Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:56

Поездларни ушлаб туриш Ўзбекистон учун қимматга тушиши мумкин


Ўзбекистон қўшнилар билан темир йўл орқали борди-келди қилишни хуш кўрмайди.
Ўзбекистон қўшнилар билан темир йўл орқали борди-келди қилишни хуш кўрмайди.

1 октябрдан бошлаб йўловчи поездлар ҳаракат графигига ҳалақит берган давлат поездлари тўхтатилган давлатга ҳар ярим соат учун 200 франк (тахминан 200 АҚШ доллари) миқдорида жарима тўлай бошлайди. Тожикистон Ўзбекистонни поездлар ҳаракати графигини қўпол тарзда бузишда айблаб келади.


Тожикистон Темир йўллари ширкати расмийси Муҳаммадюсуф Абдураҳмоновнинг Озодликка айтишича, йўловчи поездлар қатновига оид умумий графикни сабабсиз бузган давлатдан жарима ундирилишига оид қарор МДХ ва Болтиқбўйи давлатлари темирйўлчилари Кенгаши томонидан шу йил қабул қилинган.

- Ширкатимиз раҳбари Омонулло Ҳукуматулло сўнги уч йил давомида бу таклиф билан чиқиб келаётган эди. Аммо бизга номаълум сабаблар билан бу таклиф кўриб чиқилмаётган эди. Мана бу йил Кенгаш аъзолари масалани ҳар томонлама ўрганиб, ниҳоят таклифимизни қабул қилди. МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари темирйўлчилари Кенгашининг янги қарорига биноан жорий йил 1 октябридан бошлаб пассажир поездларни сабабсиз тўхтатиб турган давлат поезди тўхтатилган давлатга ҳар ярим соат учун 200 франк миқдорида жарима тўлайди (Марказий Осиё темир йўлларидаги транзит ва ҳарқандай тўловлар Швейцария франкида амалга оширилади - таҳр.), деди “Роҳи оҳан” ширкатининг пассажир ташиш бошқармаси бошлиғи Муҳаммадюсуф Абдураҳмонов.

Унинг айтишича, МДҲ давлатлари орасида аксарият ҳолларда Ўзбекистон Тожикистонга тегишли йўловчи поездларни сабабсиз тўхтатиб туради. Бу нафақат Тожикистон балки МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари темирйўлчилари учун кўплаб муаммоларни туғдирмоқда, дея қўшимча қилади суҳбатдошимиз.

Шу кунларда МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари темирйўлчиларининг техник масалалар бўйича масъуллари Душанбе шаҳрида йиғин ўтказмоқда.

Тожик расмийси Муҳаммадюсуф Абдураҳмоновга кўра, анжуманда МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари бўйича қатнайдиган йўловчи поездларнинг 2011 ва 2012 йил учун янги жадвалини тузиш масаласи кўриб чиқилади.

14 сентябрдан 17 сентябргача давом этадиган бу йиғинда Туркманистон ва Грузиядан ташқари барча давлат темирйўлчилари қатнашмоқда.

Жумладан Ўзбекистон Темир йўллари ширкатидан ҳам уч вакил Душанбега ташриф буюрди.

Улардан бири Камолиддин Йўлдошевга мурожат қилиб, “Тожикистон томонининг йўловчи ташувчи поездлар билан боғлиқ иддаолари қанчалик асосли”, деган саволни берди.

Аввалига интервью беришни ваъда қилган ўзбек расмийси, бир неча дақиқа давомида қўл телефони орқали ким биландир гаплашиб бўлгач, Душанбе тадбирида журналистларга ҳеч қандай интервью бермаслик борасида Тошкентдан буйруқ бўлганини айтди.

Тожикистон Темир йўллари ширкати вакили Тожикистон Темир йўллари ширкати келгуси йилдан Душанбе – Новосибирск, Душанбе – Тошкент, Душанбе – Олмаота ва Хўжанд – Москва йўналишлари бўйича пассажир поездлар қатновини йўлга қўйиш ниятлари борлигини ҳам маълум қилди.

- Бугунги йиғилишда биз поездлар графигини белгилаб олиш билан бирга ана шу рейсларни жорий этиш масаласини ҳам муҳокама қиламиз. Бундан икки йил аввал биз Ўзбекистон томонига расмий мурожат қилиб, “Душанбе – Тошкент” пассажир поездлари қатновини йўлга қўйишни сўраган эдик. Аммо у томон ҳозиргача сўровимизни жавобсиз қолдириб келмоқда, дейди Тожикистон Темир йўллари ширкати расмийси Муҳаммадюсуф Абдураҳимов.

Айтиш лозимки, Тожикистон Ҳаво йўллари ширкати ҳам 2010 йилда Ўзбекистон таклифи билан Душанбе – Тошкент авиақатновини тиклаш режалари ҳақида маълум қилган эди.

Бироқ кўп ўтмай мазкур ширкат Душанбе ва Тошкент ўртасида ҳеч қачон авиарейслар қайта тикланмаслиги, чунки расмий Тошкент бунга рози бўлмаётганини маълум қилган эди.
XS
SM
MD
LG