Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:27

Тўлепберген Қаипбергенов вафот этди


Тўлепберген Қаипбергенов
Тўлепберген Қаипбергенов

Таниқли қорақалпоқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергенов 81 ёшида вафот этди. У қорақалпоқ тарихини, миллий маданиятини бадиий адабиётда акс эттирган ягона ёзувчи сифатида танилган. Cобиқ иттифоқ даврида коммунистик ғоялар тарғиботчиси бўлган Тўлепберген Қаипбергенов мустақиллик йилларида президентни пайғамбарга қиёслагани ҳам айтилади.


Ўзбекистон президенти ва яна бир қанча расмий мулозимлар имзолаган ҳамдардлик мактубида айтилишича, Тўлепберген Қаипбергенов “ўзининг ярим асрдан зиёд давом этган ёзувчилик фаолияти давомида катта ва сермазмун ижод йўлини босиб ўтди. Ўз асарларида қорақалпоқ халқининг тарихи, бугунги ҳаёти, миллий қадрият ва анъаналарини юксак маҳорат билан тараннум этди. Унинг қаламига мансуб “Раҳмат, муаллим”, “Совуқ бир томчи”, “Котиб”, “Қорақалпоқ қизи”, “Маманбий афсонаси”, “Бахтсизлар”, “Гумроҳлар” сингари қисса ва романлар, “Қорақалпоқ достони” трилогияси адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади”- дейилади расмий ҳамдардлик мактубида.

Ўзбекистонлик ёзувчи ва таржимон Носир Фозиловга кўра, шу пайтгача ҳеч ким қорақалпоқ тарихини Тўлепберген Қаипбергеновчалик бадиий бўёқларда ёрита олгани йўқ:

- Тўлапберган Қайипбергановгача тилга олишга арзирлик проза бўлган эмас. Уни Қорақалпоқ адабиëтида прозанинг бошловчиси, десак ҳам бўлади. Раҳматли жуда меҳнаткаш одам эди. Унинг беш-олтита романи бор. Қорақалпоқ адабиëтида "Маманбий қиссаси" уч китобдан иборат. Бутун қорақалпоқ даласининг, қорақалпоқ халқининг энциклопедияси, десак ҳам бўлади. Ҳозир энди қорақалпоқ адабиëтида насрда ижод қилаëтган ëзувчиларни бармоқ билан санаса, бармоқларимиз ошиб қолади. Уч-тўрттагина холос. Қорақалпоқ адабиëти учун катта йўқотиш бу,- дейди ёзувчи Носир Фозилов.

Ўзбек ёзувчиси Жонрид Абдуллахонов "у ёзувчи сифатида ҳам, депутат сифатида ҳам жамоатчилик ва раҳбарлар диққат эътиборини доим қуриб бораётган Орол муаммосига қаратиб келган", дея хитрлайди марҳум ҳамкасби Тўлепберген Қаипбергеновни.

- Мен Қорақалпоғистонга командировкага борган пайтимда, шоликорлар ҳақида бир очерк ëзаман, деб борган эдим “Шарқ юлдузи” журнали топшириғи билан, шунда Тўлепберген ака “Сен нима қиласан бунақа майда очерклар ëзиб юриб? Бир роман ëзсангчи. Мана Орол муаммоси кўтарилаяпти ҳозир. Орол қурияпти. Бунинг ғамини есангчи. Шу ҳақда бир нарса ëзсангчи”, деди. Кейин мен Орол ҳақида ўйлай бошладимда “Борса келмас”, деган асарни ëздим,- дейди ёзувчи Жонрид Абдуллахонов.

Тўлепберген Қаипбергенов ҳаётлиги вақтида Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони унвонларига эга бўлди. Унинг “Қорақалпоқ достони” трилогиясига СССР давлат мукофоти берилган. Жонрид Абдуллахоновга кўра, Тўлепберген Қаипбергенов ҳақиқий коммунист бўлган ва ўша мукофот пулини Нукусдаги Ленин ҳайкали қурилишига ўтказган:

- Ўша олган мукофотининг пулини шунга ўтказиб юборган. Шунақа одам эди у. Сахий одам эди. Бағрикенг одам эдида. У даврда ҳамма коммунист эдида. У ҳам ўзининг ҳақиқий коммунистлигини кўрсатмоқчи бўлганда. “Лениннома”, деган поэмаси ҳам бор эди бир пайтлар. У поэмаси кейинроқ йўқ бўлиб кетди. Чиқмай қолди,- дейди ёзувчи Жонрид Абдуллахонов.

Собиқ иттифоқ ва мустақиллик даврларида Ўзбекистонда ижод қилган кўпчилик адиблар каби Тўлепберген Қаипбергеновнинг ижодида ҳам ўзига яраша мунозарали саҳифалар бўлган, дейди ўзбекистонлик ёзувчилардан бири.

Китобхонлар “Қорақалпоқ достони” трилогиясининг собиқ иттифоқ пайтида нашр этилгани ва мустақиллик йилларида нашр этилгани орасидаги “жузъий ўзгартишларни” дарҳол пайқаб қолдилар, дейди исми ошкор этилишини истамаган ёзувчи.

- Аввалги нашрда, қорақалпоқлар ўзларини Россияга қўшиб олишларини сўраб қиролича Екатеринага мактуб ёзганлиги ҳақидаги бўлим бор. Ёзувчи Ўзбекистон қаҳрамони бўлганидан сўнг, романдаги бу воқеа ўзгартирилди. Энди қорақалпоқлар, рус қироличасига мурожаат қилишмайди, балки Хива хонлиги томон боқишади,- дейди ўзбекистонлик ёзувчилардан бири.

Бу ёзувчининг эслашича, Тўлепберген Қаипбергенов Дўрмондаги ёзувчилар боғига тез-тез келиб турган ва шундай ташрифларининг бирида юртбоши ҳақида бир мақола ёзгани ва бу мақолада президентни пайғамбар даражасига кўтарган.

- Биз бу кекса ёзувчига инсонга нисбатан бундай ўхшатиш қилиш ғализ эканлигини, дунёга Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломдан бошқа пайғамбар келмаслигини айтсак-да, барибир у бу мақолани Ўзбекистондаги газеталардан бирида эълон қилдирди. Ҳар қалай газета таҳририяти президент-пайғамбар сингари ибораларни олиб ташлашибди,- дейди ёзувчи.

Ўз исмини билдиришни истамаган қорақалпоғистонлик ёш ёзувчилардан бирининг айтишича, ҳақиқатан ҳам Тўлепберген Қаипбергенов қорақалпоқ халқи учун катта хизмат қилди ва бадиий қиммати қандай бўлиши жиҳатидан қатъий назар, бу халқ тарихи ҳақида қатор асарлар яратди.

Бироқ, дейди ёзувчи, Тўлепберген Қайипбергенов Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси раиси бўлиб ишлаб келган 30 йил ичида уюшма фаолиятини гўёки ўз томорқасига айлантириб олди, ёш ижодкорларга йўл берилмади ва қорақалпоқ адабиёти фақат Қайипберганов адабиёти бўлиб қолди.

“Шарқ юлдузи” журналида 25 йил муҳаррир бўлиб ишлаган, ўз исми ошкор этилишини истамаган ўзбекистонлик ёзувчилардан бирининг айтишича, Тўлепберген Қаипбергенов ҳар сафар Тошкентга келганида нашриёт учун фақат ўз асарларини тақдим этиб кетарди. Агар унга “Қорақалпоғистонда қандай ёш ижодкорлар бор, уларнинг ижоди қандай бўляпти”, каби саволлар берилса, у ўзини бундай саволлардан олиб қочишга ҳаракат қиларди, дейди суҳбатдошимиз.

Бироқ, дейди ўзбек ёзувчиси Носир Фозилов, инсон камчиликлардан холи бўлмайди, беайб ёлғиз парвардигор. Тўлепберген Қаипбергенов қорақалпоқ халқи учун жуда катта хизмат қилиб кетди ва буни унутмаслик керак:

- Ўлган одам ҳақида гапирганда, фақат яхши томонини айтамизда энди. Қорақалпоқ адабиëти учун, ўзбек адабиëти учун эмас, қорақалпоқ халқи учун бу катта гап. Қорақалпоқнинг юзини кўрсатадиган, қорақалпоқ деганда кўз олдимизга келадиган Тўлепберген Қайипбергенов эди. Худо раҳмат қилсин!,- дейди ёзувчи Носир Фозилов.
XS
SM
MD
LG