Линклар

logo-print

Халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаровга ўқилган ҳукмдан норози


Халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Азимжон асқаровга нисбатан жиноят иши соҳта эканини айтмоқдалар.

Халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Азимжон асқаровга нисбатан жиноят иши соҳта эканини айтмоқдалар.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг 15 сентябр куни Жалолобод вилояти Новкен тумани суди қарори билан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ҳуқуқ-ҳимоячиларининг кескин норозилигига учради. Халқаро ташкилотларга кўра, мазкур суд "Адолат устидан кулиш" бўлди.

Халқаро амнистия ташкилоти Қирғизистон маҳкамасининг инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровни бир умрга озодликдан маҳрум қилиш ҳукмини кескин қоралади.

"Қирғиз суди тарафидан полицияни ўлдирганликда айбли деб топилган Азимжон Асқаров иши бошдан оëқ уйдирмадир", дейилади ташкилот баëнотида.

Халқаро Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти 15 сентябр куни Азимжон Асқаров устидан чиқарилган ҳукм борасида баëнот чиқарди.

- Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров устидан суд эмас, балки ўч олиш маъракаси ўтказилди, - дейди Озодлик билан суҳбатда ташкилотнинг Ню Йоркдаги вакили Рейчал Денбер. - Азимжон Асқаров ҳеч бир шаклда адолатли деб бўлмайдиган суд ҳукмига кўра бир умрга озодликдан махрум қилинди. Мутлақ ëлғон кўрсатмаларга асосланган¸ маҳкумнинг яқинлари ва адвокатининг хавфсизлги таъминланмаган ва қийноқлар қўлланилган адолатсиз маҳкама ҳукми эса қораланишга лойиқ.

Рейчал Денбел Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти ўз таъсир воситаларини ишга солиб, Азимжон Асқаровни озод қилинишига эришажагини ҳам айтди.

Айни пайтда бир қатор халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши соҳталаштирилгани ҳақида баёнот бермоқдалар.

Бош қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган Журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 15 сентябр кунги баëнотида Азимжон Асқаров устидан ўқилган ҳукм қораланади.

Азимжон Асқаровнинг тергов пайтида қийноқларга солингани таъкидланган баëнотга кўра, маҳкум касбий фаолияти учун тазйиқ ва тухмат билан юзма юз қолган.

Қўмита ўтказган мустақил текширувга кўра, Азимжон Асқаров қўйилаётган айбловлар ҳеч қандай асосга эга эмас.

Айни пайтда Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун ўғли ҳам Азимжон Асқаровга ўқилган ҳукмни қоралади.

- Биз президент Роза Ўтунбаева топшириғи билан Азимжон Асқаров иши юзасидан ҳар тарафлама синчиковлик билан текширув ўтказдик. Биз ўтказган мониторинг натижасида Азимжон Асқаровнинг айбсизлиги аён бўлган. У милиция ходими М.Сулаймонов бўлдирилган пайтда, воқеа жойидан бир ярим чақирим узоқликда бўлган. Азимжон Асқаров узоқ йиллардан бери милиция ва прокуратурадаги қонунбузарликларга қарши курашиб келади. Балки унинг "айби" мана шундадир. Биз Азимжон Асқаровга нисбатан чиқарилган ҳукмни ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг вазиятдан фойдаланиб "ўч олиш"га қилган ҳаракати сифатида баҳолаймиз. Азимжон асқаровни бир умрлик қамоққа ҳукм қилиш эмас, балки озодликка чиқариш керак эди,- деди Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун.

Азимжон Асқаров Ўш қирғини воқеасида Бозорқўрғон туманидан ўтувчи Ўш Бишкек йўлини тўсиб қўйиш, милиция ходимларини ўлдириш ва тартибсизликлар ташкилотчиси сифатида айбланиб қамоққа олинган эди. 2 сентябрдан 15 сентябргача давом этган суд жараёнида Азимжон Асқаров ва у билан биргаликда судланган ўзбек миллатига мансуб 7 нафар судланувчига қарши асосан милиция ходимлари гувоҳлик берганлар.

15 сентябр куни Новкен туман суди судланувчилар Азимжон Асқаров, Расулов, Абдураимов, Қўчқоровни бир умрга, Шукуржон Мирзалиев, Минура Мамадалиевани 20 йилга, Санжарбек Муллахуновни 9 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG