ҳам пастор ва унинг қавми ният қилган тадбирни қораламоқда.

9 сентябр куни дунёнинг мусуслмон аҳолиси энг катта бўлган уч давлат - Индонезия, Покистон ва Ҳиндистон Флоридадаги черков пасторининг ҳатти-ҳаракати диний можаро келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантириб, АҚШ раҳбарларини уни тўхтатишга чақирди.

АҚШ Давлат департаменти дунёдаги Америка элчихоналарига, айниқса, Флоридадаги черков пастори Қуръонни ёқиш режасига қарши норозилик намойишлари уюштирилиши мумкин бўлган давлатлардаги АҚШ элчихоналарига хавфсизлик чораларини кучайтириш ҳақида кўрсатма берди.

Маълумотларга кўра, Терри Жоунз Флорида штатидаги Гейнесвилле шаҳарчасининг “Dove World Outreach” черковида икки йилдан бери пасторлик қилиб келмоқда.

Ундан олдин Жоунз Германиянинг Кёлн шаҳрида 1980 йилда ташкил этилган шу каби евангелист черковида пастор бўлган.

Германиядаги евангелист черкови раҳбарияти Жоунзни “асоссиз теологик баёнотлари ҳамда ортиқча кибрга берилгани” важидан 2008 йилда ишдан бўшатган.

Кёлндаги черков аъзолари Терри Жоунзнинг раҳбарлик даврида черковда “қўрқув ва назорат муҳити” ҳукм сурганини айтади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG