Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:53

Қозоғистон ўшлик қочқинни Ўзбекистонга экстрадиция қилди


Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Олмаота шаҳар департаменти тергов изолятори раҳбари Тўқтаубаевнинг адвокат Бурумқулова сўровномаси бўйича юборган жавоб хатида ўшлик Хуршид Комиловнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилингани айтилади.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Олмаота шаҳар департаменти тергов изолятори раҳбари Тўқтаубаевнинг адвокат Бурумқулова сўровномаси бўйича юборган жавоб хатида ўшлик Хуршид Комиловнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилингани айтилади.

Қозоғистон расмийлари шу йилнинг 9 июн куни Олмаота шаҳрида қўлга олинган Хуршид Комиловни Ўзбекистонга экстрадиция қилди. Унинг яқинлари асли қирғизистонлик бўлган Комилов нима учун айнан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини тушунолмай ҳайронлар.


27 ёшли Хуршид Комилов Олмаотага 2009 йилнинг август ойида келганди. У жорий йилнинг 9 июнида Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўтказган “Мигрант” рейди чоғида қўлга олиниб, Олмаота шаҳар миллий хавфсизлик хизмати тергов изоляторига жойлаштирилганди. 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси Ўшда бошланган қирғин туфайли мамлакатдан чиқиб кета олмаган Хуршиднинг онаси Мавлуда ая Олмаотага келар-келмас ўғли ҳақида нохуш хабар эшитганини айтади.

- Чоршанба куни “ўғлимга озиқ-овқат олди” деб суюниб, бугун кийим олиб келсам, “ўғлингни этапга жўнатиб юбордик” деб, аризамни қабул қилмади. “Этапинг нима, мен қари бўлсам, қариганимда бунақа гапларни тушунмайман” десам, “сенинг қарилигингни, сочингнинг оқини ҳисобга олиб, айтиб қўяяпман, ҳаммасини Ўзбекистонга чиқариб юборди”, деди. “Менинг болам қирғизистонлик бўлса, нега Ўзбекистонга чиқаради?” десам, “мен билмайман, сенга мен айтиб қўйдим” деди, - дейди Хуршид Комиловнинг онаси Мавлуда ая.

Онахоннинг айтишича, Хуршиднинг Қозоғистонга чиқиб кетишига ўғлига Ўш шаҳар миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган босимлар сабаб бўлган. Маълум бўлишича, икки йил аввал Ҳаж зиёратига борган Комиловни миллий хавфсизлик хизмати ходимлари таъқиб қилиб, унга ўзлари билан ҳамкорлик қилишни таклиф қилган. Мавлуда аяга кўра, ўзи каби мусулмонларга бирор зарар етказиб қўйишдан ҳазар қилган Хуршид вақтинча Олмаотага кетиб, ўша ерда тирикчилик қилиб туришни афзал билган. Бир муддат Олмаотада юрган Комилов БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги маҳаллий ваколатхонасига қочқинлик мақомини сўраб мурожаат қилади, бироқ у Қозоғистонда қочқинлик масалалари билан шуғулланувчи маҳаллий миграция департаментига мурожаат қилмайди. Олмаотадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро бюроси вакили Денис Живага айнан шу ҳолат Комилов ҳуқуқларининг муҳофаза қилинишига монеълик қилганини айтади.
- Комиловнинг ўзи комиссия мажлиси чоғида ўзининг БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги ҳимояси остида эканини ва бундан бошқа ҳеч қаёққа мурожаат қилиш нияти йўқлигини айтди. Бу унинг катта хатоси эди, аммо бу қарорга унинг ўзи келди, - дейди Денис Живага.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Виталий Пономарёвнинг айтишича, агар бирор мамлакат фуқароси бўлган шахс бошқа бир мамлакатда юрган бўлса, уни учинчи давлат эълон қилган қидирув бўйича уни ўша мамлакатга экстрадиция қилишлари мумкин.

- Қирғизистон ёки Тожикистон фуқароларини Ўзбекистонга экстрация қилиш билан боғлиқ ҳолатлар жуда кўп учраган. Масалан, Қирғизистон фуқаросини Остонадан Ўзбекистонга экстрадиция қилган эдилар. Россияда иш экстрадиция қилишгача бориб етгани йўғу, лекин у ерда ҳам Қирғизистон фуқароси Ўзбекистон тақдим этган айблов бўйича қўлга олинганди, - дейди Виталий Пономарёв.

Айни пайтда ўғлининг Ўзбекистон билан боғлиқ бирор-бир фаолияти йўқлигини таъкидлаётган Мавлуда ая бундан буён нима қилишни билмай боши қотганини айтади.

- У Ўзбекистонга бормаган бўлса, қариндош-уруғим ҳам йўқ бўлса Ўзбекистонда... Ўзим ҳам Ўзбекистоннинг нима эканини билмайман бориб бирор чора кўргани, - дейди Мавлуда ая куйиниб.

Ҳозирча ўшлик Мавлуда ая ўзининг бу каби изтиробли саволларига Қозоғистондаги биронта расмий идорадан жавоб ололгани йўқ.

Озодлик радиоси ўшлик Хуршид Комиловнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши билан боғлиқ воқеаларни бундан буён ҳам кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG