Линклар

logo-print

Остонада "номи улуғ" университет очилди


Қозоғистон пойтахти Остона шаҳридаги Назарбоев номли университетнинг бош корпуси.

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳридаги Назарбоев номли университетнинг бош корпуси.

Сентябр ойи охиридан Остона шаҳрида Назарбоев номидаги университет фаолият бошлайди. Университет лойиҳаси ташаббускорлари мазкур олий ўқув юртининг Қозоғистон миллий брэндига айланишини иддао қилаяптилар. Аммо баъзи кузатувчилар буларнинг барчаси маълум бир доирадаги манфаатлари йўлида амалга оширилаётганини айтадилар.

Шу йилнинг 27 сентябр куни Назарбоев номидаги университетда 500 га яқин талаба ўқишни бошлади. Билим даргоҳининг очилиши бўйича лойиҳа ташаббускорлари университет мамлакатнинг миллий брэндига айланиши, унинг тимсолида миллий таълим тизими ҳамда халқаро тадқиқот ва таълим амалиёти ютуқлари уйғунлашажагини таъкидлашмоқда.

Назарбоев номидаги университет раҳбарияти дунёдаги қатор етакчи билим даргоҳлари, жумладан, Лондон глобал университети, Карнеги Меллон университети, Висконсин, Питтсбург ва Пенсильвания университетлари каби нуфузли таълим масканлари билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаган.

Қозоғистон президенти номидаги билим даргоҳида АҚШ, Канада, Буюк Британия, Янги Зеландиядан ташриф буюрган ўқитувчилар дарс берадилар. Хориждаги нуфузли халқаро университетлар ўқитувчиларининг 8 сентябрдан то 19 сентябрга қадар Остонага келишлари кутилмоқда.

- Назарбоев номидаги университет бу янги авлод учун мўлжалланган мутлақо янгича билим даргоҳидир. Унинг учун катта маблағ ажратилаяпти ва ҳозирда университетда пуллик таълим йўқ. Бу йил биз ушбу билим юртида ўқиш учун энг яхши беш юз талабани танлаб олдик. Биз бошданоқ бутун дунёдаги топ-университетлардан ягона принцип бўйича талаб қилинадиган халқаро тоифадаги университет тузишни мақсад қилдик. Университет ва университет шаҳарчаси дунё стандартларига мувофиқ ҳолда қурилмоқда. Буни хорижда талабалар шаҳарчаси қуриш бўйича тажрибага эга бўлган ташкилот қурмоқда, - дея маълум қилди Озодликка Назарбоев номидаги университет акционерлик жамиятининг таълим бўйича президент муовини Кадиша Даирова.

Айни пайтда Қозоғистонда Назарбоев номидаги университет очилишига нисбатан салбий муносабатда бўлган кузатувчилар ҳам йўқ эмас. Улар фикрича, расмийлар “номи улуғ” бундай билим даргоҳи таъсис этгандан кўра, мамлакатдаги мавжуд олийгоҳларни ривожлантириш йўлида ҳаракат қилсалар, мақсадга мувофиқроқ бўлар эди.

- Қозоғистонда ўз тарихи, юқори малакали профессорлар ва яхши моддий-техник базага эга бўлган 141 олий ўқув даргоҳи бўлган бир пайтда мамлакатда янги бир университет очишга нима ҳожат бор? Масалан, Олмаотада 80-йиллик тарихга эга бўлган кўплаб университетлар бўлиб, уларнинг ректорлари билим даргоҳида дарс бераётган профессор ва докторларни муносиб маош билан таъминлаш ҳақида бош қотирмоқдалар. Атиги беш юз талабани ўқитиш учун давлат бюджетидан катта маблағ ажратишнинг нима кераги бор? - дейди талабаларнинг сифатли таълим олишга бўлган ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолият юритувчи “Ар-Руҳ-Ҳақ” жамоатчилик жамғармаси раҳбари Бахитжон Тўрегожина.

Қозоғистондаги талабаларни давлат ҳисобидан хорижий университетларда ўқитиш бўйича “Бўлашақ” дастури битирувчиси бўлган Жазира Дуйсенбекова эса мамлакатда Назарбоев номидаги университетнинг очилишини ижобий баҳолайди. Унга кўра, бугунги кунда Қозоғистон Евроосиёда лидерлик мақомига даъвогарлик қилмоқда, шу боис ҳам мамлакатнинг ушбу минтақада таълим соҳаси бўйича ҳам лидерлик қилиш иддаоси ўринлидир.

- “Ньюсвик” журналининг сўнгги маълумотларига кўра, Қозоғистон дунёдаги ривожланган мамлакатлар рўйхатида 60-ўринни эгаллади. Бунда баҳолашнинг беш мезонидан бири таълим соҳаси бўлган. Юзта ривожланган ва ривожланаётган давлатлар орасида биз ўн тўртинчи ўринни эгаллаб турибмиз. Бу катта ютуқ, аммо Қозоғистон бу билан тўхтаб қолиши керак эмас. Кейинги беш-ўн йил ичида Қозоғистон олий ўқув юртлари халқаро мақомни қўлга киритиши керак. Бу ҳақда президент мурожаати ва Қозоғистон таълим соҳасининг 2020 йилга қадар ривожлантириш дастурида ҳам айтилган. Қозоғистон олийгоҳларининг дунё рейтингларини забт этиши учун илмий тадқиқотлар ва уларда ўқийдиган хорижлик талабалар сони камлик қилаяпти, - дейди Жазира Дуйсенбекова.

Собиқ сенатор, кўп йиллар давомида Қозоғистон таълим соҳасида ишлаб келган Зауреш Баталова Остонада ишга тушиши кутилаётган университет қандай аталишидан қатъий назар, унда бериладиган таълимга кўпроқ эътибор қаратмоқ зарурроқ эканини алоҳида таъкидлайди.

- Умуман олганда, мамлакатда Назарбоев номидаги университет очиш ташаббусининг ўзи менда катта шубҳа уйғотмоқда. Биринчидан, мен кадрлар Қозоғистоннинг ўзида тайёрланиши керак, деб ўйлайман. Мамлакатдаги олий ўқув юртлари талабаларга юқори сифатли билим беришга лойиқ бўлган юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга қурби етади. Мен ўқитувчиларнинг хориждан чақиртирилишига қарши эмасман, аммо бунга Назарбоев номидаги университет масъуллари каби кўп ҳам берилиб кетмаслик керак. Хориждаги ўқитувчилар бир муддатга Қозоғистонга келиб, вақти келиб ўз юртларига қайтиб кетадилар, - дейди Зауреш Баталова.

Назарбоев номидаги университет 22 000 талабага мўлжалланган бўлиб¸ унда уч йирик йўналиш - муҳандислик, табиий фанлар ва тиббиёт соҳасида мутахассис тайёрланади. Мазкур университет дипломи халқаро майдонда тан олиниши айтилмоқда. Аммо аввалроқ Қозоғистонда очилган халқаро мақомга эга олий ўқув юртларининг дипломлари нафақат дунё миқёсида, балки мамлакат миқёсида ҳам тан олинмаётгани кузатилади.

Масалан, Қозоғистонда бир неча йилдан буён халқаро миқёсга эга Қозоғистон менежмент, иқтисодиёт ва режалаштириш университети (КИМЭП) ва Қозоқ-британ техника университетлари фаолият юритиб келадилар. Ушбу билим даргоҳлари эндигина фаолият бошлаган пайтда уларнинг таълим бўйича Америка стандартларига жавоб бериши айтилганди.

Аммо бугунги кунда Олмаотадаги бу икки университет битирувчиларининг дипломи Қозоғистон таълим вазирлиги талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.

Айни пайтда талай муаммоларга дуч келаётган КИМЭП ва Қозоқ-британ техника университетларида шу пайтгача кўплаб ўзбекистонлик талабалар таълим олган ва ҳозир ҳам бу даргоҳларда Ўзбекистондан келган бир неча талаба таҳсил олаётгани маълум.

Ўзбекистонда хорижда олинган дипломлар нострификацияси билан боғлиқ муаммолардан хабардор айрим ўзбекистонликлар Қозоғистондаги халқаро миқёсдаги университетлар, хусусан, Назарбоев номидаги университет ҳам ўзбек талабалари учун жозиб ўқув дарғоҳи бўлиши қийинлигини таъкидламоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG