Линклар

"Бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ”

  • Садриддин Ашур

Шавкат Раҳмон: "Ёвга терс қараган мусулмон эмас!"

Шавкат Раҳмон: "Ёвга терс қараган мусулмон эмас!"

Ўзбекнинг “ўжар шоири” Шавкат Раҳмон ҳаёт бўлганида 60 ёшга тўлган бўларди. Бир тутам умр, 46 ёш. Бироқ бу умр Шавкат Раҳмонга ўзбек шеъриятида абадият ҳайкали қўйилишига кифоя бўлди. “Шеър вазнга ҳам, қофияга ҳам сиғмайди. Шеър ҳар қандай қолипнинг қовурғаларини синдириб юборади, қофиялардан, вазнлардан бўртиб чиқади”, деган эди Шавкат Раҳмон.


Шавкат Раҳмоннинг 60 йиллик юбилейи Ўзбекистонда нишонланмади. Балки бирор бир мактабда ёки лицейда нишонлангандир. Бироқ, ўзбекнинг дардини куйлаган шоирнинг 60 йиллиги Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси назаридан четда қолди. Ҳар ҳолда, биз бу ҳақдаги хабарни ҳеч қаердан ўқимадик.

Бироқ, 12 сентябр, шоир туғилган кунда унинг уйига дўстлари йиғилди. Бу ҳолатдан шоирнинг рафиқаси Манзура опанинг боши осмонга етди ва бу хурсандлигини бизга ҳам билдирди:

-Ҳамма ëқ дадаси орзу қилгандай бўлди. Оч қолмаяпмиз. Фақат дадасининг йўқлиги бизга жуда катта етишмовчиликда. Ҳар доим ҳис қиламан буни. Уйни тўлдириб мана Набижон, Хуршид Даврон, Аҳмаджон ака Мелибоев, Мирпўлат Мирзаев, Турсунали, Нортўхта Қиличев ҳаммалари ўтиришди. Божалари Собитжон Мадалиев билан бирга тоғам ўз оиласи билан кириб келганига хурсанд бўлиб ўтирсам, устига булар келишди. Ҳаммаси бир-бирини танигани учун худди Шавкатбек ҳам уларнинг ичида ўтиргандай бўлди. Болалар ҳам югуриб хизмат қилиб, худди дадаси тириклик пайтида ўртоқларини қандай кутган бўлсак, шунақа кутиб олишди. Кеткизишни ҳам хоҳлашмади. Ҳаммамиз хурсанд бўлдик, -дейди Манзура опа.

Шавкат Раҳмон бир тутам умр кўрди. Бир йигит ёши. Бир умр халқининг бахтли бўлишини истади. Бироқ “бахтиёрман” деган сўзни ҳеч қачон айтмади. Буни кейинроққа олиб қўйди:

“...Бу сўзни бир умр айтмай яшадим
ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ.
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
Бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ.”


Шоир бахт сўзини айтолмай кетди. Унинг “шарҳи ҳоли”, миллат дарди “бахтлиман” деб айтишига имкон бермади:

ШАРҲИ ҲОЛ
Шуҳрати сочилди бодияларга...
зарбадан бештага бўлинди андуҳ.
Йилларга ем бўлган обидаларда
тинимсиз айланар чирқираган руҳ.
Бузилди азоб-ла қурилган диллар,
илинждан ўзга бир туйғу сиғмади.
Насабин билмаган шўрлик етимлар
ғафлатда ухлади,
кимлар йиғлади
Фитналар домида пишган зулмдан
айвсиз босилди қўзғолган ёдлар,
ўзликни топтаган маккор илмдан
кулгуга айланиб кетди фарёдлар.
Ким қолди?
Иблиснинг макрига учиб,
қирпичоқ бўлгувчи аламон қолди,
юз йиллик адоват заҳрини қусиб;
қонига ғарқ бўлган ғалаён қолди.
Ким қолур?
Ҳаттоки сўнгги лаҳзада
кўзлари тўймаган жобирлар қолур,
ўлим-ла ўйнашган назм авжида
юраги ёрилган шоирлар қолур.
Туркистон —
тарихи ҳарбистонларда,
тўкилиб битдими буюк қоматлар?
Руҳи дод солмасди қабристонларда
қаддини кўтарса агар номардлар.
Буюк руҳ чирқирар...
Мудҳиш саройда
зинодан тўралган неча даҳрий зот
урчитар малаклар туғилган жойда
ўзаги айниган янги махлуқот...
Демак, бор,
баҳайбат зулм бор ҳали,
ҳали бор одамни қувган овчилар,
шундан донишлари овсару далли,
ўғрига айланган доно тожирлар,
шундан чумчуқюрак пошшолари гунг,
фақирлар кўниккан бало, қаҳатга,
шундан водийларда ўсиб ётар мунг,
ҳаттоки булбуллар ўхшар калхатга.
Туркистон —
тўзондай тўзган жигарлар,
жигарлар йўлинда темир тиканлар,
гадолик илмини ўргатар энди
аждод-авлоди-ла босиб шилганлар.
Бурғулар чириган...
занглаган тиғлар...
итлар томоқ ичар олтин тожидан,
мозийга тикилиб муғанний йиғлар,
шеър ёзиб ўлтирар лашкарбошилар.


Филология фанлари доктори, мунаққид Иброҳим Ҳаққулга кўра, агар ўзбекнинг ёлғон гап айтмаган ва қитмирлик қилмаган икки шоири бўлса, улардан бири Шавкат Раҳмондир:

-Шавкат Раҳмоннинг сўзи оташдай кўпчиликнинг юрагига ўт ëққанда. Энди, афсуски, у қисқа умр кўрди. Ҳали яшаса, кўп ишлар қилиши мумкин эди адабиëт учун, миллат учун. Чунки унда адабиëтдан, шеъриятдан ўзининг манфаати учун фойдаланиш, восита қилиш деган нарса йўқ эди. Шавкатнинг шиори бутун вужуди билан тўғрилик эди. Виждони гапирарди уни. У шеърият билан виждонни айни нарса деб билган, шу шеърни виждоннинг овозига айлантира олган забардаст шахс у, -дейди Иброҳим Ҳаққул.

Шавкат Раҳмон шеърияти нафақат яшовчан, балки курашувчан шеъриятдир, дейди Иброҳим Ҳақкул:

-Яшаш дегани нима дегани? Яшаш дегани эркин бўлиш дегани, яшаш дегани ҳур бўл дегани, яшаш дегани ҳақиқатни айт дегани. Агар шуларни истисно қилсангиз, яшаш пуч бир нарсага айланиб қолади.Мана шу маънода ҳар бир кишининг кўнглига Шавкатнинг сўзлари доим илҳом солади. Ўша 80- йилларда ҳаëтга бошқача қараган, дунëни бошқача идрок этаëтган бир янги авлод пайдо бўлган эди. 30 –йилларда пайдо бўлган Абдулла Қодирий, Чўлпону Фитратлар сингари. Ҳаëт ҳар доим Қодирийга, Чўлпонга, Шавкат Раҳмонга ўхшаш шоир ва ёувчиларга муҳтож бўлади. Шу маънода Шавкатнинг сўзларини мен ҳеч қачон эскиради деб ўйламайман. Чунки тўғрилик дардида яшаëтган одам, ҳақиқат излаëтган одам, эркинликни чин маънода мушоҳада қилаëтган одам Шавкатга ўхшаш шоирларни қунт билан, юрак билан ўқийди доим. Шунинг учун бугун китобий гаплар билан, китобдаги чиройли гаплар билан ўқувчини овутадиган шеърлар эмас, ўқувчини ўйлатадиган, “Нимага бу дунëга келдинг? Қандай яшаяпсан? Фалон ҳақиқатни қандай тушунасан? Қадриятга сенинг муносабатинг қандай?”, яъни ўқувчини мушоҳада юритишга ундайдиган шеърлар керак. Шавкатнинг шеърлари бугун ҳам ўша ҳарорати билан, ўша қуввати билан ўқувчини, шеърхонни ҳаракатга солади,- дейди Иброҳим Ҳаққул.

Шавкат Раҳмон шеъриятида мустақиллик, ҳуррият, эркинлик,туркий элларнинг бирлашиши каби мавзулар биринчи ўринда туради. Шоир “Туҳмат” деган шеърида “икки каллали калхат” қарамида бўлган “жимгина илжайиб пахта терадиган” халқ ҳақида куйиниб ёзади:

Кеча ўғри бўлди,
бугун ваҳшийдир,
энди бутун дунё билар бу ҳақда.
Қандай мўмин эди,
қандай яхшийди
анқайиб жимгина терганда пахта.
Қайта қуриш ўзи чиқди қайданам? —
юксак қалъалардан боққан ўғрилар
улкан мамлакатнинг бутун айбини
содда ўзбекларга қўйди тўғрилаб.
Шунда буюк денгиз чайқалиб кетди,
майдонларни босди бир ювош зулмат.
Шоирлар уйғота олмаган элни
уйғотиб юборди маломат, туҳмат.
Кеча ўғри бўлди, бугун ваҳшийдир,
бўҳтонга кўмилиб турар асабий.
Ўзин майдонларга сиғдира олмас,
болалар қонига ўтар ғазаби.
Яхшилик туғади, ёмонлик ҳам гоҳ,
бўлмаса озгина қўйсалар мақтаб,
бугун ҳам саҳардан қаро шомгача
жимгина илжайиб терарди пахта.


Шавкат Раҳмонни яқиндан билган ёзувчи Набижон Боқий, шоир билан бўлган суҳбатларини шундай эслаб ёзади:

“Бир куни Шавкат Раҳмон “Ватан” газетасида чоп этилган кимларнингдир шеърларини ўқий туриб, менга деди:

-Шеърни олдиндан тайёрлаб қўйилган вазнга солиб ёзишни ҳеч тасаввур қилолмайман. Шеър вазнга ҳам, қофияга ҳам сиғмайди, Албатта ҳақиқий шеър қолипларга сиғмайди. Шеър ҳар қандай қолипнинг қовурғаларини синдириб юборади, қофиялардан, вазнлардан бўртиб чиқиб кетади, --деб муштумларини кўкраги устига жуфтлади-да, тирсакларини икки томонга ёйиб кўрсатди.Шундан сўнг сўзида давом этди.

--Дарсликка қараб ўтириб ёзилган шеър танқидчиларнинг олқишига сазовор бўлади, оломонни жунбушга келтириб юборади, лекин юракка етиб бормайди. Айрим шоирлар СЎЗни ўйнатиб юборишади, минг мақомга солиб товлантиришади, аммо уларда дард бўлмайди. Миллатнинг дарди бўлмайди. Нега шунақа-а?

-Билмадим, дедим. Аслида бу саволни Шавкат акам ўзига берган эди,-деб эслайди ёзувчи Набижон Боқий.

Шавкат Раҳмонни ташвишга солган муаммолардан бири, деб эслайди адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул, шеъриятнинг тозалиги ва сўзга бўлган муносабат эди. Шоир Ғафур ғулом номидаги нашриётда шеърият бўлими муҳаррири бўлиб ишлаган пайтда, бўш-баёв шеърлар ёзиб нашриётга топширган бир қанча “шоир”ларнинг китобларини қайтарган эди. Шундан сўнг бу “шоир”лар Марказқўмга шоир устидан унинг “миллатчи шоир” эканлиги ҳақида “юмалоқ хатлар” ёза бошлашди, дейди Иброҳим Ҳаққул:

-У талантсизлик билан, шеъриятни шунчаки бир воситага айлантирган халтурачи шоирлар билан ҳеч муроса қилгани йўқ. У муросасиз шоир эди. Ўзбекнинг ўжар шоири деган гап ҳам борку. Тўғрини тўғри, нотўғрини нотўғри дейишга кучи бор эди унинг. Шунинг учун кўп талантсиз шоирлар унинг орқасидан турли хатлар қилиб, Марказқўмларга ëзиб, комиссиялар туздириб юришган. Шавкатни миллатчига чиқариб, “сариқ чивин” деган иборага бошқача маъно бериб, туҳматлар қилишган.

Соғлигининг ёмонлашишига ҳам, умрининг қисқалигига ҳам фисқу-фасодлар сабаб бўлган деб ўйлайман. Ким қанча ҳаракат қилмасин, фисқу-фасодлар қилмасин, туҳматлар уюштирмасин Шавкат ҳеч қачон ўзининг нуқтаи назаридан ëки йўлидан кечган шоир эмас. Шу маънода ҳам, яъни адабиëтнинг софлиги учун, тозалиги учун курашда ҳам Шавкат тенгдошлари орасида, умуман бизнинг адабиëт аҳлимиз орасида ўрнак бўладиган ижодкорлардан, шахслардан эди. Ҳатто душманлари ҳам буни инкор қилиб билмайди, -дейди Иброҳим Ҳаққул.

Иброҳим Ҳаққулга кўра, Шавкат Раҳмон бу ёзди-ёздиларга парво қилмади, у майда ва паст гаплардан ўзини анча баланд қўйди. Боз устига “Туркийлар” деб номланган шеърини эълон қилди:

ТУРКИЙЛАР

Қиличин ташлади беклар ниҳоят,
босилди тулпорлар,
тиғлар сурони,
урҳога ўрганган тилларда оят,
туркийлар таниди комил худони.
Қиличлар занглади...
фалокат ҳушёр,
туркийлар қувватин берди ерларга.
Ҳийлагар дўстлардай яқинлашди ёв
комиллик қидирган жасур эрларга.
Илвасин йигитлар,
бобир йигитлар,
саждага бош қўйди ёвга терс қараб,
ғулларни кемириб йиғлади итлар,
буюк бошни кесди қилич ярақлаб.
Туркда бош қолмади... қолмади довлар.
хотин-халаж қолди мотам кўтариб,
«бизга тик қарама» буюрди ёвлар,
ёвларга терс қараб яшади бари.
Таланди самовий тулпор уюри,
таланди зарлари,
зебу забари,
терс қараб ўлинг деб ёвлар буюрди,
ёвларга терс қараб жон берди бари.
Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб,
қолмади арабий,
туркий хатлари,
туғингиз деди ёв тескари қараб,
ёвларга терс қараб туғилди бари.
Туғилди,
туғилди,
туғилди қуллар,
қирқида қирилган — имдодга муҳтож,
ёвларга терс қараб итлардай ҳурар,
бир-бирига душман,
бир-биридан кож.
Жўмардлар қирилган Туронзаминда
дўзахий тажриба палласин кўрдим:
эшшак суврати бор қай бир қавмда,
қай бирида тўнғиз калласин кўрдим.
Бу ҳолдан буваклар бўғилиб ўлар,
қул Билол эзилиб йиғлар фалакда...
Ўзларин ёндирар борлиқдан тўйган
Бадахшон лаълидай асл малаклар.
Мўминлар беш бора Аллоҳни эслар
саждага бош қўйиб жаллод тошига.
Ўгрилиб сал ортга қарайин деса,
бошига урарлар,
фақат бошига.
Борми эр йигитлар, борми эр қизлар,
борми гул бағрингда жўмард нолалар,
борми бул туфроқда ўзлигин излаб,
осмону фалакка етган болалар.
Бор бўлса,
аларга еткариб қўйинг,
бир бошга бир ўлим демаган эрмас,
шаҳидлар ўлмайди,
бир қараб тўйинг:
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!



Ёзувчи Ёқубжон Хўжамбердиев ҳам адабиётда ўз ўрнини тополмай сарсон-аросатда юрган “шоир”ларнинг Шавкат Раҳмонга нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар уюштирганини эслар экан, бугунги ўзбек адабиётида Шавкат Раҳмондай шеърият содиқлари жуда кам қолганидан афсус билдиради:

-Ҳозирги кунда Шавкатнинг ўрни жуда билинаяпти. Қанақа китоблар пайдо бўлмаяпти. Ўқиб бўлмайди. Шеъриятнинг кўчасидан ҳам ўтмайдиган шеърлар. Шавкат Ғафур Ғулом нашриëтида ишлаб турган пайтида, худди ана шундай шеърларга қаттиқ тўсиқ қўйган ва ҳаммага ҳам ëқавермаган. Сўзга, шеъриятга бўлган ҳурматни у биринчи навбатда ўзининг шеърларида исботлаб берди. Қайси бир шеърини олманг, Туркийларми ё бошқа, сўзга нисбатан ҳурматни кўрасиз,- дейди Ëқубжон Хўжамбердиев.

Ўзбек шоири Муҳаммад Солиҳ Шавкат Раҳмонни ўтган асрнинг 70 йилларида адабиётга кириб келган авлоднинг энг ёруғ юлдузларидан бири деб билади. Шавкат Раҳмон шеърияти ўзбек адабиётига янги бир руҳ олиб кирди ва ҳозир ҳам шоир шеърлари шеърхонлар томонидан янги бир шеър сифатида ўқиляпти.

-Бу демак, шоир ҳали ҳам маънан ҳаëтда демакдир. Ўлгандан кейин ҳам яшамоқ бу ҳар бир шоирнинг орзуси албатта. Шавкат Раҳмон ҳеч шубҳасиз жисмонан вафот этгандан кейин ҳам яшаëтган нодир шоирлардан биттаси. Ҳаëт бизнинг қўлимизда эмас. Оллоҳнинг амри билан инсон бор бўлади ва Оллоҳнинг амри билан йўқ бўлади. Шунинг учун Шавкат Раҳмонни “эрта вафот этди” ëки “ëш кетди” дейиш диний нуқтаи назардан албатта жоиз эмас. Лекин ҳақиқатан ҳам шу қисқа, нисбатан қисқа ҳаëти давомида Шавкат Раҳмон битта шоир қолдириши мумкин бўлган меросни қолдирди деб ўйлайман ва у ўзбек адабиëтида ўзининг ўрни бор бўлган шоирлардан биридир. Агар бугун тирик бўлса, 60 ëшда бўлар эди. Унга Оллоҳдан мен раҳмат тилайман. Ëтган жойи нурдан бўлсин,- дейди Муҳаммад Солиҳ.

Марҳум шоир Асқар Маҳкам Шавкат Раҳмон хотирасига бағишлаб ёзган “Адабиёт ибодати” китобида шоир ҳақида шундай деб ёзади.

“Шавкат Раҳмон адабиëт учун ҳамма нарсани бўйнига олган шоир эди. Ғаламисларнинг таҳдид ва тазйиқларидан ортга чекинадиган, қўрқиб, талвасага тушадиганлар тоифасидан эмас эди. Ҳақиқий адабиëт қурбонларсиз бўлмаслигини дил-дилдан ҳис қилган шоир ортга қайтишни, муросага боришни истамас эди. Зотан ўртада миллат учун ҳамиша қисмат вазифасини ўтовчи Ватан адабиëти турар эди. Ватанга тўғри, ҳаққоний халқ адабиëти керак эди. Шавкат Раҳмон шеърни қасидабозлик, шармандали хушомадбозлик, таъмагирлик, лаганбардорлик, ўткинчи сиëсий ўйинларга қурбон келтиришдан асраб қолишга ҳаракат қилган ва бу йўлда кўп нарсага эришган бармоқ билан санарли ўзбек шоирларидан эди”.

Ёзувчи Ёқубжон Хўжамбердиев Шавкат Раҳмоннинг публицистикаси ҳақида тўхталади. Унинг айтишича, Шавкат Раҳмон кўп публицистика асарлари ёзган йўқ, лекин унинг 1990 йилдаги “Ўш-Ўзган” воқеалари таҳлилига бағишланган “Махфия” сарлавҳали мақоласи бу фожианинг бутун моҳиятини очиб ташлади:

- Бундан 20 йил олдин бўлиб ўтган Ўш-Ўзган воқеалари Шавкатнинг юрагини тилка пора қилиб ташлади. Бу масалага жуда ҳам юраги қон бўлиб муносабатда бўлди ва “Махфия” деган мақола ëзди. Шу мақоласида ўша қонли фожиаларни ўша пайтдаги КГБ Қирғизистон раҳбарлари қўли билан уюштирганлигини сатрма-сатр исботлаб берди. Афсуски, бундан 20 йил олдинги бўлиб ўтган фожиаларнинг ҳақиқий айбдорлари жазоланмади. Ўша пайтда ҳақиқий айбдорлар жазоланиб, холис баҳо олганда бундан 3 ой олдин бўлиб ўтган воқеалар такрорланмаган бўлармиди.

Шавкат олдиндан яна шундай нарсалар такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмаслигини олдиндан билиб ëзгандай туюлади кишига. Бугун эса ҳақиқий айбдорлар ўтириши керак бўлган курсида яна айбсиз айбдорлар – ўзбеклар ўтирибди. Ўзбекларга айб қўйилаяпти. Шавкатнинг 20 йил олдин ëзган мақоласидаги фикрлар ўз исботини топяпти, -дейди ёзувчи Ёқубжон Хўжамбердиев.

Шоира ҚУТЛИБЕКА ёдномалари

“Қулликда шеър ёзиб бўладими?”

...У пайтлари кузда бизни ойлаб пахтага, сабзавотга ҳашарга юборишарди. Бир куни Халқободга узум узгани борганмиз. Бригадиримиз :
– Ким 40 челак узум йиғиб топширса, озод! – деб эълон килди.
Аввалида “қирқчелакчи” лар кўп эди, аста-секин камайдик. Бора-бора йигитлардан фақат Шавкат акам колди. У киши терлаб-пишиб астойдил ишларди. Бир-икки соатда нормани бажариб, ётоққа келардилар. Китоб ўқир, таржима қилар, ёзарди.
Мен:
–Шавкат ака, биз-ку майли, бештамиз. Сизни анави “Ўқитувчи”нинг болалари “передовой” деб кулишяпти, шу ерда ёзсангиз-чи... – десам:
– Қўяверинг, мен ўзимни ярим кун озод ҳис этаман. Ярим кун ихтиёрим ўзимда, қул эмасман, деб ўзимни ишонтираман. Бўлмаса, қанақа қилиб қулликда шеър ёзиб бўлади? – деди.

“Эгилган вужуддан яхши қўшиқ чикмас...”

Пахтада эдик. Шавкат акам бир гапида : “Пахта териб юриб қўшиқ
айтиб бўларканми, қўшиқни тик туриб айтиш керак”, – дедилар. Шу гапни дарров илдим-да, “Чинор билан сухбатлар” шеъримда ишлатдим. Шеър битгач, ўқиб бердим. Шеър ёқди-ю, ўзининг фикрини олганим ёқмади. Кейинчалик “Ўс, ғўзажон, дарахтдай ўс” деган мазмунда шеър ёзиб, “Қўшиқ чиқмас эгилиб айтсанг” “Шавкат Раҳмон”деб пешсўз кўйиб, матбуотда эълон килдим.
Шеър босилиб чиккан куни менга у-бу демади-ю, газетанинг ўша жойини “тап-тап” уриб: “Мана” деди...
Менга шу етарли сабоў бўлишини билган бўлса керак...
(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 1997 йил 26 декабрь)

Шавкат Раҳмон деган....

Парда ўсайми ё ўсмайми деган
Дарахтдан кўзларим тўсаётгандай,
Кўкдами ё ерда бир буюк дарахт
Чинқириб тинимсиз ўсаётгандай.

Пўлатдай эгилган гиряларини
Кўксимизга қўйиб, ўтларга ёқиб,
Элнинг саёз тортган дарёларини
Жаннатий сувларга тўлдириб, оқиб.

Банди оғочларнинг узиб бандини
Майдонларга чиқиб келаётгандай,
Нишонга олиб ҳар нодон, андини
Кўзин қаттиқ тикиб келаётгандай.

Миллатим деб элга юз бурган чоқлар
Баҳайбат умиди тошдай қотганда,
Халоскор чечаклар, қора чечаклар
Гуркираб осмонга ўрлаётгандай.

"Жувонмарг бўлгурлар, жўмардинг борми?!"
Қиличдай бу садо кўксингни тешса,
Ўз ўрнингда кўрсанг бир буюк сорни,
Сенинг-да қонларинг вулқондай жўшса,-

Демак, шундай дарахт ўсаётибди,
Шавкат Раҳмон деган, суйиб жонларни
Илдизи Туронга илдиз отибди,
Шохлари кўтарар мусулмонларни!
Шавкат Раҳмон деган
Бир буюк дарахт...

Ҳалима Худойбердиева,
4 ноябрь, 2004 йил.

Шавкат Раҳмон 1950 йил 12 сентябрда Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Помир маҳалласида туғилган. 1966 йилда ўрта мактабни тугатгач, курилишларда, вилоят босмахонаси ва газетасида ишлаган. 1973 йилда Москвадаги М.Горький номидаги Адабиёт институтини битирган. Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир ҳамда бўлим бошлиғи (1975-1982; 1985-90), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул ходим (1982-1984) бўлган.

Илк шеърий тўплами – “Рангин лаҳзалар” 1978 йилда чоп этилган. Шундан кейин шоирнинг “Юрак қирралари”(1981), “Очиқ кунлар”(1983), “Гуллаётган тош”(1984), “Уйғоқ тоғлар”(1986), “Хулво”(1988), “Сайланма”(1997) тўпламлари босилиб чикди.

Шавкат Раҳмон машҳур испан шоири Федерико Гарсиа Лорканинг шеърларини дастлаб рус тилидан, “Лорка. Сайланма”(1979), кейинроқ эса испанчадан ўзбекчага таржима қилган. “Лорка. Сайланма”(1989)

Шунингдек, у Хуан Рамон Хименес ва Рафаэл Алберти шеърларини ҳам испанчадан ўзбекчага ўгирган.

Истеъдодли шоир Шавкат Раҳмон 1996 йилнинг 2 октябрида узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG