Линклар

Ўзбеклар нега ўз жонига қасд қилади?

  • Абдулла Искандар

ЖССТ: Ҳар 40 сонияда бир киши ўз ҳаётига нуқта қўйяди.

ЖССТ: Ҳар 40 сонияда бир киши ўз ҳаётига нуқта қўйяди.

Жаҳон бўйлаб ҳар йили бир миллионга яқин одам ўз жонига қасд қилади. Бу рақамни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 10 сентябр - ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини бартараф этиш халқаро куни муносабати билан эълон қилди. Сана муносабати билан Ўзбекистон учун ҳам фожиа бўлиб қолаётган муаммога бир назар ташладик.


Ҳар 40 сонияда дунëда бир одам ўз жонига қасд қилмоқда.

Бу ҳақда бонг урган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобига кўра, кунига миллион киши ўзини ўлдирмоқда. Айни ташкилот мутахассислари кўп ҳолларда суициднинг олдини олиш мумкин, деб ҳисоблайди.

10 сентябр ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини бартараф этиш куни деб жорий қилинган. Айнан шу куни курраи замин фожиасига айланган ўз жонига қасд қилишни бартараф қилиш йўллари ҳақида машваратлар ўтказилади, йўл-йўриқлар изланади.

Биров турмуш ташвишларига чидай олмасдан ўзини ўлдирган бўлса, яна бирови бадавлат бўлсада яшашдан мақсад топмагани учун жонига қасд қилмоқда. Дунëдаги барча уруш талаш ва қотилликлар боис ўлганлардан кўра ўзини ўлдирганлар сони анча кўп экани аниқланган.

Ҳар 40 сонияда дунëда 1 киши ўзини ўлдириши баробарида 20 киши ўз жонига қасд қилишга уринади.


Ер учун куйган Ҳалима опа


Ўзбекистоннинг Нарпай туманидаги 70 ëшдан ошган Ҳалима опа ҳукумат ерини олиб қўйгани учун ўтган йил апрелида ўзига ўт қўйди. 35 фоиз танаси куйиб кетган Ҳалима опа ҳаëтини врачлар сақлаб қолди, аммо Ҳалима опанинг паймонасини тўлдириб жонига қасд қилишгача етказган омиллар барҳам топгани йўқ.

Нарпайлик Ҳалима опа ўзининг 70 йиллик ҳаëтида қийинчиликларни кўп кўрди. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги очарчилик, етар етмас кунларда ҳам ўз жонига қасд қилишни xаëлига ҳам келтирмаганини айтади. Аммо оила боқаман, деб Россияга кетган икки ўғлининг бирданига ўлгани ва бу ўғиллар жасадини Россиядан келтириб, кўмиш учун 7 миллион сўм қарз ҳавола қилингани Ҳалима опа жонини халқумига келтирди. Оилани боқиб турган бир парча ернинг Нарпай туман ҳокимлиги тарафидан олиб қўйилганига норозилик ўлароқ, Ҳалима опа ўзини ëқди.

Мен еримни олиб қўйган ҳокимларнинг адолатсизлигига чидамасдан ўзимни ëқдим, дейди Ҳалима опа.

- Олти ойдан бери югураман. Булар "ерингни чорвачиликка айлантириб берамиз", деб айтишди. Ўтган йил кредит олсин, чорвачилик қилсин, деб қарорлар берилди.

10 гектар. Менинг оëғим синган эди. Оптималлаштириш қароридан сўнг бориб: “Менинг еримни нима қилдингизлар, қолдирдингизларми?”, десам, “Кетаверинг, сизнинг ерингиз қолган, сизнинг ерингизга тегмаймиз”, дейишди.

Шундан кейин олти ой қатнадим. Эртага келинг, индинга келинг, деди. Кейин қаëққа борсангиз боринг, деди.

Кейин мен Тошкентга қатнай бошладим. Деярли ҳар кун Тошкент-Самарқанд ўртасида қатнадим. Совуқларда сарсон-саргардон бўлдим.

Буни “Халқ сўзи” газетаси ҳам, бошқаси ҳам ҳаммаси билади. Лекин ҳеч ким ëрдам қилишни ўйламади.

"Халқ сўзи" газетасига, "Ҳуррият" газетасига бордим. Ҳамма матбуотга кириб чиқдим. Телевидениега бордим. Ҳеч ким ëрдам қилмади. Нима мен давлат жиноятчисиманми? Уларнинг ëзганининг ҳаммаси тўғрими? Мен қаерга борай? У бировнинг айтганини қилмаса. Россиядан иккита боламнинг ўлигини олиб келдим.

7 миллион қарз кўтариб болаларимнинг ўлигини олиб келиб кўмдим. Бошимда хўжайиним бўлмаса. Э, бошимдан нима савдолар ўтмади.

Қаранг, ҳозир ҳам туҳмат қилиб турибди. Тошкентга: “Келини билан уришган, шунинг учун ўзига ўт қўйган”, деб ëзипти.

Нима қилдим мен? Бу дунëда ҳақиқат борми ўзи, дейди Ҳалима Ўлжаева.

Ҳақиқат йўқ бўлса, бу дунëда яшаб нима қилдим, деган сабаб ўз жонига қасд қилиш механизмини ҳаракатга келтирувчи омил сифатида кўрилади.


Хоразмлик Сапарвой ака ҳикояси


"Укамнинг хотини Россиянинг Курск шаҳрига ишлашга кетди. Ўзи билан 4 яшар ëлғиз ўғлини ҳам олиб кетди. Куз охири эди. Бола шамоллашдан Курскда ўлиб қолибди. Укамнинг хотини ўлган боласини елим сумкага багаж каби упаковка қилиб поездга чиқибди. Фалокатни қарангки, жасад олинган сумкани келинимиз вокзалда ўғирлатиб қўйибди. Тўрт кун емай-ичмай поездда карахт ўтирган келин уйга шўппайиб кириб келди. Укам ундан "Бола қани?", деб сўради. "Бола ўлди", дебди келин. "Ўлиги қани?", деди укам. "Ўғирлатдим", дебди келин.

Ана шундан кейин укам хотинига бир шапалоқ урибди. Ишонасизми, бир шапалоқдан кейин келиннинг юраги ўйнаб ўлиб қолибди. Ана шундан кейин укам ўзини шифтга осиб қўйди".

Моддий етишмовчилик¸ ишсизлик заминидан ўсган бу суицид бир оила мавжудлигига барҳам берди. “Қашшоқликдан кўра қашшоқсан деган надомат остида қолганлар кўпроқ ўзини ўлдирмоқда” дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги соҳа мутахассиси.

2010 йил 14 январ куни икки боланинг онаси, Хоразм вилояти, Хива тумани “Ал-Хоразмий” ширкати “Чинобод” қишлоғида истиқомат қилувчи 1987 йилда туғилган Наргиза Оллоберганова ўз уйида ўзини осиб қўйди. Наргизанинг яқин танишлари оиладаги моддий муаммолар ва жанжаллар боис Наргиза ўзини ўлдирган дейди.

2010 йил 29 январь куни ўша Хива тумани Ғовук-кўл даҳасидаги Маҳлиё Раҳимбоева ҳам қашшоқлик боис ўзини ўлдиргани маълум бўлди.

Хива тумани Мустақиллик кўчасида истиқомат қилувчи 1993 йилда туғилган Юлдуз Иброҳимова ҳам қашшоқликка чидай олмасдан ўзини ўлдиришга қарор қилди. Юлдуз кўп миқдорда уйқу дорини ичиб қашшоқлик оламидан бира тўла қутулмоқчи бўлди. Етиб келган тез ëрдам врачлари Юлдузнинг ҳаëтини сақлаб қолишди.


Қишлоқдаги фожеа


Бундан 22 йил муқаддам ўзбек ëзувчиси Одил Ëқубов Москвадаги “Литературная газета” нашрида ана шу сарлавҳали мақолани эълон қилди. Мақолада ўзбек аëлларининг ўзига ўт қўйгани фактлари келтирилди.

Мақолада ўша пайтда Ислом Каримов раҳбар бўлган Қашқадарë вилоятининг ўзида 1987 йил давомида 36 аëл ўзини ëқиб юборгани айтилади. Айни вилоятда 1988 йилнинг олти ойида 30 нафар жонли машъала ловуллаб ëнгани факти ўша пайтдаги кўп миллионлик Литературная газета муштарийларини даҳшатга солган эди.

“Ўзбекистон адабиëти ва санъати” газетасининг 1988 йил 5 август сонида ëзувчи Саломат Вафо “Пўлат излардаги фожеа” мақоласини чоп қилади. Мақоладан иқтибос.

“16 яшар қиз Гулнора норма деб белгиланган 60 кило пахтани тезгина териб, уйига қайтиб кетмоқчи бўлди, аммо ўқитувчи Тоҳиржон унинг уйига кетишига изн бермади. Боз устига ëмон сўзлар билан ҳақоратлади. Бунга чидамаган Гулнора ўзини поезд остига ташлади”.

“Оғир темир ғилдираклар ўн гулидан бир гули очилмаган қизалоқнинг навқирон танасини босиб ўтди” дейилади Саломат Вафонинг бундан 22 йил олдинги мақоласида.


Фожеанинг давоми


Орадан 22 йил вақт ўтди. Ўзбекистондаги адолатсизликлар боис ўз жонига қасд қилганлар сони кўпайса кўпайди, аммо камаймади. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисига кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Бу расман қайд қилинган рақам холос. Аммо кўп ҳолатда ўз жонига қасд қилиб ўлганлар расман қайд қилинмайди.

Урганчнинг Ғойбу қишлоғидаги Тўхтажон деган келин бевафо эрига исëн қилиб ўзига ўт қўйди. Обрўталаб қайнота эса, “келинимиз ëғ доғлайман деб куйиб қолибди”, дея марҳумни дафн қилди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари кўп холларда суициднинг олдини олиш мумкин деб ҳисоблайди.

- Бунинг учун эса, мамлакатда бу муаммони очиқ шаффоф муҳокама қиладиган матбуот, одамларни ўзини ўлдиришга мажбур қиладиган мулозимларни жазолайдиган мустақил суд тизими ва энг муҳими эҳтимолий ҳудкушларни қароридан қайтарадиган руҳшунослар маркази лозим, дейди Озодлик билан сухбатлашган соҳа мутахассиси.

Gallup ташкилоти тадқиқотига кўра, суицид шарқий Европада энг кўп кузатилади. Исломий давлатлар хусусан Қувайтда ҳудкушлик энг кам рўй беради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG