Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:00

Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинлари озод қилинмади


Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинларининг болалари бу галги Рамазон ҳайитини оталарисиз кутиб олдилар.
Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинларининг болалари бу галги Рамазон ҳайитини оталарисиз кутиб олдилар.

Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқинларини экстрадиция бўйича тутиб туриш муддати 9 сентябр куни тугаганига қарамасдан, улар ҳибсдан озод қилинмади. Айни пайтда ҳибсдаги ўзбек қочқинларига бу қарор юзасидан шикоят аризаси топшириш учун бир ой муҳлат берилди.

Шу йилнинг 9 сентябр куни Олмаота миллий хавфсизлик қўмитаси тергов ҳибсхонасига эрини кўриш учун борган ўзбекистонлик қочқин аёл у ердан “тарвузи қўлтиғидан тушиб” қайтганини айтади. Қочқин аёлга кўра, шу йил 9 июнидан 11 июнигача Олмаотанинг турли мавзелардан тутиб кетилган 30 ўзбек қочқинини экстрадиция бўйича тутиб туриш муддати 9 сентябр куни поёнига етганига қарамай, улар ҳибсдан озод қилинмаганлар.

- Кеча бир прокурор тергов ҳибсхонасига кириб, “сизлар ҳамманглар рад жавобини олдинглар, яна сизларга бир ой муҳлат берилади, сизлар аппеляция ёзиш ҳуқуқига эгасизлар, агар ким бир ой ичида аппеляция ёзмаса, у депорт қилинади” деган гапни айтибди, - деди эри уч ойдан буён Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқин аёли.

Июн ойида қозоғистонлик тартиб посбонлари томонидан қўлга олинган 30 қочқиннинг қарийб барчасига бошпана изловчи шахс мақоми олиш бўйича рад жавоби берилганини Олмаота шаҳар миграция департаменти директори Гулсара Олтинбекова ҳам эътироф этади.

- Ҳақиқатан уларнинг кўпчилигига рад жавоби берилди. Улардан фақат биттаси – Набиев қочқин мақомини олди. Чунки у очиғини айтди ва ҳаммасини қандай бўлган бўлса, шундайлигича гапириб берди. Шундан сўнг комиссия “унга қочқинлик мақомини бериш мумкин”, деган қарорга келди, - деди Гулсара Олтинбекова.

Олмаота шаҳар миграция департаменти директорининг айтишича, ҳибсхонада сақланаётган ўзбек қочқинларининг кўпчилиги Қочқинлар тўғрисидаги қонунчиликка тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатларни содир этганлари учун уларга бошпана изловчи шахс мақоми бўйича рад жавоби берилган. Олмаота миграция департаменти қарорининг қочқинлар тўғрисидаги Қозоғистон қонунчилигидан заррача чекинмаган ҳолда қабул қилинганини таъкидлаган Гулсара Олтинбекова ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларида мазкур қарор юзасидан юқори инстанцияларга шикоят қилиш имкони мавжудлигини, бунгача ҳеч бир бошпана изловчи Қозоғистон ҳудудидан чиқариб юборилмаслигини қўшимча қилди.

Ўзбек қочқинлари ҳимояси билан шуғулланаётган Олмаотадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро бюроси вакили Денис Живага ўз ташкилоти Олмаота миграция департаментининг ўзбек қочқинларига бошпана изловчи шахс мақоми беришни рад этиш бўйича қарори юзасидан юқори инстанцияга ариза ҳозирлашини, аммо бунинг учун аввал адвокатлар ҳибсхонадаги ўзбек қочқинлари билан учрашишлари кераклигини айтди.

- Адвокатларни уларнинг олдига қўймагунларича, улар ҳеч қандай шикоят аризаси топшира олмайдилар. Ҳозир адвокатлар қочқинлар ёнига киришга эришиш ҳаракатида юрибдилар, - деган Денис Живага адвокатларда юқори инстанцияга ариза ҳозирлаш учун яна ярим ойча муҳлат борлигини қўшиб қўйди.

Олмаота шаҳар миграция департаменти директори Гулсара Олтинбекованинг маълум қилишича, июн ойидан буён ҳибсхонада сақланаётган ўзбек қочқинлари масаласи бўйича тез кунларда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилиб, бу борада жамоатчиликни қизиқтирган барча саволларга жавоб берилади.
XS
SM
MD
LG