Линклар

Имом Файсал: "Исломий марказ америкаликларга обрў келтиради"


Ню Йоркдаги Исломий марказ лойиҳаси ташаббускори Имом Файсал Абдул Рауф.

Ню Йоркдаги Исломий марказ лойиҳаси ташаббускори Имом Файсал Абдул Рауф.

Ню Йоркнинг 11 сентябр воқеалари рўй берган ҳудудига яқин жойда Исломий марказ қуриш ғояси ташаббускори жамоатчилик уни нотўғри тушунганини айтмоқда. Ню Йоркда Ташқи алоқалар кенгашида гапирган Имом Файсал Абдул Рауф Исломий марказ қуриш режалари атрофидаги эҳтиросларни тинчлантиришга уринди.


“Агар исломий марказни қуриш таклифи бунчалик сиёсийлаштирилишини билганимда уни бошқа жойга қурдирардим”, деди "Ground Zero"га яқин жойда Исломий марказ ва унинг қошида масжид қуриш лойиҳаси ташаббускори, душанба куни қилган чиқишида.

Имом Файсал Абдул Рауф Америка фуқароси ва 1983 йилдан бери Ню Йоркда имомлик қилади.

Ню Йоркдаги Ташқи муносабатлар кенгашида қилган чиқишида Имом Файсал шаҳарнинг 11 сентябр воқеалари рўй берган ҳудудига яқин жойда Исломий марказ қуриш лойиҳаси бунча жанжалга сабаб бўлишини билганида уни бошқа ерга қурдиришни таклиф қилган бўлишини айтар экан, жамоатчилик мазкур лойиҳани нотўғри тушунганини таъкидлади.

Исломий марказ, деди имом, фақат Ислом эмас, балки барча дин вакиллари учрашадиган макон бўлади.

- Бу марказ барча эътиқод вакилларининг ўзаро ҳурмат ва муштарак манфаатлари йўлида учрашиб, ҳамкорлик қиладиган жойга айланади. Бу марказ Ню Йорк шаҳрига, америкалик мусулмонларга ва бутун дунёдаги америкаликларга обрў-эътибор келтиради, деди имом.

У шунингдек маркзани танқид қилаётганларга мурожаат қилиб, "Ground Zero", яъни 11 сентябр воқеалари рўй берган жойга баъзилар айтаётганидек муқаддас зиёратгоҳ сифатида муносабатда бўлинмаётганини ҳам қўшимча қилди.

Имом Исломий марказ қурилиши таклиф этилаётган – Ал-Қоида аъзолари иккита самолёт билан уриб, йиқитган Жаҳон Савдо Маркази бинолари турган жойдан икки квартал наридаги бинода ҳозирда қиморхона ва стриптиз бар ишлаб тургани негадир лойиҳа танқидчиларини ташвишга солмаяпти, дея таъкидлади.

11 сентябр воқеалари қурбонларининг қариндошлари "Ground Zero" яқинида масжиднинг қурилишини ўзлари ва ҳалок бўлган яқинлари хотираси учун ҳақорат бўлишини айтиб, унга қарши чиқиб келмоқда.

Лекин Имом Файсал қурилажак марказдан кўзланган мақсад жамоатчилик томонидан нотўғри қабул қилинганини таъкидлади. У Қўшма Штатлардаги радикал сиёсий кучларни мазкур можародан ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётганликда айблади.

- Баъзилар бизнинг ниятларимизни нотўғри тушунганидан афсусдаман. Бу мавзу атрофида чиққан можародан баъзилар ўз сиёсий мақсадларида фойдаланганидан чуқур таассуфдаман. Шунча баҳслар айтайлаб тарқатилган уйдирма ва бефойда ақидалар устига қурилганидан жуда хафсалам пир бўлди, деди имом Файсал.

Марказ қурилишини АҚШ Президенти Барак Обама ва Ню Йорк расмийлари қўллаб-қувватлаганига қарамасдан, ўтказилган сўровларга кўра, ню-йоркликларнинг 60 фоизи унга қарши чиқмоқда.

Лекин ню-йоркликларнинг кўпчилиги агар Исломий марказ ва унинг қошидаги масжид 11 сентябр воқеалари рўй берган жойдан 10 квартал нарироқда қурилса, унга қарши чиқмасликларини айтган.

Имом Файсал ўртада чиққан баҳсларни диний эксремистлар билан мўътадил қарашлардаги диндорлар ўртасидаги тортишувга қиёслади.

- Радикал экстремистлар бизни жаҳон бўйлаб мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар ўртасида кураш кетаётганига ишонтиргиси келади. Ва баъзи ақлли ва доно инсонлар бу ғояни рағбатлантирмоқда. Лекин бу ғоя, хонимлар ва жаноблар, ёлғондир. Ҳаиқиқий жанг майдони, бугун биз олиб боришимиз лозим бўлган ҳақиқий жанг мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар ўртасида эмас, барча динлар мўътадил вакилларининг барча динлар экстремистларига қарши жанги бўлиши лозимдир, деди Ню Йоркдаги Исломий марказ лойиҳаси ташаббускори Имом Файсал Абдул Рауф.

У Америкадаги мусулмонларнинг ғоялари экстремистларнинг ғоялари билан аралаштирилмаслиги лозим, дея қўшимча қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG