Линклар

logo-print

Ўш воқеаларида ўғли ёқиб юборилган ота ҳикояси


Ҳотамжон аканинг ўғли Фарҳоджон ҳалок бўлган юзлаб, балки минглаб ўшликлардан биридир.

Ҳотамжон аканинг ўғли Фарҳоджон ҳалок бўлган юзлаб, балки минглаб ўшликлардан биридир.

Июн ойидаги Ўш ва Жалолобод воқеаларида ҳалок бўлганлар сони расмий маълумотларга кўра, 400дан ошиқ одам ҳалок бўлди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва воқеанинг бевосита гувоҳлари икки мингдан ошиқ одам ҳалок бўлганини айтмоқда. Эътиборингизга ҳавола қилаётганимиз мақола қаҳрамонинг ўғли ўша қурбонлардан биридир.


Хотамжон ака Сотволдиев июн воқеаларигача Ўшнинг Ашурв кўчасидаги ҳовлисида яшаб келган. Қонли воқеаларда уйининг кули кўкка совурилган Хотамжон аканинг 29 ёшли ўғли Фарҳоджон ҳам ёқиб юборилди.

Ўғлини йўқотган Хотамжон ака бугун Шарқ маҳалласида ташкил этилган “палатка” маҳалласида яшайди.

11 июн куни Ўш қирғини бошланган пайтда Фарҳоджон Сотволдиев уйланганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган эди.

- Бу биринчи фарзандим, энг каттаси шу эди. Лекин болаларимни ичида энг яхшиси ҳам шу эди аслида. Простой бола эди, новвой эди. Яна битта нарсани сизга айтсам бу бола инвалид эди, дейди Хотамжон ака.

12 июн куни Ўшда ўзбек маҳаллалари, ўзбекларга қарашли ресторанларга ўт қўйилган, аёлу болаларнинг кўпчилиги Ўзбекистон томонга қочаётган пайт эди.

Фарҳоджон бошқа эркаклар қатори ўзининг Шарқ маҳалласидаги уйини қўриқлаш учун қолгади.

29 ёшли Фарҳоджон туғма руҳий касал бўлган. Шунга қарамасдан, у ёшлигидан новвойчиликка шогирд турган.

12 июн куни ота ва ўғил орасидаги йўл тўсиқ бўлган.

- Асфальтни нариги томонида мен бўлганман, булар бу томонида. У томондан бу томонга ўтишни иложи бўлмаган. Ўтганимда бу бола бунақа бўлмас эди. Еталаб олиб кетган бўлар эдимда. Отишма бўлаяпти, куйяпти, ёнаяпти, ўлди-ўлди. Шу учун мен уни қутқариб қола олмадим. Бу ўзи ёлғизлик қилди-да. Ҳар ким ўзи билан ўзи бўлди бу ерда. Отаси боласига, боласи отасига қарайдиган бўлмади, дея ичидаги дардини айтади Хотамжон ака.



Ўғлини чалажон қилиб ёқиб юборишганини у воқеа гувоҳларидан эшитган. Кўрганларнинг айтишича, ўлимидан олдин Фарҳоджон икки қирғиз йигитини ўлимдан сақлаб яшириб олади. Кейин уларни миллатдошлари, яъни қирғизларга топшириш учун чиқади ва қуюшқонидан чиққан оломон қўлида қолиб кетади. Чалажон қилиб тепилган йигитни белидан пастига ўт қўйиб тириклигича ёқишиб юборишди. Ярми ёниб кетган Фарҳоджонни топган маҳалладошлари уни шаҳид кетганлар қаторида ерга қўяди.

Хотамжон ака ўғлини оёғидаги ва қоши устидаги белгисидан таниганлигини айтади. Ўғлини йўқотган ота шу пайтгача Фарҳоджонни ваҳшиёна ўлдирган қотилларни тушуна олмайди.

- Инсон бунчалик хайвонгарчиликка бориши керак эмас. Ўлдирса, майли ўлдирсин, отиб ўлдирсин, чопиб ўлдирсин. Ёқиб ҳам ўлдирадими одамни, а?,- дейди шаҳиб кетган Фарҳоджоннинг дадаси.

Ўш қирғинида ўғли ваҳшийларча ўлдирилган ота холидан маҳаллий хукумат вакиллари хабар олишмаган.

- Энди ҳозир бу ерда қандай бўлаяпти? Кимда власть, ўша хақли бўлаяпти. Менинг гапим икки пул. Мендан биров келиб сўрамайди, боланг қандай ўлди, нима керак сенга ёрдам? Қайси аҳволда яшаяпсизлар? Йўқ ундай гап. Сельсовет берди икки минг сом пул. Шу болани ўлганига икки минг сом пул. 500 сом берганида олмай келдим. Бу қанақа энди? Бизнинг болаларимизнинг ўлиги 500 сом пул турар экан-да,- дейди Хотамжон ака.

Хотамжон ака бугун ўғлининг ўлимидан сўнг касал бўлиб қолган аёли билан Шарқ маҳалласида бошқа маҳалладошлари каби палаткада яшамоқда.

Ўғли Фарҳоджоннинг расми ана шу палатка маҳалласида ўрнатилган тахтга - Ўш воқеаларида қурбон бўлган маҳалладошлари суратлари орасига осиб қўйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG