Линклар

Кореяда ўзбек-қирғиз муҳожирлари ўзаро муштлашди

  • Озодлик

Воқеа гувоҳларига кўра¸ муштлашув муҳожирлар ишдан қайтгач¸ катта йўл ëқасидаги бекатда бошланиб кетган.

Воқеа гувоҳларига кўра¸ муштлашув муҳожирлар ишдан қайтгач¸ катта йўл ëқасидаги бекатда бошланиб кетган.

Ўзбек ва қирғиз муҳожирларининг Озодликка билдиришича¸ 11 сенябр куни Жанубий Кореянинг Баран шаҳарчасида иккала миллатга мансуб меҳнат муҳожирлари ўртасида муштлашув юзага чиққан. Арзимаган баҳона билан бошланган бу жанжал ортида¸ Ўш ва Жалолобод қирғинидан сўнг иккала жамоа ўртасида юзага чиққан кескинлик сабаб экани айтилмоқда.


13 сентябр куни Озодлик Жанубий Кореянинг Баран шаҳарчасида меҳнат қилаëтган ўзбек муҳожирларидан бири билан боғланиб, 11 сентябр кунги жанжал тафсилотларини суриштирди.

Суҳбатдошнинг айтишича, можарога шанба куни муҳожирлар ишга жўнаш олдидан тўпланадиган бекатда ўзбек ва қирғиз йигитларининг бир-бирини туртиб кетгани баҳона бўлган.

- Кореяда Баран деган шаҳарда бўлган. Жанжал, қирғизлар билан ўзбеклар туртишишиб кетган. Кўчада учрашиб, бир бирига елка билан елка тегишиб кетди. Қирғизлар қўпол гапиришиб юборди. Ўзбеклар ҳам гап қайтариб қўйди. Шу билан тўпланишиб, бир бирини уришиб кетишди, дейди Кореянинг Баран шаҳарчасида меҳнат қилаëтган муҳожирлардан бири.

Кечки соат 6 лар атрофида, эрталаб ҳар жойга ишга тарқаб кетган муҳожирлар ëтоқларига қайтгач, эрталаб бошланган можаро энди катта муштлашувга айланди, деб давом этади суҳбатдош.

- Кечки пайт ҳамма ишдан қайтганда, тўпланишганда, қирғизлар тайëргарлик кўриб келишган ўша болани урамиз деб. Лекин ўзбеклар кўпчилик бўлиб қолган. Катта йўлнинг бўйига ҳам чиқиб кетган уруш. Машиналар тўхтаган. Полиция келган¸ албатта. Лекин ҳамма тарқаб кетди. Кейин эртаси куни полиция, СНБ ҳаммаси ўша биринчи уруш бошлаган одамларни қидириб юрди. Ўзбекистонликлар ҳам бор эди, қирғизистонликлар ҳам бор эди, ўшликлар, қорасувликлар бор эди. Қозоғистонлик ўрислар бор эди, энди улар урушгани йўқ албатта. Ҳамма ишдан қайтган пайтда бўлган, дейди исми айтилишини истамаган муҳожир аëл.

Айни воқеа тафсилотларини Озодликнинг қирғиз хизматига ҳикоя қилиб берган Кореядаги қирғиз мигрантига кўра, муштлашувга аралашган 30 нафар ўзбек ва 8 нафар қирғиз муиллатига мансуб муҳожирлар бир заводда ишлашган. Қирғиз хизмати хабарида айтилишича, муштлашув оқибатида қирғиз муҳожирларидан бири касалхонага ëтқизилган.

Аммо Озодлик суҳбатлашган Кореядаги муҳожир, бундан хабари йўқлигини айтади.

- Болницага ëтганларни билмадигу, лекин қирғиз болалар яхшигина калтак еб қолишди. Ўзбеклар кўпроқ урди¸ улар кўпчилик эди, дейди Кореянинг Баран шаҳарчасида ишлаëтган ўзбек муҳожирларидан бири.

Барандаги ўзбек-қирғиз муҳожирлари ўртасидаги муштлашув хабарини тасдиқлаган Қирғизистон Меҳнат ва миграция вазирлигининг Кореядаги расмий вакили Бақит Исаев ҳам воқеа тафсилотларига ойдинлик киритади:

- Биз воқеа содир бўлган жойга борганда, у ерда 50 ка яқин қирғиз миллатига мансуб фуқароларимиз тўпланиб қолибди. Ўзбеклар ўзларининг кафесида тўпланганини айтишди. Биз уларни ҳаммасини тўплаб тинчликда яшашга чақирдик, дейди Исаев.

– Биз уларга¸ Қирғизистонда вазият яхшиланиб турган бир пайтда сизларнинг бу ерда урушиб туришингиз тўғри эмас, деб тушунтирдик. Биз у ерга тонг саҳар 5:30да бордик. Ундан сўнг полиция билан хабарлашсак, улар бизга мамлакатнинг ҳар ҳил жойларида одамлар тўпланаётганини айтишди. Биз қирғизларнинг ҳам, ўзбекларнинг ҳам лидерлари билан учрашиб, тинчликка чақирдик. Икки тараф кўл бериб кўришишди. Улар ўзларининг бари танишларига қўнғироқ чолишиб тинчлик эканини айтишди¸ деган Кореядаги Қирғизистон расмийси, воқеа содир бўлган жойда айни пайтда маҳаллий полиция ходимлари ишлаëтгани ва ҳозирда асосан ўзбек-қирғиз муҳожирлари яшовчи районларда тинчлик ҳукм сураëтганини айтади.

Кореядаги Бишкек ҳукумати намояндаси, бу ерда ишлаëтган ўзбек ва қирғиз меҳнат муҳожирлари ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб кетганини билвосита тасдиқласа, Озодлик суҳбатлашган муҳожир аëл икки жамоа ўртасидаги кескинликни ўз танасида ҳис қилиб яшаëтганини айтади.

-Албатта, бу Ўшдаги воқеалардан келиб чиққани йўқ. Лекин Ўшдаги воқеалар ҳаммамизга қаттиқ таъсир қилди. Просто бу ерда ўзбеклар билан қирғизлар ўртасида бир-бирига нисбатан ëмон муносабат пайдо бўлдида Ўшдаги воқеалардан кейин. Бу энди қасдлашиб, уюштирилган бўлгани йўқ. Просто йўл-йўлакай кетишаëтиб, ўзбеклар билан қирғизлар елкама елка уришиб кетган, дейди ўзаро муштлашувга сабаб бўлган чуқурроқ омиллар ҳақида гапира туриб Кореядаги муҳожир аëл.

Қирғизистонда бўлиб ўтган июн ойи воқеаларидан кейин чет ўлкаларга чиқиб кетган қирғиз-ўзбек миллатидаги ишчи мигрантларнинг бу каби ўзаро тўқнашувлари биринчи маротаба бўлиши эмас.

Хусусан, 26 июл куни тунги соат 10 ларда Москванинг Профсоюзная метроси ëнида ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб йигитлар ўртасида муштлашув бўлиб, 40 нафарга яқин одам иштирок этгани айтилган бу жанжалда, Москва милицияси хабарига кўра, бир киши оғир тан жароҳати олиб, 5 киши қўлга олинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG