Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:43

Шарм-аш-Шайҳда Яқин Шарқ музокаралари бошланади


Мисрнинг Шарм-аш-Шайҳ шаҳрида бугун Яқин Шарқ музокараларининг навбатдаги давраси бошланади. Исроил ва Фаластин раҳбарлари ўртасидаги бу музокаралар ҳам АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон воситачилигида ўтади.

Уч томонлама музокаралар аввалида Клинтон хоним бугун Исроил ва Фаластин етакчилари билан алоҳида учрашувларни ўтказади.

Исроил Бош вазири Беньямин Нетаняҳу ўтган ҳафта Ғарбий Соҳилда яҳудийлар учун уй-жой қурилишига жорий этилган мораторий муддати узайтирилмаслиги, лекин қурилишлар кўлами қисқартирилишини билдирган эди.

Исроил АҚШ босими остида ўтган йил Ғарбий Соҳилдаги қурилиш ишлари 10 ойга тўхтатилишини эълон қилган ва бу муддат шу ой оҳирида тугайди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Яқин Шарққа келишдан олдин Исроилни Ғарбий соҳилда яҳудийлар учун уй-жой қуриш ишларини қайта бошламасликка чақирди.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос, агар Исроил Ғарбий соҳилда яҳудий кўчманчилари учун уй-жойлар қуришни қайта бошлайдиган бўлса, қайта бошланган бевосита тинчлик музокараларидан чиқиши ҳақда огоҳлантирган эди.
XS
SM
MD
LG