Линклар

Тошкентда "Америка овози" мухбирининг иши судга оширилди


Абдумалик Бобоев жиноий жавобгарликка тортилаётган биринчи журналист эмас.

Абдумалик Бобоев жиноий жавобгарликка тортилаётган биринчи журналист эмас.

Тошкент шаҳар прокуратураси “Америка овози” радиосининг Ўзбекистондаги мухбири Абдумалик Бобоевга нисбатан жиноий ишни судга оширди. Ўзбекистонлик журналистга “Жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид қилувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш" ва бошқа айбловлар илгари сурилмоқда.


15 сентябр куни Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов “Америка овози” радиосининг мухбири Абдумалик Бобоевга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар тарқатди.

- Тошкент шаҳар прокуратураси унга нисбатан фақат 223-модда бўйича айбнома қўйган. Бошқа давлатларга чиқиш ва кириш тўғрисидаги модда, яъни кириш - чиқишни бузганлик тўғрисида. Кейинчалик яна учта модда қўйилганидан кейин биз буни ошкора ахборот қилиб тарқатишга мажбур бўлдик,- дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаоли айтгандек, журналист Абдумалик Бобоевга аввал фақат битта модда, яъни чегарани ўтиш тартибини бузганлик айблови қўйилган. Шу йилнинг январ ойида Абдумалик Бобоев Қозоғистон чегарасидан Ўзбекистонга ўтган пайтида номаълум сабабларга кўра, қозоқ чегарачилари унинг паспортига мухр урмаган.

Айни пайтда Абдумалик Бобоев “Америка овози” радиосининг ўзбек хизматига Ўзбекистондан мақолалар тайёрлагани сабабли Ўзбекистон Жиноят кодексининг яна икки моддаси асосида айбланмоқда. Булар “Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш” ҳамда “Ҳақорат қилиш ва туҳмат” моддаларидир.

Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовга кўра, журналист Абдумалик Бобоев ҳамда унинг ҳимоячисига Тошкент прокуратураси тергов бўлимининг айблов хулосасини бермаган. Бу ҳужжат билан прокуратура биносининг ўзида таништириб, қайтариб беришни сўрашган.

- Прооцессуал кодексини бузиш ҳолатида тергов органлари на Бобоевга, на унинг адвокатига тегишли ҳужжатларни бермаяпти ва шундай гапираяптики, гўё, улар ҳаммаси сирли эмиш. Ҳозир уларнинг (журналист ҳамда унинг ҳимоячиси) қўлида хеч қандай айблов хужжатлари йўқ. Лекин ўқишга берган. Ўқиб танишган. Айбнома билан, айблов хулосаси ҳам бор эмиш. Юздан кўпроқ саҳифадан иборат жиноят ишида ҳужжатлар бор эмиш. Энди бу асосан ўша “Америка овози”да берилган материалларни распечаткалари. Ана шуларни айбини қўйяпти,- дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Тошкент шаҳар прокуратурасидан мазкур мавзу борасида ахборот олиш имкони бўлмади.

Ўзбекистонлик Сергей Наумов мамлакат ичида қолиб, турли интернет сайтларга ахборот тарқатаётган оз сонли журналистлардан бири. У Абдумалик Бобоевни яхши танийди.

- Тўғрисини айтганда, руҳан доим бундай янгиликларга тайёр бўлсам-да, эшитиб эсанкираб қолдим. Аммо ҳозир жуда қаттиқ таассуфдаман. Бизнинг ҳукуматга ёқмайдиган ҳақиқат журналист томонидан ёзилса, унинг бари туҳмат, ҳақорат қилиш ҳисобланади. Бундай ўйлаб қараса, ҳозир яна ўнлаб журналистларни мана шу каби жиноий моддалар билан айблаш мумкин. Журналист томонидан чегаранини ноқонуний ўтиш каби айбловлар кулгили. Бўлиши кутилаётган суд маҳкамаси адолатли бўлади, дея умид қилишга кафолат йўқ. Жиноий ишни қўзғатган одамлар қайси мақсадни кўзлаган бўлса, худди шу натижа суд қарорида акс этганини кўрамиз,- дейди ўзбекистонлик журналист Сергей Наумов.

Бир нечта жиноий моддалар билан айбланаётган ўзбекистонлик журналист Абдумалик Бобоев “Малик Мансур” тахаллуси билан тингловчилари орасида танилган.

“Америка овози” радиосининг мухбири Абдумалик Бобоев шу йилнинг январ ойида Тошкент шаҳар прокуратурасига 5 нафар ҳамкасби билан чақиртирилган эди. Унда журналист олиб бораётган касбий фаолияти ҳақидаги саволларга жавоб берган эди.

13 сентябр куни журналистдан Тошкент шаҳар прокуратураси “шаҳарни тарк этмаслик тўғрисида” тилхатни ҳам имзолатиб олган.

Журналист Абдумалик Бобоев устидан суд маҳкамаси қачон бошланиши айтилмаётир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG