Линклар

logo-print

Ўш мэрияси ертўласидаги асирликдан омон қолган ўшлик аёл ҳикояси


Лавҳамиз қаҳрамони 61 яшар ўшлик онахон Ўш мэрияси ертўласида кийимлари олиб қўйилгач, мебеллардан йиритиб олинган латта билан яланғоч танасини яширишга уринган.

Лавҳамиз қаҳрамони 61 яшар ўшлик онахон Ўш мэрияси ертўласида кийимлари олиб қўйилгач, мебеллардан йиритиб олинган латта билан яланғоч танасини яширишга уринган.

Ўш қирғини пайтида бир гуруҳ қуюшқондан чиққан тўда томонидан гаровга олиниб, қаттиқ калтакланган ва Ўш мэрияси ертўласидан тирик чиққан ўшлик ўзбек аёли ўз ҳаётини қутқариб қолган қирғиз йигитига миннатдорчилик билдиради. Уни қутқарган қирғиз йигит ўзбек аёлига ўз исмини ҳам айтмаган.


Ўрта бўйли, қорачадан келган суҳбатдошимизнинг 4 фарзанди, қатор-қатор неваралари бор. Ўшлик бу аёл узоқ йиллар давомида маориф соҳасида ишлаб келган.

Исмини хавфсизлик нуқтаи назаридан сир тутишни сўраган 61 ёшли ўшлик ўзбек аёли 12 июн куни Ўш марказида бир гуруҳ қирғиз аёллари томонидан ушлаб олиниб, Ўш мэрияси биносига олиб кириб кетилади.

У ерда кекса аёлни бир тўда аёллар дўппослай бошлайди.

- Шуларни бошлиғи бир аёл экан. Кўрсам тайниман. У бошимга ураяпти, бошимга уриб, кейин судраб олиб тушиб кетди. Олиб кириб, подвалга қўйиб, “чечин” деди. Ечин, қирғизчалаб “чечин” дегани. Ечинтириб, қип-яланғоч қилди. Тез-тез ечинаяпман, уриб қўймасин деб. Кейин иккитаси ушлаб турди, қорнимни пастига аёл кишилар тепди. Кейин узугимни, браслетимни ечиб олди, томоғимни тагини “цепочка” деб тимдалаб ташлади. “Цепочка йўқ” дедим,- дея эслайди 12 июн кунги воқеани суҳбатдошимиз.

Ўш мэриясидаги аёллар унинг қулоғидаги сирғани суғуриб олганида қулоқлари йиртилиб кетган.

Мени Ўш губернаторининг кераксиз мебел жиҳозлари қўйилган ертўласига қамаб қўйишди, дея давом этади ҳикоясини 61 ёшга кириб, бундай таҳқирланишни биринчи марта бошдан кечирган аёл.

-Ўша ерда соат учгача ўтирдим. Қарайман, қочиб кетишни иложи бормикин десам, хеч ҳам иложи йўқ. Роса совқотдим, уни ичида кейин списат қилинган мебеллардан латталарни йиртдим. Буёғимга боғладим (кўкрак қисмини кўрсатади), дағ-дағ, чидамасдан, ерга креслоларни қисмларини олиб жой қилиб, устимга чанг полосни олиб, ёпиниб, ўраниб, ётиб олдим. Орада дуо қилавердим, калима келтирдим. Ўша пайтда Оллоҳдан сўраяпман, “Ҳамма болаларимни биттадан боласини кўрай”, деб ният қилган эдим. “Қизим оғироёқ эди, шу қизим туғса, боласини кўрсам”, деб ният қилдим. Иннанкейин айтдим, “Ҳеч кимга ёмонлик қилмаган эдим, тирик қолсам яна ёмонлик қилмай”, дедим. Тўқсонинчи йилда мана шу эшигимни ярмида ўрис турар эди. Шунда битта қирғиз бола қолиб кетиб, маҳаллани болалари ургани келганда, шу қирғиз болани мен олиб чиқиб олганман. "Тегишмейсан, бу ҳам бировни азиз боласи", деб, шу болани эсладим. Кейин соат 3дан кейин бир қирғиз бола келди. Қирғиз бола кириб, олдин сенсираб гапирди.

Ёши 25лар атрофидаги, бўйи баланд, қирғиз миллатига мансуб йигит ҳарбий кийимда бўлган. У ертўлага қамалган ўзбек аёлига бир бурда нон, шарбат, кейинроқ сув олиб келиб беради. Бир тўда қирғиз аёллари томонидан зиндонбанд қилинган аёл бу йигитга ўзи қутқарган қирғиз бола ҳикоясини айтиб беради, шундан сўнг ҳарбий йигитнинг онаси тенги аёлга муносабати ўзгаргади.

- “Сиз ҳижолат бўлманг, ҳозир мен сизни бошқа жойга олиб чиқиб қўяман, бу ерда сизни хотинлар ўлдириб қўйишади. Бошқа ерга олиб чиқиб устингиздан қулфлаб қўяман, кечаси, тунда хотинлар ухлаганда, мен сизни қочириб юбораман”, деди,- дея халоскорига бўлган миннатдорчилигни яширмайди суҳбатдошимиз.

Шундан сўнг ертўлага уни урган аёллар, уларнинг орасида суҳбатдошимизни таниган ўшлик қирғиз аёли киради. Бу аёл танишининг кийимлари йўқлиги ва латта-путталарга ўранганини кўриб, унинг кийимларини топишга уринади.

- “Кўйлагингиз қанақа эди?” деди, “мана бундай” десам, бориб ҳеч нарсамни топа олмасдан, янги, этикеткали турк “Адидас” спорт кийимини олиб келди. Ҳалиги мародерствода туналган, ўғирланган деб, ҳалигини кийдим. “Бошқа хеч нарсангизни топа олмадим”, деди. Ҳалигини кийдим, у хотин ёпиб қўйиб кетди. У бола эса келиб, мени хонадан олиб, зинапоя остида қулфланадиган хонага олиб чиқиб қўйди. Ўша ерда ярим кечагача ўтирдим. Ярим кечада ҳалиги бола келиб туриб, “Эже, томоқ ейсизми?” деди, Мен “Йўқ” десам, “Эже, хафа бўлманг, беш қўл баробар эмас, қирғизни ҳаммаси ёмон деб ўйламанг”, деди. Мен ҳам ўзбекни ҳаммаси баробар эмас дедим. Отингни айт, ким мени ҳалоскорим эканлигини айт десам, айтмади. Мен рози бўл қилган меҳнатингга, қўйиб юбораяпсан, деб дуо қилдим. Буёқроққача олиб келиб қўйиб: “Кўчада отиб юрибди, энди бу ёғига эхтиёт бўлинг, ўзбеклигингизни биров билмасин, хеч ҳам гапирманг, уйингизга чиқиб кетиб қолинг”, деди. Шундек кейин уйга етиб олдим.

Уни уйда кутиб ўтирган яқинлари аёлни топа олмай, хавотирлади ва шаҳар кезиб уни тополмай қайтишади. Бир кун давомида қуюшқонидан чиққан оломоннинг асираси бўлган аёл уни излаб топа олмаган болалари олдига тунда қайтиб келади.

- Қизимни қизи “Бувамни отиб юборди”, деб йиғлашиб, ўлдига чиқаришиб қўйишган экан. Соат 12 да келдим, қарамабман. Ўнг томоним, бошим, оёқларим, ҳамма жойим кўкариб кетган. Энди билинаяпти,- дейди суҳбатдошимиз бир умрга татигулик саргузаштини якунлар экан.

Бир соатга яқин давом этган суҳбат чоғида кекса онахон уни қирғиз аёллардан ҳимоя қилмаган милиция ходимидан, қирғиз аёллар орасида бўлган баъзи танишлари уни танимаганликка олганидан хафа бўлиб гапирди. 61га кирган онахон уни ўлимдан сақлаб қолган ҳалоскори исмини билмаса-да, ундан миннатдор экани ва дуо қилишини айтади суҳбат охирида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG