Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:51

Ҳайитда муҳожирларни сийладим


Ўзбекистонлик суҳбатдошларимизга кўра, Ҳайит намозига келганлар масжидлар олдидаги кўчаларни тўлдирган
Ўзбекистонлик суҳбатдошларимизга кўра, Ҳайит намозига келганлар масжидлар олдидаги кўчаларни тўлдирган

Ўзбекистонликлар Рамазон Ҳайитини 10 сентябр куни нишонлади. Шу боис "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган суҳбатдошларимиздан ҳайитни қандай нишонлагани ҳақида сўрадик.


“Биринчи бор Ҳайит намозига бордим”

дейди Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидан қўнғироқ қилган Абдужалил Турғунов. У Ҳайит намозидан олам-олам таассурот олганини айтади:

- Жуда яхши. Ҳамманинг кайфияти кўтаринки.

Озодлик: Ҳайит намозида одам кўп бўлдими? Нималар дейишди?

- Ҳар йилгига нисбатан бу йил кўп бўлди, деб гапирди. Мен биринчи марта бордим. “Машиналар ҳам тиқилиб кетди. Йўлларни бекитиб қўйди”, деб гапирилди.

Озодлик: Амри-маъруфда нималар дейилди?

- Рамазон ойининг муборак ойлигини, Пайғамбаримизнинг ҳадисларига биноан рўза тутиш кераклигини, шу ойда рўзани тутиб покланмаган одамнинг аҳволига вой деганлар Пайғамбаримиз, деб маъруза бўлди. Қори ака жуда чиройли маъруза қилдилар. Жуда катта таассурот қолдирдида. Мен биринчи марта чиқишим ўзи Ҳайит намозига.

Озодлик: Бундан кейин доим чиқасизми, Худо хоҳласа?

- Худо хоҳласа, ҳа. Ният бор. Масжидда бунақа кўп одам тўпланишини энди кўраяпман. Ўзим илгари бормагандим тўғриси. Мен ажойиб ҳолатга тушиб қолдимда. Бунақа кўп одамнинг масжидга тўпланганини кўрмаган эдим. Шунинг учун ҳамма менинг дўстларимни, кўрган-кўрмаган дўстларимни байрам билан табриклайман.

Озодлик: Масжиддан чиқиб уйга боргандирсиз. Болаларга совға-салом, ширинликлар олиб боргандирсиз.

- Ҳа. Масжиддан чиқиб уйга бордим. Жиянларимга, нималарга пул бердим. Ширинлик олиб борганим йўқ тўғриси, дейди наманганлик Абдужалил Турғунов.


“Бўғирсоқ пишириб, муҳожирларни сийладим”

дейди Россиянинг Калуга шаҳридаги қорқалпоғистонлик меҳнат муҳожири Ниёзмат:

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Ваалайкум ассалом. Яхшимисиз?

- Яхши раҳмат. Ҳорманглар. Кириб келган Ҳайит байрамларингиз билан. Табриклайман Озодликнинг ҳамма ходимларини.

Озодлик: Раҳмат. Муҳожирликда юрган ўзбекларни ҳам табриклаймиз.

- Раҳмат. Мен Қорақалпоғистон республикаси, Амударë тумани, Куйбишев қишлоғидан Ниëзматман.

Озодлик: Ҳайитни қандай ўтказганликларингизни гапириб беринг.

- Ëмон эмас. Мулла билганини ўқийди дегандай яхши ўтказдик. Бўғирсоқ пиширдик кеча ўзимиз пазанда бўлиб.

Озодлик: Ўзларинг бўғирсоқ пиширдиларингми?

- Ҳа. Ис чиқариш деган бўладию. Бу ерда ўзбек болалар ишлайдида. Шуларга тарқатдик.

Озодлик: Ким пиширди энди?

- Ўзим пиширдим.

Озодлик: Сиз биласизми бўғирсоқ қилишни? Хамир қилиш керак унга.

- Хамир қилишни биламан мен.

Озодлик: Муҳожирликда одам кўп нарсани ўрганади денг.

- Ҳа, бошга тушса, ўрганаверар эканда. Ўзимизнинг кафе бор эди. Балиқ, барак (чучваранинг Хоразм шевасидаги айтилиши – таҳр.) пишириб сотар эдик. Ўзим Озодликнинг 25 йиллик мухлисиман. Наркоманлар зависимий бўлиб қоладию. Шундайман. Қачон соат саккиз бўларкан деб ўтираман. Уйдагилар ҳам шунга ўрганиб кетган. Шунга саломлар, табрик йўллаб қўйсам бўладими?

Озодлик: Бўлади.

- Кириб келган Ҳайит байрами билан ўзбек халқини, қолаверса онажонимни табриклайман. Яқинда 75 ëшга тўлди онам. Ака-укамларни, қизларимни умуман ҳаммани табриклайман. Соғлиқ бўлсин, тинчлик бўлсин, дейди Калугада меҳнат қилаëтган қорақалпоғистонлик Ниëзмат.


“Одамларда меҳр камайиб боряпти”

дейди Тожикистоннинг Истаравшан туманидаги Лакат қишлоғида истиқомат қиулвчи 80 ёшли отахон Алиқул Мансуров ўтаётган Ҳайит байрами ҳақида гапирар экан.

- Худога шукур Ҳайит яхши ўтаяпти.

Озодлик: Ҳайитда нима қилади сизларда?

- Бугун намоз бўлди. Худога таяниб шукрона қилиб ўтирадида. Бизларники Ҳайит бўлгандан кейин бир қабристонимиз бор. Шу ерга бориб ўлганларга йиғилишиб худойи қилади ëки тиловат қилади. Бир бири билан ҳол-аҳвол сўрашади. Сўрашиб, дам олиб қайтиб келади.

Озодлик: Халқнинг ҳаëти қандай? Яхшими ахир?

- Халқнинг ҳаëти яхшию, муаммолар кўпда. Айтсам тилим, айтмасам дилим оғрийди деган нарсалар борда. Шунга кимга арз, шикоят қилишни одам билмайди. Халқнинг норизоликлари бўлади. Биров бировга эътибор бермайди. Ҳар ким ўзим бўлай деган ҳолатлар юз бераяптида. Илгари меҳрибонлик, бир бирига меҳр-муҳаббат кучли эди. Дўстлик кучли эди. Ҳозир фақат якка шахс, ўзим бўлай деган фикрлар бўлади. Илгари пайтда бир бригад¸ раис бўларди. Ҳамма шунга итоат қиларди. Тарқалиб кетиб ҳамма ўзи билан банд. Эртадан кечгача ўзининг иши билан машғул. Жамиятпарварлик кам бўлиб қолаяпти. Меҳр-муҳаббат йўқолаяпти чамамда, дейди Тожикистоннинг Истаравшан туманидаги Лакат қишлоғида истиқомат қиулвчи 80 ёшли отахон Алиқул Мансуров.


“Ўшда ҳам Ҳайит бўлди”

дейди ўшлик Баҳодир. Унга кўра, ўшлик ўзбеклар ҳар йилгидек Ҳайит намозига боришган, бироқ бу йил ҳар йилгидан одам кам бўлган:

- Ўшда янгилик йўқ. Ҳамма ëқ яхши, тинчлик. Эрта билан Ҳайит намозини ўқидик. Ҳозир Жума намозини ўқиб келдик. Ҳамма ëқ тинчлик Худо хоҳласа.

Озодлик: Масжидга одам кўп келдими?

- Ҳар сафаргидан кўра озгина озроқ. Россияга кетаëтганларнинг ўрни билинди барибир. Одам оз. Эрта билан Ҳайит намозида ҳам, жумада ҳам ота-онага яхшилик қилиш, силаи раҳм, доимий масалалар тўғрисида маъруза бўлди. Тинчлик ярашиш ҳақида амру-маъруфлар бўлмади. Дуо қилинаëтганда бу ҳақда дуо қилинди. Лекин расман бунақа маъруза бўлгани йўқ.

Озодлик: Одамларнинг кайфияти қандай? Байрамонами?

- Кайфияти яхши. Тинчлик бўлгандан кейин яхши бўладида. Ҳамма “рўзадан кейин бир нарса бўларкан” деган миш-мишлардан қўрқиб юрган эди. Худога шукур мана тинч ўтди. Кайфият яхши ҳамманики. Меники ҳам яхши. Барибир Ҳайит одамлар хурсандчилик қиладиган кун. Мусулмонлар учун хурсандчилик куни¸ дейди ўшлик Баҳодир.


“Ҳайит ҳам татимади”

дейди Қирғизистоннинг Новқат туманидан қўнғироқ қилган, исми сир қолишини илтимос қилган тингловчи.

- Биз боя уч-тўртта ошнамиз билан тўпланиб турсак, бир-иккита қирғиз болалар келишди. Қўлларида пистолети бор экан. Бизни милицияхонага олиб боришди. Гражданский формада. Борганимиздан кейин ичкарига қамаб бизни уришди. “Борингни чиқар. Пулларингни чиқар” дейишди. “Ҳеч нарсамиз йўқ” десак, кейин беш-олтита милиционерлар киришди. Улар кириб, индамасдан чиқиб кетишди. Гражданский формадагилар кейин биздан пул талаб қилишди. Биз 100 сўмдан пул чиқардик. Шуни олишди ва кейин яна сўрашди. “Йўқ” деган эдик, телефонимизни олишди ва яна қайтиб беришди. Кейин бизни чиқариб юборди. 100 сўмдан пулимизни олиб “ўзбеклар нормалний юришгин” деди.

Озодлик: Қаерда бўлди бу воқеа? Новқат туман марказидами?

- Новқат шаҳрининг марказий бозорида участковойида бўлаяпти.

Озодлик: Сизларни участковой хонасига олиб кирдими?

- Ҳа, ўша ерга олиб кирди.

Озодлик: Фуқаролик кийимида деяпсиз. Сизларга ҳужжат кўрсатдими улар?

- Кўрсатмади. Бизни тўғридан тўғри келиб олиб кетишди. Қўлида тўппончалари ҳам бор эди.

Озодлик: Уришди ҳамми?

- Бир-икки марта ичимизга уришди, бўйнимизга уришди, тепишди. Биз уч киши эдик.

Озодлик: Уларчи?

- Улар ҳам катталари уч киши эди. Кейин иккита милиция кирди. Кейин ўзимизнинг одамлардан сўрадик. Улар розискнинг одамлари дейишди.

Озодлик: Сизларга Ҳайит ҳам ҳайитдай бўлмаптида-а?

- Шунақа бўлдида. Байрам ҳам татимади¸ дейди новқатлик суҳбатдош.

*********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG