Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:16

Олмаотадаги ўзбек қочқинлари Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин


Ҳибсда қолаётган Ўзбекистонлик қочқинларнинг аёллари прокуратура биносини пикет қилди.
Ҳибсда қолаётган Ўзбекистонлик қочқинларнинг аёллари прокуратура биносини пикет қилди.

Қозоғистон бош прокуратураси Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган 29 нафар ўзбек қочқинини Ўзбекистонга экстрадиция қилинишини маълум қилди. Ҳибсдаги ўзбек қочқинлари очлик эълон қилди. Уларнинг аёллари эса, ўз эрларининг озод этилиши талаб қилиб, душанба куни Олмаота прокуратураси биносини пикет қилди.


Уч ойдан буён Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган ўттизга яқин ўзбек қочқинининг аёллари 13 сентябр куни Олмаота шаҳар прокуратураси биноси олдида йиғилдилар. Улар ўз эрларининг озод этилишини талаб қилиб, Қозоғистон бош прокурори номига ёзилган мурожаатномани топшириш мақсадида келдилар. Аммо прокуратура биносини қўриқлаб турган милиция ходими, қочқин аёлларга тушлик вақти бўлиб қолганини айтиб, уларни бино ичукарисига киритмади.

Орадан бироз ўтгач, йигирмадан зиёд қочқин аёл олдига Олмаота шаҳар прокурорининг бош ёрдамчиси Тошкенбой Аубакиров чиқди. Прокуратура расмийси жорий йилнинг 31 август куни БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси 29 нафар ўзбек қочқинига аввал берилган қочқинлик мақомини бекор қилгани, сўнгра Олмаота шаҳар миграция департаменти ўзбекистонлик қочқинларнинг Қозоғистон ҳудудида қочқинлик мақоми тақдим этилишига оид аризаларига рад жавобини берганини қайд этди.

Олма Отада ўзбек қочқинлари намойиш уюштирди

x
Олма Отада ўзбек қочқинлари намойиш уюштирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:08 0:00
Шундан сўнг Аубакиров Қозоғистон Бош прокуратурасининг тергов ҳибсхонасида сақланаётган 29 нафар ўзбек қочқини борасида чиқарган қарорини эълон қилди.

- Қозоғистон Бош прокуратураси ҳибсда сақланаётган ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор қабул
қилди. Аммо шу билан бирга, Бош прокуратура жиноят-ижроия тизими қўмитаси ва миллий хавфсизлик қўмитасига ўзбек қочқинларига Олмаота шаҳар миграция департаменти чиқарган қарор юзасидан шикоят аризасини топшириш учун имкон яратиб бериш бўйича топшириқ берди,- деди прокуратура расмийси Тошкенбой Аубакиров.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 9 июнидан 11 июнига қадар қозоқ ҳуқуқ-тартибот органлари ва махфий хизматлари томонидан ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида Олмаота шаҳрида 32 нафар ўзбек қочқини қўлга олинганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги уларнинг барчасини Ўзбекистон ҳудудида оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганликда айблаб, қозоқ ҳамкасбларидан уларни экстрадиция қилишни сўраган.

Уч ойдан бери ҳибсхонада сақланаётган бу қочқинларни экстрадиция қилиш бўйича ҳибсда сақлаш муддати шу йил 9 сентябрида тугаганига қарамасдан, улардан бир нафаригина ҳибсдан озод қилинди.

Аввалроқ Олмаотадаги тергов ҳибсхоналарида сақланаётган 30 нафар ўзбек қочқинидан бири бўлмиш Неъматулло Набиев сентябр ойи бошида Олмаота шаҳар миграция департаменти томонидан қочқинлик мақоми олгани ва ҳибсдан озод қилингани, миллати ўзбек қирғизистонлик қочқин Хуршид Комилов эса Ўзбекистонга экстрадиция қилингани ҳақида хабар бергандик.

Ҳибсда сақланаётган бошқа ўзбек қочқинларининг аёллари эса, ҳибсхонада қолаётган бошқа қочқинлар Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинишларига қарши очлик эълон қилганликлари ва тўрт кундан бери овқат ейишдан бош тортаётганларини Озодликка маълум қилдилар.

- "Розимасмиз биз бунга, қаршимиз", деб очлик эълон қилишди. Ҳозиргача биз уларга передача бермадик. Билмайман, нима ейишаяпти улар (йиғлаб). “Ўзбекистонда ўлгандан кўра, шу ерда очдан ўлганимиз яхши”, дейишяпти, - дейди уч ойдан бери тергов ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқинларидан бирининг аёли.

Айни пайтда ўзбек қочқинлари иши бўйича шуғулланаётган Олмаотадаги инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси вакили Денис Живага қозоқ прокуратураси адвокатларнинг ҳибсдаги ўзбек қочқинлари ёнига киришлари учун ҳозирча рухсат бермаётганини айтди.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Олмаота шаҳар миграция департаментининг ҳибсдаги 30 нафар ўзбекистонликка бошпана бериш бўйича рад жавоби юзасидан шикоят аризасини топшириш муддати сентябр ойи охирида тугайди.

Ҳибсдаги ўзбек қочқинларига шикоят аризаси топшириш бўйича берилган муддатнинг тугаши тобора яқинлашаётгани қочқинларнинг яқинларини ҳам, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳам ташвишлантирмоқда.
XS
SM
MD
LG