Линклар

logo-print

Жаҳонгирнинг яқинлари унинг қотил эмаслигига ишонишади


Қизини турмушга бериш учун Ўшга келган Жаҳонгир Бозоров қотил сифатида 23 йилга қамалди.

Қизини турмушга бериш учун Ўшга келган Жаҳонгир Бозоров қотил сифатида 23 йилга қамалди.

27 август куни Ўш вилояти Қорасув туман суди 42 ёшли Жаҳонгир Бозоровни 23 йилга ҳукм қилди. Жаҳонгир Бозоров қирғиз миллатига мансуб фуқарони ваҳшийлик билан ўлдирганликда айбланмоқда. Уни таниганлар эса Жаҳонгир Бозоровнинг қотиллик содир этмаганлигига ишонишади.

Ўшнинг Помир кўчаси Шарқ маҳалласига қарайди. Бу ерда яшовчиларнинг кўпчилиги ўзбеклар. 23 йилга ҳукм қилинган Жаҳонгир Бозоров ҳам мана шу маҳалладан. Бугун Шарқ маҳалласида ёниб кулга айланган ҳовлиларниг кўпчилиги ҳувиллаган. Баъзи куйган уй эгалари ҳовлини куюндидан тозалаб, янги иморат қуришга ҳаракат қилмоқда.

12 июн куни Шарқ маҳалласидаги ўзбекларнинг уйлари ёнаётган пайтда маҳаллани кўпчилик тарк этган. Жаҳонгир Бозоров ҳам онаси ва болалари билан маҳалладан жон сақлаш учун чиқиб кетган. Айнан шу маҳалла жойлашган ҳудудда 12 июн куни қирғиз миллатига мансуб ва Шарқ маҳалласида истиқомат қилмаган Умаров исмли шахсни ўлдириб, унинг қўл телефонини олганликда Жаҳонгир Бозоров айбланган.

Жаҳонгирнинг онаси Шарифахон ая ўғли қотил эмаслигини айтади.
Унинг 64 ёшли онаси Шарифахон ая Бозорова ўғлининг ноҳақ айбланганлигини қандай исботлашни билмайди. Қўллари қалтираб турган онахон юрак дорисини ичиб, йиғисини зўрға ушлаб гапиради:

- Болам мен билан бирга юрган. Мен оғриқчанман. Мени олиб юрган. Йўлдан ўтиб кетаётганимда ҳам одамлар кўрган, болам мен билан ўтиб кетганини. Шу ноҳақлик билан, болам нотўғри ишлар қилди, деб мана шу ишларга кириб қолди. Оилада иккита фарзандим бор-бир ўғил, бир қиз. Ўғлим ёлғиз. Оддий, яхши, тартибли, чиройли юрар эди. Ҳаммадан сўранглар, хеч ким ёмон демаяпти.Ўзини-ўзи эплаб шу тўрт боласини боқиб юрар эди. Бу ерда эмас эди у. Мен қизингни бергин деб чақирган эдим. Кейин шу ишлар бўлиб кетиб, болам айбланиб қолаяпти, дейди 23 йилга қамалган Жаҳонгир Бозоровнинг онаизори.

Жаҳонгир ака бошқа ўшлик ўзбеклар қатори, Ўшдан иш топа олмай 7 йилдан буён Россиянинг Новосибирск шаҳрида кийим-кечак сотиб келган. Унинг тўрт боласи Ўшда, бувиси билан бирга бўлган. Тўнғич қизини тўйини қилиш ниятида келган Жаҳонгир ака қизининг тўйини кўрмасдан, қотилликда айбланди.

Ўш қирғинидан сўнг, уйидаги бор жиҳозлари номаълум кимсалар томонидан ўғирлаб кетилганидан сўнг, Жаҳонгир Бозоров Россияга қайтмоқчи бўлиб ҳужжатлар йиққан. Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси, Ўш маълумот - таҳлилий маркази 19 июл санаси билан унга қидирувда эмаслиги ҳақида маълумотномалар беришган. Бироқ орадан 3 кун ўтиб, уни қотилликда айблаб ҳибсга олишган.

Жаҳонгир Бозоровга унинг қидирувда эмаслиги ҳақида берилган маълумотнома.
Жаҳонгир Бозоровнинг яқинлари 27 август куни Қорасув туманида суд маҳкамасига боришган. Унинг қариндошларидан бири гапиради:

- Биз бордик. Бизни судга қўймади. Кеннаям икковимиз борган эдик. Хайрон бўлдик, нега киргизмаяпти деб.Энди ҳозир бундай бўлганига хафа бўлаяпмиз-да. Ноҳақ бўлаяпти, деб ўйлаяпмиз, - деди ЖаҳонгирБозоровнинг яқинларидан бири.

Ўш вилояти Қорасув туман суди ҳукмига кўра, Жаҳонгир Бозоров 23 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Айни пайтда унинг яқинлари Ўш вилоят судга аппеляция шикояти билан мурожаат қилишган. Агарда Ўш вилоят суди ҳукмни ўз кучида қолдирса, Жаҳонгир Бозоровнинг уй-жойи мусодара қилиниши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG