Линклар

logo-print

Владикавказдаги портлаш ортида ким турибди?


Russia -- The site of a bomb blast near the central market of Vladikavkaz, 09Sep2010

Russia -- The site of a bomb blast near the central market of Vladikavkaz, 09Sep2010

Шимолий Осетия пойтахти Владикавказнинг марказий бозори олди рўй берган портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 19 кишига етди, 140-қа яқин одам жароҳатланди. 10 сентябр Шимолий Осетияда мотам куни деб эълон қилинди. Таҳлилчилар портлаш ортида ким турганига оид турли тахминларни илгари сурмоқда.


9 сентябр куни Владикавказнинг марказий бозорига киравериш жойида худкуш ҳужумчи бомба жойланган машинасини портлатиб юборди. 30 килограмм тротилга тенг бомба портлаши оқибатида 19 киши нобуд бўлди, 140 яқин одам жароҳатланди. Ҳалок бўлганлар орасида турли миллат вакиллари, насронийлар ва муқаддас Рамазон Ҳайитини нишонлаш учун бозор қилгани чиққан мусулмонлар ҳам бўлган.

Пайшанба кунги ҳужумни Россиядаги барча дин уламолари ва сиёсий етакчилари қоралади.

Россия Муфтийлар кенгаши раиси Равил Ғайнуддин хазратлари амалга оширилган ҳуружни қоралаб бундай деди:

- Кимда-ким қон тўкса, бегуноҳ одамни ўлдирса, бу Каъбани вайрон қилиш билан баробардир – бундай жиноят Яратувчи олдида ана шундай гунохи азимдир. Мен бугун ўз биродару сингилларимга эслатиб қўймоқчиманки, биз тинчликни сақлашимиз керак, мавжуд иллатларга қарши курашишимиз керак, деди Россия Муфтийлар кенгаши раиси бош вазир Владимир Путин билан учрашув чоғида.

Россия ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари қўпорувчилик ҳуружига алоқадорликда гумонланган 3 кишини қўлга олди. Бу ҳақда Шимолий Осетияга президент Медведевнинг махсус топшириғи билан етиб келган ФСБ директори Александр Бортников маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, портлашни содир этган худкушнинг шахси аниқланган. Фамилияси Арчиев, деб айтилаётган шахс портлашдан 20 дақиқа олдин ГАЗ-3110 русумли автомобилда Ингушетиядан Шимолий Осетияга келган.

Расмийлар портлаш ортида ким турганига оид тахминларни беришдан ҳозирча тийилиб турибди. Россия президентининг Шимолий Кавказ бўйича махсус вакили Александр Хлопонин терговчиларнинг портлашга алоқадор шахслар тўғрисида маълумот тўплагани, лекин тергов манфаатлари боис сир сақланаётганлигини баён қилди.

Айни пайтда, “Московский Комсомолец” газетасида эълон қилинган “Ғалабанинг баҳоси” номли мақолада Владикавказдаги портлаш ортида “осетинларнинг энг асосий душмани” – Грузия турганини тахмин иддао қилинади. “Агар Афғонистонда америкалик ўлдирилса – бу толиблар, Исроилдаги ҳуружларда – араблар, Осетияда портлаш содир бўлса – бунда Тбилисининг қўли борлигига ишониш мумкин, дея хулоса қилади мақола муаллифи Вадим Речкалов.

Бу айбловларга жавобан Грузия Ички ишлар расмийси Шота Утиашвили журналистларнинг ўйдирмаси, дея баҳолади:

- Жабр кўрганларнинг рўйхатига эътибор беринг. Ўлганлар орасида икки грузин, жароҳатланганлар орасида беш нафар грузиялик бор. Бу террорчи ҳуружи натижасида ҳам грузин, ҳам осетинлар қурбон бўлди. Шунинг учун менинг бундай тахминларни мен тасаввуримга сиғдира олмаяпман, деди Грузия Ички ишлар расмийси Шота Утиашвили.

Грузия Ташқи ишлар вазирлиги ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлик ва Россияга керакли ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.

Баъзи таҳлилчилар портлаш ортида Шимолий Кавказ минтақасидаги вазиятни издан чиқаришга уринаётган исломий жангарилар турибди деган фикрни билдирмоқда.

Россия Фанлар Академияси Этнология ва антропологий институтида Кавказ халқлари бўлимини бошқараётган Сергей Арутюнов Владикавказ портлаши Россияда сўнгги пайтларда аксилтеррорчилик амалиётининг кучайтирилгани ва натижада кўплаб жангарилар ўлдирилгани билан бевосита боғлиқдир, деган фикрда:

- Менимча буни Вагабов ва бошқа бир қатор террорчиликка алоқадор шахсларнинг йўқ қилинишига бўлган жавоб, деб тушуниш керак. Ислом идеологиясини қурол қилиб олганлар кейинги пайтда дуч келаётган омадсизлик ва мағлубиятлар уларни синдирмаганлигини, уларда куч етарли эканлигини намойиш этмоқчи, дея таъкидлади таҳлилчи Арутюнов.

Россия Фанлар Академияси қошидаги Халқаро хавфсизлик маркази директори Алексей Арбатов Шимолий Кавказ минтақасидаги беқарорлик биринчи навбатда ҳокимият тизимларининг самарасиз фаолияти билан боғлиқдир, дейди. Кавказ минтақасида бошқарув тизимини тўла ислоҳ қилиш зарур дея давом этади сиёсатшунос:

- Шимолий Кавказда коррупция, маҳаллийчилик, ўз лавозимини суиистеъмол қилиш, ҳатто баъзи республикаларда шариат қонунларининг амал қилишига йўл қўйилди... Бу ҳудудларда Россия федерал қонунлар амал қилмаётир! Бу минтақада бошқарув усулинин путури кетди. Ҳокимиятдан, ҳуқуқ-тартибот органлари бедодликларидан азият чекканлар, аразлаганлар сони кўпайиб бормоқда. Натижада айнан аҳоли орасида қуролланган мухолифатни қўллаб қувватлаётганлар сони ошмоқда, дейди Арбатов.

“Время новостей” газетаси таҳлилчиси Иван Сухов Владикавказдаги портлаш ортида бир нечта сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилади:

- Бу Шимолий Осетиянинг ҳал этилмаган ички сиёсий масаласи бўлиши мумкин. Портлаш маҳаллий гуруҳлар томонидан ҳокимият органларини обрўсизлантиришга қаратилган бўлиши ҳам мумкин. Масалан, Хлопониннинг Федерал округга тайинланганига қарши бўлганлар ҳам кам эмас. Шунингдек, портлаш бутун Шимолий Кавказда кетаётган диверсия ҳаракатининг бир қисми ҳам бўлиши мумкин. Яна бир тахмин: сўнгги пайтларда Шимолий Кавказда Марказдан келаётган дотация пуллари камайиб бормоқда. Шу сабабли қолган маблағлар учун талаш бошланди ва менимча, мавжуд вазият таранглишишда давом этади, дейди “Время новостей” газетаси таҳлилчиси Иван Сухов.

Владикавказ портлаши ортида ким турибди деган тахминлар қаторида Осетия ва Ингушетия ўртасидаги қарамақаршилик ҳам оммавий ахборот воситалари эътиборидан четда қолгани йўқ.

Ярославлда чиқиш қилган президент Дмитрий Медведев “Россияда террорчилик йўқотилади, террорчилар эса йўқ қилинади”, дея баёнот берди. “Бизда бундан бошқа иложимиз ҳам, мақсадимиз ҳам йўқ”, деди президент.
XS
SM
MD
LG