Линклар

logo-print

АҚШда ўзбек қовунидан биринчи ҳосил олинди

  • Ҳурмат Бобожон

USA - first ever uzbek melon in USA, Arizona state

USA - first ever uzbek melon in USA, Arizona state

Қўшма Штатларда бош пана топган андижонлик қочқинлар кўмагида Аризона штатида ўзбек қовунидан биринчи хосил олинди. Америкаликлар учун нотаниш ўзбек қовунлари Калифорния, Аризона штатлари бозорларига чиқарилиши биланоқ ўз ҳаридорини топди.


Америкалик фермер Майкл МакКанзи Аризона штатида бу йил 10 гектар майдонга биринчи марта ўзбек қовунини экиб, мўл ҳосил олди.

- Авваллари бу ерда бунақа қовун етиштирилмас эди. Ўзбек қовунини бу йил биринчи марта етиштирдик. Жуда мазали, жуда ширин, дейди Майкл.

Ўзбек қовунидан биринчи ҳосил олишга америкалик фермерга ўзбекистонлик деҳқонлар ёрдам берди.

- Шу яқин атрофда яшайдиган тўрт ўзбекистонлик сиёсий муҳожир менга ёрдам берди. Улар “Оби наввот” қовуни, унинг мазаси ҳақида авваллари менга кўп гапиришган эди. Шунақа қовунни Америкада қидириб-қидириб топа олганим йўқ. Кейин, ўйлаб-ўйлаб шу қовунни биргаликда экиб кўришга аҳд қилдик. Ўзбекистонлик дўстларим танишлари орқали ватанларидан тўртта қовун уруғидан олдиришди. Уларни ерга қададик. Ҳосил ўзбекистонлик фермер дўстларим кутганидек бўлди, дейди Майкл МакКанзи.

Америкаликлар учун нотаниш ўзбек қовунлари АҚШнинг Калифорния ва Аризона штатлари бозорларига чиқарилиши биланоқ ўз харидорини топди.

- Тахминан 9000 дона шунақа қовундан ҳосил олдик. Жуда харидоргир бўлди. Одамлар айнан мана шу қовундан кўп сўрашди. Ҳозир ҳам менга телефон қилиб, “Ўзбек қовунидан қолдими?”, деб сўрашаяпти. Лекин, қолмади, ҳаммаси сотиб бўлинди. Насиб қилса, келаси йил шунақа қовундан каттароқ майдонга экиш ниятимиз бор, дейди Майкл МакКанзи.

Америкалик қовуншунос Деннис Стовелнинг айтишича, АҚШнинг Калифорния, Аризона штатлари иқлими ўзбек қовунини етиштириш учун жуда қулай.

- Марказий Калифорниянинг даштлари ва иссиқ иқлими бунақа қовунни етиштириш учун жуда қулай. Сабаби қовунни ширин ва мазали қиладиган ҳам иссиқ ҳаво, дейди Стовел.


Хандалак бўйликкинам сен унда зор мен бунда зор


Америкалик фермерга ўзбек қовунини етиштиришга ёрдам берганлар эса Аризона штатида бошпана топган андижонлик қочқинлар бўлиб чиқди. Улардан бири Раҳматулла ака.

Андижонлик Раҳматулло ака Аризона штатида деҳқончилик қилаяпти.
- Қовунларни етиштирдик. Уруғларини Ўзбекистондан олиб келган эдик. Билсангиз “Оби новвот”, “Шакарпалак”, “Заркокил”, ўзимизнинг “Кўкча хандалак”лардан эккан эдик. Худога шукур ҳосилларни йиғиштирдик. Ҳосилларимиз яхши бўлди. Аризона шароити ҳам иссиқ шароит бўлгани учун Ўзбекистоннинг иқлимига яқин. Лекин бироз иссиқроқ. Кўпроқ сув талаб қилади. Бу ерда мева-сабзавот дўконларида харидорларга сотган эдик. Анча ëқтиришди. Айниқса, “Оби новвот”, Шакарпалак”ни булар кўрмаган экан. Буларнинг ўзининг маҳаллий қовунлари бор. Улар бизларникини кўриб ҳайрон ҳам қолишди. Чунки қовунларимиз катта-катта бўлди. Қовунларнинг 15-20 поундга (1 поунд – 453 грамм – таҳр.) борганлари ҳам бўлди.

Озодлик: Мазаси қанақа бўлди?

- Мазаси Ўзбекистондагидай бўлди.

Озодлик: Ҳозир энди сотиб бўлиниб, мавсум тугагандир.

- Ҳа, мавсум тугади.

Озодлик: Яхши кетдими қовунлар?

- Ҳа, Худога шукур яхши. Харидоргир бўлди анча. Ўзимиз уруғлардан олиб қолдик. Насиб қилса, кейинги баҳорги мавсумда яна экиш планларимиз ҳам йўқ эмас.

Озодлик: Қанча акрга (1 акр – 0,4 гектарга тенг – таҳр.) экдингизлар?

- 10 акр майдонга экдик.

Озодлик: Қанча ҳосил олинди?

- Донасини аниқ айта олмайман. 9-10 минг атрофида. Аризона мана Феникс чўл шароитию. Шунга қовунларда ëрилиш кўп бўлди. Иссиқдан бўлдими балки. Биз энди уруғимиз мана бу шароитга мослашиши учун бирор мавсум кетар, деб ўйладик. Кейинги йил учун шу ерда пишган қовунларнинг уруғидан олиб қўйдик. Шу иқлимнинг уруғларига қанақа таъсир қиларкан энди, Худо хоҳласа, кейинги мавсумда биламиз.

Озодлик: Кейинги мавсумда неча гектарга экасизлар?

- Аризона шароитида қаттиқроқ таваккал билан экилар экан. Чунки баъзан дўл ҳам бўлиб қоларкан. Шунинг учун катта майдонга таваккал қилишга нима эмаску, шу 10-15 акрга эксак бўлаверади, Худо хоҳласа.

Озодлик: Кимëвий ўғитсиз қанақа қилиб етиштирасизлар?

- Бу ерда, ўзимизда ҳам маҳаллий ўғит деб қўядию.

Озодлик: Гўнгми?

- Гўнгни ҳам гўнг ҳолатида солмаймиз. Компос деса бу ерда мол, қўй гўнги бўлади. Ундан кейин ўсимлик чиқиндилари, сабзавот чиқиндиларидан тайëрланган компос бўлади. Ундан ташқари товуқнинг гўнгидан бўлади. Товуқнинг гўнги яхши. Яна бу ерда балиқ чиқиндиларидан тайëрланган ўғит бўлади.

Озодлик: Индейслар ўргатган буни америкаликларга.

- Яқинда эшитдим. Балиқни қўйиб, шунинг ичига уруғни экар экан-а?

Озодлик: Шунақа.

- Буларнинг ўзларининг нарсалари бор экан. Ҳали буни тўла тушуниб юбормадигу, лекин шулардан фойдаландик. Зараркунанда ҳашоратларга қарши ҳам химикатлар ишлатилмайди. Органик моддалардан тайëрланган препаратлардан фойдаланилади. Ўсимликларнинг гулларидан олинган, маълум ҳашоротларни ўлдирадиган.

Озодлик: Қовундан ташқари яна нима етиштирасизлар?

- Ўтган мавсумда асосан Америка сабзавотларидан етиштирган эдик. Редиска, сабзи, кўкпиëз ва ҳоказоларни етиштирган эдик. Буларнинг ўзларининг кўкатлари бор. Шунақалардан етиштирган эдик. Бу ернинг маркетларидаги маркетингни ўрганиш учун яна бир ҳаракат қилиб кўрамиз деяпмиз. Сабзавот сотиш учун маркетларига яна озгина ўрганишимиз керак экан. Бу ерда рақобат кучли.

Озодлик: Етиштирилган маҳсулотларни қандай сотасизлар?

- Биз фермер маркетларига олиб бордик. Майкл МакКанзи билан ҳар хил ресторанларга, дўконларга тарқатиб, шу ерларда сотдик. “Бон апетит” деган ресторан бор, шунга ўхшаган ресторанлар бор. Мисол учун “Бон апетит”нинг беш-олтита жойда бир хил ресторанлари бор.

Озодлик: Битта қовун неча пулдан сотилди?

Аризона штатидаги бозорлардан бирида ўзи етиштирган ўзбек қовунини сотаётган андижонлик қочқин.
- Каттасини 8 долларгача сотдик. Тарвузларни ҳам шунақа. Тарвузларнинг Америка навларидан эккан эдик. Уларни 10-12 долларгача сотдик. Кўчада ўзбекча қилиб ҳам сотдик.

Озодлик: Нимага қовун экишга аҳд қилдингизлар?

- Ўзи ватанда мен қовун экишни яхши кўрардим. Қовун экадиган одамлар билади жуда гашти бошқача бўлади. Олдин ўзимиз ватанда қовун экканмизда. Буларнинг мана сабзавотларини экдик. Нотаниш сабзавотлар. Унга қандай ишлов бериш керак, қачон нима қилиш керак билмаймиз. Унинг китобларини топиб ўқиш керак. Қовун энди ўзимиз қилган иш бўлганлиги учун бизга сал қулайроқ, осонроқ бўлганда.

Озодлик: Андижонда ҳам қовун етиштириш бўйича тажриба бормиди?

- Ҳа, Андижонда ҳам қовун экканмиз. Пахта, картошка, сабзи энди анча нарсалар етиштирганмиз. Қовунда тажриба кўпроқ эди. Бошқа жойга келсангиз, барибир об-ҳаво, иқлим шароити бошқачаю. Американинг ўзига хос бўлган иқлимини ўргандик. Унга тажрибасиз бўлмас экан.

Озодлик: Раҳматулла ака, сиз ҳам Андижон воқеалари боис келиб қолгансизда-а?

- Ҳа. Майдонда бўлганмиз. Майдонда ўққа тутилганимиздан кейин у ердан кечаси юриб Тешиктошга келганмиз. Тешиктошдан Қирғизистонга ўтиб, икки ой Қирғизистон лагерларида бўлгандан кейин Руминияга келгамиз. Кейин эса, Америкага.

Озодлик: Оилангиз ҳам ëнингиздами?

- Йўқ, оилам Ўзбекистонда.

Озодлик: Қовуннинг мазаси ўзингизга ëқдими?

- Ҳа. “Оби новвот”нинг мазаси худди Ўзбекистондагидай. Аризонада ҳам 13 май куни чиққан болалар бор. Улар ҳам еб жуда мазза қилишди. Ватанни эсладик. Еганларнинг ҳаммасига маъқул бўлди.

Озодлик: Баракасини берсин Раҳматулла ака.

- Айтганингиз келсин, дейди Раҳматулла ака.

Раҳматулла ака 2005 йил 13 май куни Андижондаги қирғин пайти ўқ ёмғиридан омон қолган юзлаб қочқинларнинг бири.

Бошқа кўплаб андижонлик қочқинлар қатори Раҳматулла аканинг ҳам оиласи Ўзбекистонда қолган.

Америкалик фермер Майкл МакКанзи андижонликларнинг аччиқ қисматидан яхши хабардор эканини айтади.

- Бу инсонларнинг аччиқ қисмати мени уларга ёрдам қўлини чўзишга ундади. Бу инсонлар Ўзбекистонда орттирган тажрибасини Америкага келиб, қўллашмоқда ва айни пайтда Ўзбекистонда қолган оилаларига ҳам ёрдам қилишмоқда, дейди Майкл МакКанзи.

Ҳозир АҚШда 150дан ортиқ андижонлик қочқин бошпана топган. Улар Андижон қирғини пайтида Қирғизистонга қочиб ўтган ва у ердан БМТ қочқинлар идораси ёрдамида Европа, Австралия, Америка давлатларига олиб ўтилган 500дан ортиқ андижонлик орасида бўлаги. АҚШда бошпана топган андижонликлар Айдаҳо, Аризона, Оҳайо, Чикаго, Пенсилвания штатлари бўйлаб ёйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG