Линклар

“Nexia” Россияда энг кўп сотилган иномарка, деб топилди


Августда Россияда 4500га яқин “Daewoo Nexia” автомобиллари сотилди.

Августда Россияда 4500га яқин “Daewoo Nexia” автомобиллари сотилди.

Ўзбекистонда чиқарилган Daewoo Nexia машинаси 2002 йилдан биринчи марта Россияда энг кўп сотилган автомобиллар орасида биринчи ўринни эгаллади. Ҳозирда Daewoo "Nexia" машинаси собиқ “УзДэуАвто” корхонаси ўрнида ташкил қилинган “GM Uzbekistan” қўшма корхонаси заводида чиқарилади.

Ҳозирда собиқ “УзДэуАвто” корхонаси ўрнида ташкил қилинган “GM Uzbekistan” қўшма корхонасининг Асакадаги заводида ишлаб чиқарилаётган Daewoo Nexia автомобили Россия автомобил бозоридаги ҳорижий автомобиллар орасида энг кўп сотилган машина бўлди.

Бу билан “Daewoo Nexia” автомобили кейинги 8 йилда биринчи марта Россияда энг кўп сотилган иномарка мақомини қўлга киритди.

Август ойидаги Россия бўйлаб жами 4500га яқин “Daewoo Nexia” машинаси сотилди ва Россияда ишлаб йиғиладиган иномаркалар – “Renault Logan” ва “Ford Focus” автомобилларини ортда қолдирди.

Россия автомобил бозорини таҳлил қилиш билан шуғулланадиган “Автостат” маркази маълумотларига кўра, Daewoo Nexiaнинг сотилиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 126 фоизга ошган.

Ўзбек “Nexia”сининг россияликлар орасида оммабоплаши бораётганига биринчи навбатда унинг нархи арзонлиги билан боғлиқ, демоқда соҳа мутахассислари.

Москвалик Григорий Оганесян минглаб “Nexia” автомобили эгаларидан бири:

- Чет-эл автомобиллари орасида “Nexia”нинг камчиликлари кўп албатта, лекин Россияда ишлаб чиқарилган автомобилларга таққослаганда унинг қатор афзалликлари бор. Масалан, салонининг шинамлиги, юмшоқлиги, техник кўрсаткичлари. Нарх жиҳатидан ВАЗнинг “99” ва “10” моделлари билан таққослаганда эса, “Nexia” албатта анча афзалроқдир. Хато қилмасам, уларнинг нархлари ҳам бир ҳил. Демак, нарх-сифат кўрсаткичлари бўйича “Nexia” анча олдинда!, дейди москвалик суҳбатдошимиз.

Ҳақиқатан, “Nexia”нинг нархи Россияда ишлаб чиқарилган ва ҳангомалар объектига айланган ВАЗ автомобилларининг айрим моделлардан арзонроқдир.

- “Nexia”га июлда ўрнатилган энг арзон – “low cost” комплектациясидаги нарх 229 минг рубл эди, дейди “UZ-DAEWOO”нинг Россиядаги расмий вакили Татьяна Лешченко.

(229 минг Россия рубли 7500 АҚШ долларига баробар).

Татьяна Лешченконинг Озодликка айтишича, “Nexia”нинг Россияда сотилиши ошиб бораётганига нафақат унинг бошқа иномаркаларга нисбатан арзонлиги, балки автомобил бозорида вужудга келган бошқа омиллар ҳам ҳисса қўшган. Жумладан, ёз ойларида “UZ-DAEWOO”га рақиб чет-эл ширкатлари заводларида бошланган ёзги таътил боис ишлаб чиқаришнинг сусайгани бозордаги бошқа иномаркалар сонининг камайиб кетишига олиб келди.

Автомобил бозори мутаҳассислари, “Nexia”нинг Россияда бозори чаққон бўлиб қолганини шунингдек “Uz-Daewoo Finance” ва “Uz-Daewoo Leasing” кредитлаш дастурларининг жорий қилингани билан изоҳлашмоқда.

“Автостат” агентлиги маълумотига кўра, ушбу кредитлаш тизими ёрдамида “Uz-Daewoo” Россияда сотаётган автомобилларининг 24 фоизини сотмоқда.

Лешченконинг айтишича, “Uz-Daewoo”нинг Россия ҳукумати эълон қилган эскирган машиналарни утилизация қилиш дастурига қўшилгани ҳам “Nexia”нинг яхши сотилаётганига ёрдам бермоқда.

“Nexia” ва “Damas”ларнинг Россияда бозори олчи бўлиб турган бир пайтда, Ўзбекистон автомобил бозоридаги вазият билан ҳам қизиқдик.

Сирғалидаги “Avtotexservis” салони ходимларидан бири “Nexia”нинг энг арзон комплектацияси неча пул туради, деган саволимизга:

- Фақат долларда қолган бизларда, катализаторли.

Озодлик: Сўмда сотилмайдими?

- Йўқ. 9277 доллар туради, дея жавоб берди ўзини таништирмаган Сирғалидаги автосалон ходими.

Сўмда сотиладиган жойни ҳам топдик. Ўзбекистондаги дилерлик компаниялардан биридаги нарх:

- 1,5 литрли энг арзон “Nexia” 16 млн. 783 минг туради, деди дилерлик салони ходими.

Хўш, нима сабабдан Россияда ва Ўзбекистонда сотилаётган автомобиллар нархлари ўртасида бунчалик катта фарқ бор.

“GM Uzbekistan”нинг 75 фоизига эгалик қиладиган “Ўзавтосаноат” давлат ширкати ходимларидан бири Россия ва Ўзбекистонда сотилаётган автомобиллар нархлари ўртасидаги тафовут ҳақидаги саволимизга бундай жавоб берди:

- Уларни фарқи фақат катализаторда. Қолган ташқи кўриниши, ҳамма тарафлама улар бир хил. Катализатор бу автомобил бензин билан ишлавотганида у турли хил бензин орқасидан кевотган ёмон чиқиндиларни ўзида сақлаб қолади. Ташқи бозордагиларни маркаси “DAEWOO” маркасида чиқади, бизларнинг ички бозоримизда “Chevrolet” маркаси остида, деди “Ўзавтосаноат” давлат ширкати вакили.

“УзДэуАвто” Ўзбекистон ҳукумати ва Жанубий Кореянинг “Daewoo Motor” ширкати ўртасида имзоланган шартномага кўра тузилган. Автомобил заводи 1996 йилда ишга туширилган. 2005 йилда Ўзбекистон “Daewoo”нинг 50 фоиз улушини сотиб олган. 2007 йилда “Ўзавтосаноат” ва “General Motors” келишувига мувофиқ “УзДэуАвто” ўрнида “Chevrolet” автомобилларини ишлаб чиқарувчи “GM Uzbekistan” қўшма корхонаси ташкил этилди.

“GM Uzbekistan” йилига 250 минг дона автомобил ишлаб чиқаради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG