Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:33

Ўшлик депутат Дилшод Мўминов очиққа чиқарилди


Дилшод Мўминовга қарашли кафелар Ўш қирғинида талон-тарож қилинган.
Дилшод Мўминовга қарашли кафелар Ўш қирғинида талон-тарож қилинган.

Икки ойдан ортиқ ҳибсхонада сақланган, Ўш қирғини пайти қуролланган гуруҳ ташкил этганликда айбланган Ўш шаҳар кенгаши депутати Дилшод Мўминов шартли равишда бир йилга озодликдан маҳрум этилди ва суд залидан озод этилди. Айтиб ўтиш керакки, Ўш қирғини пайтида Дилшод Мўминовга қарашли мол-мулк талон- тарож қилинган эди.

Ўш вилоят судининг коллегияси депутат Дилшод Мўминовни ўқотар қуролни бепарво сақлаганликда айбдор дея топган.

Дилшод Мўминовнинг ҳимоячиси Назгул Суюнбаевага кўра, ўз ҳимояси остидаги Мўминовга қўйилган оммавий тартибсизликларда иштирок этганлиги тўғрисидаги модда бўйича суд оқлов ҳукми чиқарган.

- Айни пайтда Дилшод Мўминов бир йилга шартли равишда кесилган ва ҳозирда қариндош-уруғлари олдида, - деди ҳимоячи Назгул Суюнбаева.

19 август куни Қорасув туман суди қарори билан унга оқлов ҳукми чиқарилган эди. Бироқ ҳибсдан озод этилмаган эди.

13 июлдан буён ҳибсда сақланаётган депутат Мўминов оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда айбланаётган эди.

Дилшод Мўминовга дастлаб қуролланган гуруҳни ташкил этганлик бўйича айблов қўйилган. Кейинчалик уни оммавий тартибсизликларда қатнашганликда айблашган.

Ўш шаҳар кенгаши депутати Дилшод Мўминов 1969 йилда туғилган. Ўш шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланган Мўминовнинг “Гулноза” ҳамда “Қашқар” номли кафелари бўлган.

Бу иншоотлар Ўш қирғини бошланган пайтда талон-тарож қилинган, бир қисми ёқиб юборилган.

Дилшод Мўминовнинг онаси “Озодлик” билан суҳбатда ўғлининг соғлиги қониқарли эканлигини, озод этилганлигидан хурсандлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG