Линклар

АҚШда 2001 йил 11 сентябр фожиаси қурбонлари хотирланди


11 сентябр қурбонлари яқинлари Ню Йоркда ҳалок бўлганларни хотирлади.

11 сентябр қурбонлари яқинлари Ню Йоркда ҳалок бўлганларни хотирлади.

Америкада 2001 йил 11 сентябрги террор ҳужумларининг 9 йиллиги хотирланди. Мазкур сана Америкада мусулмонларга қарши кайфиятлар кучайган пайтга тўғри келди. Бунга фожиа юз берган жой яқинига Исломий марказ қуриш режаланаётгани сабаб бўлди.


АҚШда 2001 йил 11 сентябрда қарийиб уч минг одамнинг ёстиғини қуритган террорчи ҳужумларининг 9 йиллигини хотирлаш маросими бўлиб ўтди.

АҚШ президенти Барак Обама Пентагонда, вице президент Жозеф Байден эса, Ню Йоркдаги хотира маросимида иштирок этди.

АҚШ президентининг рафиқаси Мишел Обама ва собиқ “биринчи лейди” Лора Буш ўғирланган тўртинчи самолёт ерга қулаган Пенсилвания штатида уюштирилган хотира маросимида қатнашдилар.

Вашингтондаги маросимда сўзлаган президент Барак Обама қурбонлар хотирасини ёд этди.

- Орадан тўққиз йил ўтди. Бу даврда ҳар қачонгидан кўп кўз ёш тўкдингиз. Вақт ўтиши билан дунёда баъзи нарсалар ўзгаргандек бўлиб кўрингани қарамай, бугун мен сизнинг яқинларингиз халқимиз қалбидан мангу ўрин эгаллаганининг шоҳиди бўлдим, деди АҚШ раҳбари.

Бу йилги хотира маросими 2001 йил 11 сентябр кунги ҳужум оқибатида ерга қулаган Жаҳон савдо маркази бинолари турган жой яқинига Исломий марказ қуриш режасига норозилик тариқасида Флорида штатидаги евангелий черкови пастори Терри Жоунз мусулмонларнинг муқаддас Қуръон китобини ёқишга таҳдид қилган пайтга тўғри келди.

АҚШ президенти Барак Обама бу икки масалада қатъий позицияда турибди. АҚШ раҳбари пасторнинг режасига кескин қарши чиққан.

Мусулмон давлатларда Терри Жоунезнинг режасига қарши намойишлар бўлиб ўтди ва бундай намойишлар давом этмоқда.

АҚШ президенти БМТда юзага келган диний кескинликни юмшатишга уриниб барча давлатларни асосий қадриятлар атрофида бирлашишга чақирди.

- Улар турли динлар ўртасида можаро чиқаришни хоҳлаётган бўлишлари мумкин. Бироқ америкалик сифатида биз Исломга қарши урушмаяпмиз ва ҳеч қачон урушмаймиз. Сентябр воқеаларида бизга дин ҳужум қилмаган. Ал-Қоида ҳужум қилган. Биз хориждаги сабр-тоқатизлик ва экстримизмни ҳозиргина қоралаганимиз баробарида, ўз давлатимизнинг кўп миллатли ва сабр-тоқатли давлат анъаналарига содиқ бўлиб қоламиз, деди АҚШ президенти.

Ню Йоркдаги хотира маросимидан кейин тадбир иштирокчилари Исломий марказ қурилишига қарши кўча намойиши ўтказишни режаланган. Тадбирда АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Жон Болтон ҳам сўзга чиқиши маълум қилинган.

Айни пайтда Исломий марказ қурилиши тарафдорлари норозиларга қарши намойиш уюштиришни режалаган.

Эслатиш жоизки, 2001 йил 11 сентябр куни Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази жойлашган “Эгиз бинолар” қулаган пайтда ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонлик Гавҳар Қамариддинова ҳам бўлган.
XS
SM
MD
LG