Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:04

Тожикистонлик ўзбек болаларига дарслик етишмаяпти


Тожикистонлик ўзбек болалари ўз тилларида дарсликлар етишмаётганлиги сабабли тожик ёки рус тилидаги мактабларда ўқишга мажбур бўлмоқдалар.
Тожикистонлик ўзбек болалари ўз тилларида дарсликлар етишмаётганлиги сабабли тожик ёки рус тилидаги мактабларда ўқишга мажбур бўлмоқдалар.

Янги ўқув йили бошланиши билан Тожикистондаги ўзбек мактабларида ўзбек тилида дарсликлар етишмаслиги катта муаммога айланди. Ўзбекистоннинг лотин алифбосига ўтганлиги,боз устига икки давлат муносабатларининг совуқлашгани шундай салбий оқибатлар


Тожикистоннинг Сўғд вилояти Ўзбекистоннинг олти вилоятига чегарадош бўлиб, бу вилоятда уч юздан ортиқ ўзбек, ўзбек-тожик ва ўзбек-рус мактаблари бор. Бу мактабларда икки юз минг ўқувчи таҳсил олади. Илгари тожикистондаги мактабларни ўзбек тилидаги дарсликлар билан Ўзбекистон таъминларди. Ўзбекистон лотин алифбосига ўтгач эса, Тожикистондаги ўзбек мактабларига дарсликлар умуман келмай қўйган.

Собиқ Иттифоқ даврида нашр қилинган китоблар Ўзбекистондан ташқаридаги мактабларга ташилавериб тугади ҳам. Бу китоблар фойдаланилавериб увадаси чикқан. Бундан ташқари Тожикистон Маориф вазирлиги қарори билан бу китоблардан фойдаланиш таъқиқланди. Ўзбек тилидаги дарсликларда Тожикистон адабиёти, тарихи акс этиши керак. Шу боис Тожикистондаги ўзбек мактаблари ўзбекча дарсликларга зор бўлиб қолган. Айниқса ўзбек тили ва адабиёти дарсликлари етишмайди.

- Ўзбек мактабларини ўзбек тилидаги дарсликлар билан таъминлаш жуда қийин. Тожикистон баҳоли қудрат дарсликлар тайёрламоқда, лекин бу жуда кам. Шунинг учун ҳозир ҳам Ўзбекистонга борамиз, китобларни ахтарамиз. Бу китоблар билан чегарадан ўтишда жуда қийналамиз, - дейди Спитамен туманида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган Махфират Эшонқулова.

Ўқитувчининг айтишича, ўзбек тилидаги китобларни асосан бозорларда эскифурушлардан сотиб олади:

- Мана, мен ўзим болалирим учун Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳрига харид қилгани борганимда, бозорларни айланиб ўзбек тилидаги китобларни ахтараман, топганимни сотиб оламан, - дейди муаллима.

Ашт туманилик ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Эътибор Ҳамидованинг айтишича, ўзбек мактаблари учун адабиёт дарслиги тожикистонлик олимлар томонидан таёрланган ва нашр этилган. Бироқ бу дарсликни чоп этиш учун жуда оз маблағ ажратилгани учун ҳам адабиёт китоби адади ҳам оз бўлган.

- Китоблар кам. Мана ҳозир фақат тўққизинчи синф учун адабиёт китоби чоп бўлган. Лекин мана шу мактабдаги тўрт адабиёт ўқитувчиси ва олти юзта ўқувчига битта китоб бор холос, - дейди Эътибор Ҳамидова.

Шундоқ экан, Тожикистондаги ўзбек мактаблари вазиятдан қандай чиқишмоқда?

- Бешинчи синфдан ўн биринчи синфгача бўган адабиёт китоби бор, ана шундан фойдаланман, яъни ўқувчиларга шу китобдаги барча дарсларни ёздирамиз. Фақат ёзиш билан дарс ўтади, - дейди Жоббор Расулов туманида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган Гулжахон Қўзиева.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдан ташқарида яшаётган миллатдошлари ҳақида қайғурмаётгани сабабли республикада ўзбек тилидаги дарсликлар муаммоси борган сари кескинлашмоқда.

- Тўғрисини айтиш керак, Ўзбекистон ҳукумати республикадан ташқари яшаётган ўзбекларга умуман эътибор бермаяпти. Тожикистондаги ўзбеклар боши берк кўчага кириб қолган, десак хато бўлмайди. Чунки ўнинчи синфни тугатган ёшлар олий ўқув юртларида таҳсил олиш имконияти йўқ.. Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон жумҳурияти, республикадан ташқарида истиқомат қилаётган ўзбеклар учун имкониятлар яратиб берса яхши бўларди, - дейди таҳлилчи Сайфулло Қорихонов.

Мутахассисларнинг айтишларича, дарсликлар етишмаслиги сабабли ўзбек болалари чаласавод бўлиб қоляпти. Натижада тожикистонлик ўзбеклар ўз фарзандаларини тожик ёки рус тилида ўқитиладиган мактабларга беришга мажбур бўлмоқдалар.

- Шунинг учун болаларни рус ёки тожик тилида ўқитишга ҳаракат қилаяпмиз. Мана мен ўзимни фарзандимни рус тилидаги мактабга берганман,- дейди Махфират Эшонқулова.
XS
SM
MD
LG